Мутал Бурҳоновнинг бюсти қачон ўрнатилади?

16:26 21 Май 2024 Жамият
367 0

Фото: "Халқ сўзи"

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Сўзни бундан салкам беш йил аввалги ҳолатдан бошламоқчимиз. Ўшанда Мутал Бурҳонов маҳалла фуқаролар йиғини «Обод маҳалла» дастурига киритилди. Чунончи, Бухоро шаҳар ҳокимининг 2019 йил 20 ва 29 августдаги фармойишларига кўра, Б. Нақшбанд кўчаси 182/1-уйда жойлашган Мутал Бурҳонов уй-музейи таъмирланадиган бўлди. Қурилиш-таъмирлаш ишларига шаҳар ҳокимлиги ободонлаштириш бошқармаси буюртмачи этиб белгиланди. Мазкур бошқарма зиммасига бир қатор вазифалар юкланди.

29 августдаги 201Ф-сонли фармойишда уй олдида дам олиш маскани қуриш, ҳатто уй-музей ёнида М. Бурҳонов ҳайкалини ўрнатиш вазифаси ҳам қўйилди. Кейин эса бу ҳайкал эмас, бюст экани маълум бўлди. Буюртмачи билан пудратчи ташкилот – «Феруз – Фаррух инвест» масъулияти чекланган жамияти ўртасида шартнома тузилди. Ҳар иккала фармойишнинг бажарилишини назорат қилиш эса ўша пайтда шаҳар ҳокимининг ўринбосари вазифасида ишлаётган, кейин эса шаҳар ҳокими ҳам бўлган Ў. Жумаев зиммасига юкланди.

Ўшанда «Феруз – Фаррух инвест» МЧЖ уй-музей ҳовлисида М. Бурҳонов бюстини ўрнатиш учун Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, ҳайкалтарош, якка тартибдаги тадбиркор Бекмурод Ҳакимов билан шартнома тузди.

– Шундан сўнг улуғ бастакор Мутал Бурҳоновнинг ҳаёти ва ижодини чуқур ўргандим, – дейди Бекмурод Ҳакимов. – Бу инсонни яқиндан билган кишилар билан суҳбатлашдим. Икки ойлик ижодий меҳнат натижасида бастакорнинг бюстини яратдим. У республика Бастакорлар уюшмасига, Мутал Бурҳоновнинг яқинларига маъқул тушди.

Аммо бюстни уй-музей олдида ўрнатиш масаласига келганда муаммо юзага қалқиб чиқди. Ҳайкалтарош билан шартнома тузган масъулияти чекланган жамияти ҳисоб рақамига бу юмушлар учун маблағ келиб тушмагани аён бўлди. Биздаги маълумотларга қараганда, ўшанда бюст учун 50 миллион сўм, уй-музей атрофини ободонлаштириш учун эса 600 миллион сўм маблағ ажратилиши керак эди.

Орадан салкам беш йил ўтди. Аммо муз ўрнидан жилмади. Мутал Бурҳоновнинг бюсти ҳали-ҳануз ўрнатилган эмас. Ҳайкалтарош вилоят ва шаҳар ҳокимликларига, турли ташкилотларга мурожаат қила-қила чарчади. Кейин эса ўзининг ибораси билан айтганида, қўлни ювиб қўлтиққа урди.

– Бюстнинг тайёр қолипи турибди, – дейди у. – Маблағ масаласи ҳал бўлса уни икки-уч кун оралиғида 50 йиллик кафолат билан тайёрлаб бераман. Аммо мени бошқа бир нарса ранжитади. Наҳотки, Ўзбекистон халқ артисти, «Буюк хизматлари учун» ордени соҳиби, Давлат Мадҳияси мусиқаси муаллифи Мутал Бурҳонов бюсти учун маблағ топилмаса…

Ижодкорнинг куйинганича бор. Мадҳиямиз мусиқаси муаллифи ҳар қандай эъзозга муносиб. Қолаверса, давлатимиз раҳбарининг 2017 йилдаги тегишли қарорига мувофиқ, ички ва ташқи туризмни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этувчи шаҳарсозлик доирасидаги барча қурилиш объектлари сметасига ҳайкалтарошлик, дастгоҳли рангтасвир, графика каби бадиий ишларни киритиш кўзда тутилган. Мутал Бурҳонов уй-музейи эса ўз-ўзидан аёнки ички ва ташқи туризм объекти саналади.

Дарвоқе, бундан чамаси тўрт йилча муқаддам «Халқ сўзи» газетасида ушбу маҳалла, шунингдек, уй-музейга алоқадор масалалар ечимига оид танқидий-таҳлилий мақола эълон қилинган эди. Ўшанда шаҳар ҳокимлиги расмий сайтида уй-музейда таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани, мазкур ишлар бўйича қўшимча ахборот берилиши маълум қилинганди. Аммо вақт кўрсатдики, бу маълумот бюст билан боғлиқ масалани хаспўшлашдан бошқа нарса эмас экан.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер