Мулк дахлсизлигининг янги кафолатлари

18:32 05 Июль 2023 Жамият
587 0

Фото: Архив сурат

Бундан чамаси, етти-саккиз йил муқаддам “снос”, “уй-жойни бузиш”, деган сўзлар тез-тез қулоққа чалиниб турарди. Яширишга ҳожат йўқ, айримлар учун бу “ноинсофлик” сўзи синонимига ҳам айланиб улгурганди. Ўша пайтда кўплар баъзи бир ҳокимларнинг ноқонуний қарорлари оқибатида сарсону саргардон бўлгани ҳам бор гап.

Шу нуқтаи назардан ҳам янги таҳрирдаги Конституциянинг 47-моддасига киритилган янги норма ушбу муаммога нисбатан мулкдорлар манфаатини ҳимоя қилувчи оқилона ечим бўлди. Яъни, ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги, уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши белгиланди. Шунингдек, аҳоли учун уй-жой қурилишини рағбатлантириш, айниқса, эҳтиёжманд тоифаларини уй-жой билан таъминлаш Конституциявий даражада мустаҳкамланди.

Аниқроқ айтганда, ушбу модда билан уй-жой мулкдорларига нисбатан 2 турдаги муҳим конституциявий кафолат белгиланмоқда: суд ва уй-жойдан маҳрум этилганда тенг қийматда компенсация олиш кафолати.

Суд кафолати уй-жойга нисбатан мулк ҳуқуқи суд қарорисиз маҳрум этилишига йўл қўйилмаслигини англатади. Ушбу кафолат уй-жойга нисбатан мулк ҳуқуқи мулкдорнинг эрк-хоҳишидан қатъий назар, мажбурий тарзда бекор бўлаётганда қўлланилиши назарда тутилган. Суд томонидан мулк ҳуқуқини бекор бўлишига сабаб бўлувчи ҳолатлар амалдаги қонун ҳужжатлари асосида объектив тарзда кўриб чиқилади. Албатта, мазкур тартиб мулкдор ҳар қандай ҳолатда асоссиз равишда мулк ҳуқуқидан маҳрум этилмаслигини кафолатлайди.

Тенг қийматда компенсация олиш қандай маънони англатади? Бу мулкдорга олиб қўйилган мол-мулкка тенг қийматли мол-мулк берилади ва унинг кўрган бошқа зарарлари тўланади ёки мулк ҳуқуқи бекор қилиниши билан етказилган зарар тўлиқ ҳажмда қопланади деганидир.

Буларни янада соддароқ тарзда тушунтирадиган бўлсак, энди исталган тадбиркор ёки фуқаронинг мулкини “снос” баҳонасида бузилишига йўл қўйилмайди. Давлат эҳтиёжи учун олиниши кўзда тутилган ҳудудлар эса мулк эгаси рози бўлган ва компенсация тўлиқ қоплаб берилгандан кейингина бузилиши мумкин.

Эътибор қаратадиган бўлсак, 2021-йил давомида Ўзбекистонда давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан 3 мингдан ортиқ мулкдорга жами 1 трлн. 37 млрд. сўмдан ортиқ компенсация маблағи тўланган. 2022 йилда эса, ушбу йўналишдаги компенсациялар учун бюджетдан 500 млрд. сўм ажратилган.

Дарҳақиқат, “уй-жойли бўлиш ҳуқуқи” халқаро умумеътироф этилган ҳужжатларда инсоннинг ажралмас ҳуқуқларининг бири сифатида тан олинган. Бу ҳуқуқ ўз ичига қуйидаги ҳуқуқ ва эркинликларни олади: биринчидан, мажбурий кўчирилиш, уй-жойни бузишдан ҳимоялаш; иккинчидан, уй-жойни бошқа шахснинг тажовузидан, шахсий ҳаёт ва оилавий сирларнинг дахлсизлигини таъминлаш; учинчидан, яшаш жойни эркин танлаш, эркин ҳаракатланиш ва турар жойни эркин танлаш.

Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 47-моддасида,Аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларини уй-жой билан таъминлаш тартиби қонунда белгиланади”, деган янги инсонпарвар норма мустаҳкамланди. Бундай норма Швейцария, Финляндия, Португалия, Полша каби давлатларнинг ҳам конституцияларида ўз ифодасини топган.

Ҳозирги кунда, Ўзбекистонда аҳолини уй-жой билан таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларини “меҳрибонлик” уйларининг битирувчилари, ногиронлиги бўлган шахслар, кам таъминланган оилалар, алоҳида ёрдамга муҳтож хотин-қизлар уй-жой билан таъминлаш давлатнинг муҳим вазифасига айланмоқда. Хусусан, уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлганларга ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ва (ёки) фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети маблағлари ҳисобига субсидиялар тўланиши белгиланди. Янги тартиб доирасида 2020-2022 йилларда жами 27 800 нафар фуқарога бошланғич бадал бир қисмини қоплаш учун 795,6 млрд. сўм ва 38 811 нафар фуқарога 429,4 млрд. сўм фоиз тўловлари бир қисми қоплаш учун субсидия ажратилган. Охирги олти йилда мамлакатимиз бўйича қарийб 300 мингта ёки аввалги йилларга нисбатан 10 баробар кўп уй-жойлар қурилди.

Хулоса қилиб айтганда, Конституциямизда янги қоидаларнинг мустаҳкамланиши орқали, аҳолининг уй-жойлари катта-кичик амалдорларнинг қарорлари билан олиб қўйилмаслигига эришилади. Энди ҳеч ким мулк эгасини рози қилмасдан туриб, уни буза олмайди.

Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети профессори, эксперт гуруҳи аъзоси Шерзод Зулфиқоров.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?