Навоийлик ёш олимнинг ихтироси дунёвий муаммога ечим бўлиши мумкин

15:20 22 Февраль 2024 Жамият
313 0

Фото: "Халқ сўзи"

Темур Эшбоев/“Халқ сўзи”. Мутахассисларнинг таъкидлашича, кундалик маиший чиқиндиларнинг 25 фоизини органик маҳсулотлар ташкил этиб, уларнинг асоси синтетик ва табиий полимерлардан таркиб топган.

Мазкур бирикмалардан тайёрланган маҳсулотларнинг аксарияти бир мартагина ишлатилиб, маълум қисми қайта ишланса, қолганлари атроф-муҳитга шунчаки кўмиш орқали утилизация этилади.

— Ер юзидаги пластик чиқиндиларнинг катта қисми дунё океанларидан жой олади, — дейди Навоий Давлат кончилик ва технологиялар университети докторанти Ҳаёт Истамов. — Шунингдек кўмилган пластик чиқиндиларнинг ҳам аксарияти минг йилга қадар чиримай атроф-муҳитга зарар етказиш хусусиятини сақлаб қолади.

Ҳаёт Истамов илмий раҳбари, Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети профессори Баҳодир Муҳиддинов билан биргаликда тез парчаланувчи биополимерлар устида иш олиб бормоқда. Ёш олимнинг таъкидлашича, университетнинг “Юқори молекулали бирикмалар кимёвий технологияси” илмий-тадқиқот лабораториясидаги изланишлар натижасида синтетик полимерларга биопарчаловчи моддаларни қўшиш орқали инсониятни ташвишга солаётган ана шу муаммога самарали ечим яратиш мумкин.

— Хусусан, янги тайёрланган маҳсулот бир йил ичида 50 фоизга, 2 йилда эса тўлиқ чиришига эришилади, — дейди Ҳаёт Истамов. — Айни вақтда унинг парчаланиб, чириндининг тупроқ унумдорлигини ошириш жиҳатини ўрганмоқдамиз.

Устоз-шогирд шу билан бирга янги маҳсулотларнинг иқтисодий самарадорлиги, унинг таннархи борасида ҳам тадқиқотлар олиб боришмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?