«Notcoin» учун Ўзбекистон қонунчилиги «бир тийин»ми?

Иллюстратив фото
«Notcoin» ва шунга ўхшаш крипто-активлар мамлакатимиз ҳудудида жуда оммалашиб кетди. Ҳозир бунга алоқаси йўқ одамни камдан кам учратишингиз мумкин. Осон пул топиш, уни савдога чиқариш ва сотиб олиш… Умуман олганда нимаки жамиятда тренд даражага чиқар экан, унга оид жиноятлар ва фирибгарликлар ҳам пайдо бўла бошлайди.
Мақоламиз крипто-активларнинг шаръий фатвоси ёки унинг қиймати, иқтисодий асослари ҳақида эмас, бу мамлакат суверенитети ва қонунларнинг бошқалар томонидан қандай қабул қилаётгани ҳақида. Умуман олганда бу Ўзбекистоннинг унитарлигини тан олиш ҳақида бўлади.
«Х» платформасидаги (собиқ Twitter) «Web3_vibes» аккаунти ўз постида “Ўзбекистонда талаба «Notcoin» сотганлиги учун ҳибсга олинди. Суд, шунингдек, унинг «Galaxy A30» телефони ва банк картасини йўқ қилиш ҳақида қарор чиқарди”, деб ёзди. Бунга эса «Notcoin» аккаунти (унда ташкилотлар учун бериладиган олтин рангли тасдиқлаш белгиси мавжуд) «Уни қандай топсак бўлади? Биз унга янги «Iphone» совға қилишга тайёрмиз», деб изоҳ қолдирди. Бу эса фитнанинг бошланишига сабабдир.
Шу жойда биринчи навбатда ҳибсга олинган талаба ҳақидаги хабарни жойлаган «Web3_vibes» аккаунти қўйган расмнинг сунъий интеллектда ясалганига эътибор беришимиз зарур. Буни эса кўпгина фойдаланувчилар ҳақиқий, деб ҳисоблаб, оддий иш учун қўлларини қайириб олиб кетилаётган талабага ачинишларини билдирган.
Келинг, «Iphone» мавзусига ўтсак. Масала кундай равшан: мазлум шахс ва унга ачинган «саховатпеша». «Notcoin» катта эҳтимол билан ушбу криптонинг расмий саҳифаларидан бири ва у Ўзбекистон қонунчилигини амалда бузган шахсни рағбатлантирмоқчи. Яъни, у қонун бузувчини рағбатлантирмоқда.
Сиз бир талаба йигитга қимматбаҳо смартфон совға қилса, нимаси ёмон, деб ўйлашингиз мумкин. Аммо тушунишингиз керак бўлган нарса бу ҳуқуқсизликнинг тарғиботи бўлиб қолишидир. Яъни бу ердаги асосий масала — ушбу «совға» бошқаларни ҳам илҳомлантириб юборишидир. «Notcoin»нинг «Iphone» совға қилмоқчи эканлиги ҳақидаги пости тармоқда 359 маротаба «Repost», 190 минг кўрилиш, 440 та шарҳ, 4 мингга яқин «Like» йиғди. Бу жуда катта рақам бўлмаса-да, етарли даражада трендга чиқди, дейиш мумкин.
Изоҳларни ўқир экансиз, «Менга ҳам берсанглар, ўтириб чиқардим», «Қандай зўр ечим», «Энг тўғри мотивация», «Бундан яхшиси бўлмайди», «Талаба ўзининг «Samsung»ини алмаштириб оладиган бўлди» каби 400га яқини ўқийсиз.
Қамалган талабанинг манзилини бўлишганлар ҳам бор. Крипто-тангани сотганлик учун бундай жазони «мантиқсиз» деб атаганлар ҳам йўқ эмас. Хўш, қайсидир иш давлат қонунчилигида тақиқланмагани бошқаларда ҳам тақиқланмаслигини англатадими?
Ғалати, лекин бўйсуниш шарт...
Келинг, бир нечта «ғалати» туйиладиган қонунларни кўриб чиқамиз. Масалан, Сингапурда сақичларни мамлакатга олиб кириш ва сотиш ноқонуний ҳисобланади. Давлат сизни оддийгина сақич сотганлигингиз учун ҳам қамаб қўйиши мумкин. Аммо у давлатда крипто сотиш мумкин.
Яна бир мисол: Швейцарияда кўп қаватли уйларда соат 22:00 дан кейин ҳожатхонангизнинг сувини босолмайсиз. Яъни сиз ҳожатдан чиқиб, уни тозалаш учун унитазнинг тугмачасини босишингиз ёзиб қўйилган қоида билан тақиқланган. Ушбу қонун тунги соатларда тинчлик ва осойишталикни таъминлашга қаратилган кенгроқ шовқин назорати қоидаларининг бир қисмидир. Агарда қоидани бузсангиз, огоҳлантириш, жарима ва ҳатто сизни кўчириб юборишгача боришлари мумкин.
Японияда 40 ёшдан 74 ёшгача бўлган одамлар учун белни ўлчашни талаб қиладиган “Метабо қонуни” мавжуд. Тасаввур қилинг, иш берувчи сизни белингизнинг катталиги сабабли сизни ишдан бўшатиб юбориши мумкин ва бу мутлақо қонунга зид ҳисобланмайди.
Виктория (Австралия) шаҳрида фақат лицензияга эга электр усталарига лампочкаларни алмаштиришга қонуний рухсат берилган. Ҳа, сиз ўзингиз уйингизнинг чироқлари куйганда алмаштира олмайсиз. Кулгилими? Бу ҳолатни кимдир кўриб қолса, сизни бемалол судга бериши мумкин. Ва ҳеч қайси ишлаб чиқарувчи ёки тадбиркор келиб, жарима тўлаган ёки жавобгарликка тортилган шахсга янги чироқ совға қилмайди. Қонун борми, бошқа гапга ҳожат йўқ. Агарда алмаштираётганда бирорта бахтсиз ҳодиса бўлса, суд ўзингизни айбдор, деб топади ва каттагина жаримани бўйнингизга илиб қўйиши мумкин.
Қонунга ҳурмат барчага баробар бўлиши керак
«Telegram» асосчиси Павел Дуровнинг шу кунларда Ўзбекистонга сафари кутилмоқда. У ҳам термизлик талабанинг ҳолидан хабар олишни мақсад қилиб қўйгани айтиляпти. Қайсидир бошқа давлат фуқароси (Дуровда Франция, Россия ва яна бир нечта мамлакат фуқаролиги бор – таҳрир) мустақил давлат ҳудудида мамлакатда ўрнатилган тартибларни бузган фуқарони кўриб, унга далда беришни ният қилган.
2023 йилда янги таҳрирдаги Конституциямизни қабул қилдик. Бош қомусимизнинг 15-моддасида «Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади», деб ёзилган. Демакки, республикамиз ҳудудида унда ўрнатилган қонун қоидалар амал қилади. Кимдир бизнинг давлат ҳудудидаги суд томонидан айбдор, деб топилган шахсни қўллаб-қувватлашини эса давлатни менсимасликдан бошқа нарса эмас.
Президент томонидан 2024 йилнинг 19 январь куни имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни билан бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши натижасида крипто-активларни қонунга хилоф равишда олганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланганди.
Унга кўра, крипто-активларни қонунга хилоф равишда олиш, ўтказиш ёки айирбошлаш, лицензия олмасдан крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари фаолиятини амалга ошириш 15 суткагача маъмурий қамоққа олишга ёки маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга БҲМнинг 20 бараваридан 30 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Бунда крипто-активларни ҳамда мазкур ҳуқуқбузарликларни содир этиш қуроллари мусодара қилинади.
Талаб йигит билан бўлган воқеа эса қонун бўйича баҳоланган ва бу мамлакатда тан олинадиган ҳужжат билан кўрсатиб ўтилган. Энди кимдир учинчи томон шунчаки давлат қонунчилигига зид ҳаракатни рағбатлантиришни ўзининг «бурчи» сифатида кўрмоқда.
Бундай баёнотлар ҳуқуқий тизимга ҳурматнинг емирилишига сабаб бўлиши мумкин. Шахслар қонунларга очиқчасига қарши чиқсалар ва бунинг учун рағбатлантирилса, ундан фойда олиш йўлини топса, ҳуқуқий нормаларни эътиборсиз қолдириш мумкин деб, ҳисоблай бошлайдилар. Бу жамият тартибининг бузилишига олиб келиши мумкин, чунки одамлар умумий манфаатни эмас, балки шахсий манфаатлар асосида қайси қонунларга амал қилишни танлашни бошлашлари мумкин.
Қолаверса, давлат қонунларига зид бўлган рағбатлантирувчи хатти-ҳаракатлар инсонлар ва бутун жамият учун жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин. Кўпинча молиявий хатарлар ва потенциал фирибгарлик билан боғлиқ бўлган криптовалюта савдосида бундай фаолиятни илгари суриш шубҳасиз шахслар учун молиявий йўқотишларга олиб келиши мумкин. Бундан ташқари, у пул ювиш ва солиқ тўлашдан бўйин товлаш каби ноқонуний фаолият учун замин яратиши мумкин.
Бундай баёнотларнинг яна бир салбий жиҳати мамлакат обрўси ва иқтисодий барқарорлигига путур етказишидир. Қонунларни очиқдан-очиқ бузиш ва тақиқланган фаолиятни тарғиб қилиш орқали шахслар ва ташкилотлар халқаро ҳамжамият олдида мамлакат обрўсига путур етказиш хавфини туғдиради.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ҳукумат соҳани тартибга солувчи қоидаларни ишлаб чиқмагунча, амалдаги қонун кучда экан, учинчи томоннинг ҳуқуқбузарликларни содир этган шахсларни рағбатлантириши мамлакатда яхши оқибатларга олиб келмайди.
Санжар ШОМУРОДОВ, (“Халқ сўзи”)
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг