Қош қўяман деб кўз чиқариб қўйиш ҳангомаси ёхуд Мутал Бурҳонов уй – музейи нега «Обод маҳалла» дастури доирасида обод бўлмай қолди?

15:12 06 Апрель 2021 Маданият
835 0

Яқинда сайтимизда атоқли бастакор, Ўзбекистон Республикаси Мадҳияси мусиқаси муаллифи Мутал Бурҳонов уй – музейига доир мақола эълон қилинганди. Унда ушбу маскан жойлашган бино олдидаги кўнгилни хира этадиган манзара тўғрисида ҳам қисқача тўхталиб ўтилган эди. Шундан сўнг бизда уй – музей кириш қисмидаги нохуш ҳолат, унинг сабабларини чуқурроқ ўрганиш фикри туғилди.

Аниқланишича, бу маскан 2018 йилда Бухоро давлат музей – қўриқхонаси томонидан жорий таъмирланган ва моддий техника базаси мустаҳкамланган. Жумладан, у замонавий витриналар, компьютер жамланмаси, кондиционер, пульт, видеокузатув мосламалари билан таъминланди. Бино кириш қисмида брусчаткали йўлак, ногиронлар йўлакчаси, металл ушлагич, соябон, светодиотли тарғибот таблоси ўрнатилди.Ҳавоза янгиланди.Бу ишларга 18 миллион сўм миқдорида маблағ сарфланди.

Уй – музейнинг 2018 йилги кўриниши

Дарҳақиқат, бизга уй – музей филиали мудири С. Қобилов тақдим қилган, 2018 йилда олинган суратларга боқиб, чиндан ҳам маскан атрофи ободонлаштирилганини, ён – атроф саранжом – саришта, кўркам қиёфа касб этганини кўриш мумкин.

Уй – музейнинг 2018 йилги кўриниши
Уй – музейнинг 2018 йилги кўриниши

Аммо орадан кўп вақт ўтмай музей олдидаги брусчаткали йўлак, металл ушлагич, навес яъни соябон бузиб ташланди. Ток кесилди. Бу шаҳардаги Ғ.Ғулом, Турки Жанди МФЙлари қаторида М. Бурҳонов маҳалла фуқаролар йиғинининг «Обод маҳалла» дастурига киритилганидан сўнг рўй берди.Чунончи,Бухоро шаҳар ҳокимининг 2019 йил 20 ва 29 августдаги фармойишларига кўра, Б. Нақшбанд кўчаси 182/1-уйда жойлашган Мутал Бурҳонов уй – музейи таъмирланадиган бўлди. Қурилиш- таъмирлаш ишларига шаҳар ҳокимлиги ободонлаштириш бошқармаси буюртмачи этиб белгиланди. Мазкур бошқарма зиммасига бир қатор вазифалар, жумладан, объектда қурилиш – монтаж ишларини сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш масъулияти юкланди. 29 августдаги 201Ф- сонли фармойишда уй олдида дам олиш маскани қуриш, ҳатто уй – музей ёнида М. Бурҳонов ҳайкалини ўрнатиш вазифаси ҳам қўйилди. Буюртмачи билан пудратчи ташкилот –«Феруз – Фаррух инвест» масъулияти чекланган жамияти ўртасида шартнома тузилди.Ҳар иккала фармойишнинг бажарилишини назорат қилиш эса ўша пайтда шаҳар ҳокимининг ўринбосари вазифасида ишлаётган Ў. Жумаев ( айни пайтда эса у шаҳар ҳокими)зиммасига юкланди.

Ниятлар яхши эди, албатта.Негаки, мақсад амалга ошса давлатимиз Мадҳияси мусиқаси муаллифининг уй – музейи янада обод бўлар, сайёҳлик объекти саналган бу гўшанинг файзига файз қўшиларди. Аммо...

Шу икки фармойиш ҳамда вилоят ҳокими томонидан тасдиқланган манзилли рўйхат асосида «Феруз – Фаррух инвест» МЧЖ томонидан уй- музейни жорий таъмирлаш ишларига киришилди. Мазкур ташкилот ишчилари лойиҳада кўзда тутилган юмушларни бажариш мақсадида 2018 йилда уй – музей олдида барпо қилинган йўлак, металл ушлагич, соябонни бузиб ташлашди. Гулзор эса тупроқ билан тўлдирилиб, катта йўлак қуриш учун тайёрлаб қўйилди.Кейин эса...

- 2019 йилнинг сентябрь ойида «Феруз – Фаррух инвест» масъулияти чекланган жамияти ҳокимият ташкилот ҳисоб рақамига пул кўчирмаганини важ қилиб, ишни чала ташлаб кетди,- дейди С. Қобилов.-Бино олд қисми тугул музей ичидаги бир қатор юмушлар ҳам бажарилмай қолди.Ҳозирги кунда катта йўлак бўлиши кўзда тутилган ҳудудда уч туп арча кўчати ўтқазилди.Ер ағдариб қўйилди.Лойиҳага кўра бу жойда брусчаткали йўлак қурилиши лозим.Эски гулзор ўрни қум – шағал билан тўлдирилган.

Уй – музейнинг ҳозирги ҳолати

Маълум бўлишича, нафақат бастакор уй – музейи, балки М. Бурҳонов номи билан аталувчи маҳаллада ҳам «Обод маҳалла» дастурида кўзда тутилган баъзи ишлар чала – чулпа бажарилган.Чунончи, Кўксарой кўчасидаги бир қатор кўпқаватли турар – жойларда бино фасад қисми ва уй том қопламалари таъмирланмаган.

Айтмоқчи, шаҳар ҳокими фармойишида кўзда тутилган М. Бурҳонов ҳайкалини ўрнатиш масаласи ҳам ечимини топганича йўқ. Ажабланарлиси, шаҳар ҳокими фармойишида М. Бурҳонов ҳайкалини ўрнатиш ҳақида сўз боради. Амалда эса «Феруз – Фаррух инвест» МЧЖ уй – музей ҳовлисида М. Бурҳонов бюстини ўрнатиш учун Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, ҳайкалтарош, якка тартибдаги тадбиркор Бекмурод Ҳакимов билан 2019 йилда шартнома тузган.Ваҳоланки, ҳайкал билан бюст ўртасида анча – мунча фарқ бор. Айтмоқчи, ҳайкалтарош ҳам шартнома шартлари бажарилишига ишониб, ижодий ишга киришган. Аммо орадан бир йилдан зиёд вақт ўтса ҳамки молиялаштиришдан дарак йўқ.

Уй – музейнинг ҳозирги ҳолати

Биздаги маълумотларга қараганда, бюст учун 50 миллион сўм, уй – музей атрофини ободонлаштириш учун эса 600 миллион сўм маблағ ажратилиши керак эди. «Наҳотки, Ўзбекистон халқ артисти, «Буюк хизматлари учун ордени соҳиби, Давлат Мадҳияси мусиқаси муаллифи Мутал Бурҳонов бюсти ва уй – музейни ободонлаштириш учун бир йилдан буён шу маблағ топилмаса», дейди ўзининг ёзма мурожаатида ҳайкалтарош.

Юқоридагилардан кўринадики, бу ҳолга уй – музейнинг ҳам, маҳалла фуқаролар йиғинининг ҳам даҳли йўқ. Ҳамма гап «Обод маҳалла» дастури доирасидаги ишларнинг чала бажарилганида.

Уй – музейнинг ҳозирги ҳолати

Шундай экан, ҳақли савол туғилади: «Обод қишлоқ»дастурини амалга оширишни мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссиясининг 2019 йил 15 апрелдаги йиғилиши баёни ижросини таъминлаш мақсадида Бухоро шаҳар ҳокими томонидан қабул қилинган иккита фармойиш ижроси нега таъминланмади? Қош қўяман деб кўз чиқаришни эслатувчи ҳолат юзага келгани учун ким масъулиятни ўз зиммасига олади? Бу саволларга буюртмачи ташкилот- шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси ҳамда Бухоро шаҳар ҳокимлигидан жавоб кутиб қоламиз.

Истам ИБРОҲИМОВ,

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?