Давлат мадҳияси мусиқаси муаллифи уй-музейини гулзорга айлантириш шу қадар қийинми?

22:20 26 Март 2021 Маданият
990 0

Атоқли санъаткор, «Буюк хизматлари учун» ордени соҳиби, мамлакатимиз Мадҳияси бастакори Ўзбекистон халқ артисти Мутал Бурҳоновнинг оғир кечган болалиги, таҳликада ўтган ёшлиги, яратган ўлмас асарлари ҳақида узоқ сўзлаш мумкин. Унинг «Бой ила хизматчи», «Орол балиқчилари», «Абу Али ибн Сино», «Мафтунингман», «Самолётлар қўна олмади», «Сурайё» фильмларига басталаган куйлари, «Алишер Навоий» номли операси ва бошқа асарлари мусиқа санъатимизнинг олтин хазинасидан жой олган. Бастакор «Табассум қилмадинг ҳеч» деб номланган илк романси, «Алишер Навоийга қасида», «Алишер Навоий» операси билан мусиқий навоийномага асос солди, десак хато қилмаймиз.

Оҳанглар оҳанрабоси

Ўн ёшида ота-онасиз қолган Мутал ва унинг икки опасини 1926 йилда амакилари Бухородан Самарқанд шаҳрига кўчириб олиб келишади. Орадан кўп ўтмай у Шердор мадрасасида очилган Ўзбекистон илмий текшириш мусиқа ва хореография институти талабасига айланади. Институт директори Николай Миронов Муталнинг танбур чертишини кўриб, айтган қўшиғини тинглаб, «Бу болада таланти бор, ўқитамиз», дейди.

Мусиқага меҳру муҳаббат Муталга Абдурауф Фитрат хонадонидан юққан. Буни бастакор ўзининг «Кўнгил хазинаси» китобида ҳам алоҳида таъкидлайди. Гап шундаки, унинг опаси Фотима Фитратга турмушга чиққан эди. Шу боисдан Мутал Фитратнинг хонадонига тез-тез бориб турарди. Бу уйда ҳафтада бир бор мусиқашунослар тўпланишар, улар орасида Домла Ҳалим Ибодов, Ота Ғиёс, Ота Жалол сингари машҳур ашулачию чолғучиларни кўриш мумкин эди.

«Шу ерда мен Чўлпон, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Элбек, Усмон Носир каби шоиру адибларни кўрганман, уларнинг қизғин суҳбат ва баҳслари гувоҳи бўлганман», дея ёзади у.

Эндигина 13 ёшга кирган Муталда ана шундай улуғ ижодкорларнинг таъсири катта бўлди, албатта.

Китоб қалбни поклайди

Донишмандлардан бири «Шаҳар учун энг муҳим уч нарса бор. Бири канализациядир. У шаҳардаги ифлосликларни тозалайди. Яна бири ҳаммом. У танани кирлардан фориғ қилади. Учинчиси эса кутубхонадир.У қалбларни поклайди», деган экан. Мутал Бурҳоновнинг Бухоро шаҳридаги уй-музейида ана шундай гўша — мўъжазгина кутубхона ҳам бор.Бу ерда бастакорнинг китоблари сақланмоқда.

Бу ҳақда тўхталишдан аввал Мутал Бурҳоновнинг китобга меҳру муҳаббатини ифодаловчи бир далилни келтирмоқчимиз. Бу воқеа 1934 йилда у Москвада ўқиб юрган кезларида рўй берган.

"Бир куни нота магазинига кирсам "Мусиқа тарихи" деган китобга кўзим тушди, — деб ёзади бастакор. — Қиммат бўлса-да сотиб олдим. Орадан кўп вақт ўтмасдан пулим тугади. Стипендия берилишига ҳали ўн кун бор эди. Икки кун оч юрдим, консерваторияга трамвайда эмас, пиёда келардим... Шу қийинчиликка чидадим, нолиганим йўқ. Фотима опам ва амакиларимга хат ёзганимда "Мен ўқишга кирдим, жуда яхши яшаяпман, менга ёрдам керакмас",  дердим".

Энди эса уй-музейдаги китоблар ҳақида. Бу ерда кўплаб нодир манбалар бор. 1944 йилда нашр этилган «Композиторы Узбекистана в дни отечественний войны» китоби, Ҳамид Олимжоннинг 1940 йилда лотин ёзувида чоп қилинган «Бахт» шеърлар тўплами шулар жумласидан. Мутал Бурхонов Моцарт, С. Рахманинов, П. Чайковский сингари жаҳон мусиқа санъати дарғалари қаторида Ҳофиз Шерозий, Алишер Навоий, Абу Наср ал-Форобий, Бердақ асарларини ҳам севиб ўқиганини кўрамиз. Шахсий кутубхонасида Уйғун, Озод Шарафиддинов дастхати билан туҳфа қилинган китоблар бор. Бастакор айниқса, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири, айни кунларда қутлуғ 80 йиллиги кенг нишонланаётган Абдулла Орипов билан яқин ижодий ҳамкорлик қилган.Ўзбекистон Республикаси Давлат Мадҳияси ана шу ҳамкорликнинг ўлмас маҳсулидир. Абдулла Ориповнинг дастхати туширилган «Ишонч кўприклари» китоби, шубҳасиз, уй-музейнинг табаррук экспонатларидан.

Кўнгил нега хижил бўлди?

Биламизки, улуғ бастакор умрининг сўнгги йилларини она-шаҳри Бухорода ўтказди. У истиқомат қилган гўша таъкидланганидек, уй- музейга айлантирилган. Бироқ уй-музейга кираверишда кўнгилни хижил қиладиган манзарага дуч келасан, киши. Йўлакка ўз вақтида тош ётқизилган. Аммо негадир уй-музейга чиқиладиган зинапоя таъмирланмаган. Бино олдидаги кичик гулзор қаровсиз. Ҳавоза тикланганича шу бўйи турибди. У нимага қурилган? Буниси номаълум. Шу мўъжаз ерни дейлик, гулу гулзорга айлантириш шу қадар қийинми, деган савол туғилади.

Бу ҳақда Бухоро давлат музей-қўриқхонаси, қолаверса, уй-музейдан нари борса 100 қадам нарида жойлашган маҳалла масъуллари ўйлаб кўришса зиён қилмасди. Музейлар миллий қадриятларимиз, бой ўтмишимиз кўзгуси, тарбия маскани экан, масаланинг бу жиҳатини унутишга ҳаққимиз йўқ!

Истам ИБРОҲИМОВ
(«Халқ сўзи»)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?