Навоийда яна бир мураккаб жарроҳлик операцияси ўзлаштирилди

14:17 28 Сентябр 2023 Жамият
355 0

Фото: Халқ сўзи

Сўнгги йилларда мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотлар самарасини бугун минглаб юртдошларимиз ўз ҳаётида ҳис этишмоқда. Бунга биргина Навоий вилояти мисолида далил келтирадиган бўлсак, буйрак трансплантацияси, юракда мураккаб жарроҳлик операциялари, офтальмологиядаги юқори технологияга асосланган амалиётларни эътироф этиш жоиз. Атиги беш-олти йил олдин ушбу соҳаларда саломатлиги оғирлашган беморлар Республика клиникаларида йиллар навбат кутиши, хорижда даволанишга зарур маблағ топиш учун турли идораларнинг эшигида сарғайишарди. Бу каби ташвишли ҳолатларга барҳам берилмоқда.

— Шу ўтган қисқа даврда 85 турдаги мураккаб даво муолажаларининг ўзлаштирилиши натижасида биргина 2022 йилда 1300 нафар бемор вилоят тиббиёт муассасаларида шифо топди, — дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Нурали Сафоев. – Вилоятнинг бир қатор тиббиёт муассасаларида 16 турдаги янги жарроҳлик операцияларининг ўзлаштирилиши натижасида 3000 нафардан ортиқ беморлар туман доирасида саломатлигини тикладилар. Бунда Республикамиз ихтисослашган клиникаларининг 403 нафар, хориж нуфузли тиббиёт муассасаларидан 102 нафар малакали шифокорлар вилоятга жалб этилиши асосий омил ҳисобланади.    

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Навоий вилояти филиалида жарроҳлик столига ётқизилган бемор шулардан бири бўлиб, у ишлаб чиқаришда олган жароҳати натижасида чап қўл елка соҳасининг нотўлиқ ампутацияси, билак, тирсак, елка суякларининг очиқ синиши ва нерв пайларининг бир қатор дефектларидан азият чекарди. Муассасада илк бор мураккаб жарроҳлик операцияси амалга оширилиб, унга Россия Федерациясининг академик Илизаров номидаги травматология ва ортопедия миллий тиббиий тадқиқот маркази профессори Константин Новиков иштирокида КД (компрессионно-дистракционный ) аппарати ўрнатилди.

Ушбу аппарат ёрдамида остеосинтез жараёнлари амалга ошиши, цинган суяклар бирлашиши таъминланади, — дейди профессор. – Бунда суяк синиқлари компрессиясидан ташқари уларнинг тўлиқ ёпиқ ҳолда бир-бирига реопозициялаштириш, яъни тўғри бирлаштириш имконияти мавжуд. Шунингдек, аппарат ёрдамида суяклар дистракцияси, яъни уларни чўзишга ҳам эришиш мумкин.

Кези келганда таъкидлашим жоиз, маҳаллий жарроҳлар беморга биринчи ёрдам кўрсатиб, оғир жароҳатдан қутқариб қолиш билан бирга, унинг ҳаётий қон томирларини тикиш, нерв толаларини улаш орқали тўлиқ ампутациядан сақлаб қолишган. Биз эса операция ёрдамида кўпкомпонентли асоратлар ва муаммоларни бартараф этдик.

Шу тахлит қизилтепалик 32 ёшли Қандиёр Хўжамовнинг азобларига барҳам берилди. Шифокорларнинг таъкидлашича, яна уч ойдан сўнг у тўлиқ дарддан фориғ бўлади.

Операция жараёнлари ZOOM платформаси орқали вилоятнинг барча тиббиёт бирлашмаларига узатиб турилди. Мазкур тиббиёт муассасаларида ҳам келажакда ушбу мураккаб жарроҳлик операциялари йўлга қўйилса, ажаб эмас..

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер