Наманганда маҳаллий ҳокимларнинг 77 та қарори судлар томонидан бекор қилинди

11:28 01 Ноябрь 2021 Жамият
1164 0

Бу ҳақида Наманган вилоят судлари фаолиятининг жорий йил тўққиз ойи якунлари бўйича ташкил этилган матбуот анжуманида алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Чунончи, Наманган вилоят ва туманлараро маъмурий суди томонидан кўриб чиқилган  785 та иш орасида маҳаллий ҳокимликларнинг қарорларини ҳақиқий эмас ва улар мансабдор шахсларининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги)ни қонунга хилоф деб топиш билан боғлиқ оммавий низолар 276 тани ташкил этган. Суд мажлислари жараёнида ҳоким қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ 246 та ишнинг 77 таси қаноатлантирилган. Бекор қилинган қарорларнинг 56 таси Наманган шаҳрига тўғри келади. Поп, Косонсой, Чуст туманларида 7-8 тадан бор. Низоларнинг асосий қисми ер ажратиш, ерларни захирага қайтариб олиш масалалари билан боғлиқ бўлиб, айниқса,  ер ажратиш борасидаги қарорларни тайёрлашда шошма-шошарлик, белгиланган тартибларни четлаб ўтиш ҳолатларига йўл қўйилгани аниқланган. Баъзан эса уларни қабул қилишда манфаатлар тўқнашуви аралашганини ҳам инкор этиб бўлмайди.  Аслида бундай ҳужжатлар лойиҳаси тегишли ҳокимият ҳуқуқшуноси чуқур ўрганиб чиққанидан сўнг ҳоким тасдиғига  киритилади. Амалда эса жойларда уларнинг маълум бир қисми ҳуқуқшунос хулосаси бўлмай туриб имзоланаётгани ҳам кузатилади.

Ҳокимлик мансабдор шахслари ҳаракати (ҳаракатсизлиги)ни қонунга хилоф деб топиш билан боғлиқ  30 та маъмурий ишнинг 11 таси тасдиғини топгани ҳам таассуфлидир. Хусусан, тегишли мутасаддиларнинг масъулиятсизлиги туфайли мурожаатларни пухта ўрганмаслик, баъзида эса ижро муддатлари чўзиб юборилиши натижасида фуқаролар ва юридик шахслар ҳуқуқи бузилишига йўл қўйилган.

Оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқлар вакиллари иштирок этган анжуманда Наманган вилоят суди раиси Абдурасул Эронов сўнгги тўққиз ой мобайнидаги судлар фаолиятини таҳлил қилар экан, кўриб чиқилган ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб икки баравар ошганига урғу берди. Уйчи туманида улар  уч баравардан кўпроқ ортгани ташвишли. Ўғрилик, фирибгарлик, ҳаракат хавфсизлиги, давлат маблағларини ўзлаштириш ҳолатларининг ортиши жойларда ҳуқуқбузарлик профилактикасини кучайтиришни тақозо этади.

Матбуот анжуманида судлар томонидан инсонпарварлик тамойиллари, шунингдек, яраштирув институти имкониятларини қўллаган ҳолда кўплаб шахсларга нисбатан жазони енгиллатиш, муддатини қисқартириш, бутунлай озод этиш билан боғлиқ амалиётлар қўлланилгани ҳақида ҳам батафсил ахборот берилди. 

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?