Никоҳ шартномаси тузишга ёшларимиз тайёрми?
...Нормурод исмли йигит уйланди. У серфарзанд оиладан эди. Аммо эр-хотин уч йил бирга яшашди ҳамки фарзандли бўлишмади. Охир-оқибат ажралиш тўғрисида ариза беришди.
– Иш тажрибамда қайд этилган никоҳни бекор қилишга оид бу ҳолат сира эсимдан чиқмайди, – дейди узоқ йиллар давомида Бухородаги бир қатор фуқаролик ҳолатлари далолатномалари ёзиш бўлимларида мудиралик қилган, айни пайтда меҳнат фахрийси саналган Дилдор Зиёдуллаева. – Иккаласи билан ҳам суҳбатлашдим, албатта. Қиз турмуш ўртоғини айблади. “Ундан фарзанд бўлмайди”, деди. Тинчлантиришга уриндим. Худо хоҳласа, болали бўласизлар, ўн, ўн беш йилда фарзанд кўрганлар бор, дедим. Йигит эса “Келинингизнинг аммаси бефарзанд, аммо уни айблаётганим йўқ. Ажралишиш хаёлимга ҳам келган эмас. Менга алам қиладигани, у бор нарсани аста-секин яширинча онасининг уйига ташиб кетибди. Ҳаммасини олдиндан режалаштирган”, деган сўзларни айтди.
Хуллас, никоҳ бекор бўлди. Йигит бир оз вақт ўтиб уйланди. Фарзандли бўлди. Собиқ хотини эса бошқага турмушга чиқди. Бироқ ҳаёти ўхшамади. Онасиникига қайтиб келди. Бу воқеани сўзлаб беришимнинг боиси бор. Мабодо, шу икки ёш ўртасида никоҳ шартномаси тузилганида эди гулдек бир оила пароканда бўлиб кетмасмиди, деб ўйланиб қоламан.
Никоҳ шартномасига оилалар пойдеворини мустаҳкамлаб турадиган восита деб қараш ҳам мақсадга мувофиқ. У ажралиш тараддудига тушган иккала томонни етти ўйлаб бир кесишга ундайди. Европада кенг тарқалган бу амалиётнинг яна бир афзал жиҳати шундаки, ажрим пайтида мол-мулк масаласида муаммо бўлмайди. Чунки никоҳ шартномасида ҳаммаси кўрсатилади.
– Давлатимиз раҳбари томонидан яқинда ўтказилган маҳаллалар фаолияти самарадорлигини оширишга бағишланган йиғилишда оилавий ажримлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтилиб, никоҳ шартномаси масаласи алоҳида тилга олинди, – дейди Бухоро шаҳар ФХДЁ бўлими мудираси Гулшан Ражабова. – Шартнома никоҳ даврида ва никоҳгача ҳар иккала томон хоҳишига кўра тузилиши мумкин. Бу борада аҳоли, жумладан ёшлар ўртасида тарғибот ишларини кучайтириш керак. Дунёқарашни ўзгартириш лозим. Негаки, одамларимиз ҳали бунга тайёр эмас. Маҳаллий урф-одат, анъаналар никоҳ шартномаси тузишга йўл қўймайди. Аксарият бўлғуси келин-куёвларнинг хусусий мол-мулки, ўз бизнеси йўқ. Бор орзу-ҳавас уларга ота-она томонидан қилиб берилади. Уни-ку қўя туринг, орамизда никоҳни қайд эттирмай яшаётганлар бор. Мабодо, эртага улар ажрашгудек бўлса бунинг жабрини аввало аёл тортади.
Дилдор Зиёдуллаеванинг фикрича, никоҳ шартномаси тузишга эътиборсизлик бу ҳуқуқий маданиятимиз пастлиги оқибатидир.
– Аҳолига тушунтирсак, ёшларимиз ирим қилишади, – дейди у. – Биз яхши ниятда турмуш қуряпмиз, ажрашамиз деб эмас, дейишади. Ваҳоланки, ҳаётда ҳар хил вазият бўлади. Шуни инобатга олиш кераклигини тушунишмайди. Ажралиш деган ғавғо бошларига тушгачгина ўзларини тўрт томонга уришади.
Гулшан Ражабованинг таъкидлашича, бундан кўп ҳолда қиз жабр кўрмоқда. Чунки ажримдан сўнг у мол-мулксиз, уйсиз қоляпти. Бунинг устига қўлида ҳунари йўқ, муқим иш билан банд бўлмаганлари, ҳаётдан ўз ўрнини топа олмаганлари, руҳий қийинчиликларни бошдан кечираётганлари ҳам оз эмас. Оқибатда улар “юк”и давлат ва жамият елкасига тушяпти. Ахир, ажрашган аёлни касб-ҳунарга ўқитиш, уй-жой, алимент, моддий ва руҳий ёрдам каби масалаларда озмунча маблағ, куч-ғайрат сарфланадими?! Агар ўртада никоҳ шартномаси бўлганида шундай муаммолар юзага қалқиб чиқмасмиди, деган ўйга борасан, киши.
Дарвоқе, жорий йилда Бухоро шаҳридаги собиқ 1- сон ФХДЁ томонидан салкам 200 та оилавий ажрим рўй бергани қайд этилган. Ўз навбатида 902 та никоҳ қайд этилган. Аммо уларнинг бирортасида ҳам никоҳ шартномаси тузилмаган.
– Яқин-яқинга қадар шаҳарда учта ФХДЁ фаолият кўрсатарди, – дея давом этади Г. Ражабова. – Улар бирлаштирилди. Агар қолган иккита фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзиш бўлими орқали қайд этилган ажримлар сони ҳам қўшилса бу кўрсатгич янада йириклашади. Ваҳоланки, биттагина ажрим ортида ҳам қанчадан-қанча оворагарчилик, сарсонгарчилик, моддий ва руҳий қийинчиликлар ётибди. Биз ҳали тирик ётим қолаётган болалар ҳақида сўз очганимизча йўқ.
Бинобарин, никоҳ шартномасини ота-оналар ҳам, келин-куёвлар ҳам мустақил ҳаётга қадам қўйишнинг узвий қисми сифатида қабул қилишса айни муддао бўлади.
Истам ИБРОҲИМОВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Туркий халқларнинг маънавий яловбардори
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Россия Осиё грандни мағлуб этди
- Саида Мирзиёева Брюсселда Европа Иттифоқи комиссари билан учрашди
- Имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи рўйхатни тузиш тартиби белгиланди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг