Муаммолар гирдобида қолган «Оқ олтин»

11:37 05 Февраль 2025 Жамият
160 0

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». «Оқ олтин» маҳалласи Нишон тумани марказидан қарийб 30 чақирим узоқликда, Қарши чўлининг қоқ марказида жойлашган. Бундан ярим аср аввал аввал бу ерлар сарҳадсиз чўл, бийдек дала бўлган. Ўтган асрнинг 70 йиллари охири, 80 йиллар бошида эса Қарши чўлининг ўзлаштирилиши муносабати билан ҳудудда 16 та икки қаватли «дом» қурилиб, асосан Деҳқонобод туманининг тоғли ҳудудларида яшовчи аҳоли вакиллари ишчи кучи сифатида кўчириб келтирилган.

Кейинроқ ҳудудда яна янги уй-жойлар, мактаб, боғча, тиббиёт пункти, текис ва равон йўллар қурилган. Ичимлик суви, оқар сув, табиий газ, электр таъминоти, канализация тизимлари барпо этилган. Қарабсизки, «Оқ олтин» яшаш учун барча шарт-шароитларга эга, ўзига хос шаҳарча тусини олган.

Бироқ кейин маҳаллага эътибордан четда қолган. Натижада бу ердаги муаммолар аста-секин кўпайиб, илдиз отиб кетган. Бугун ўта таъмирталаб аҳволга келиб қолган, ўйдим-чуқур йўллар бўйлаб маҳаллани кезар экансиз, одамларнинг турмуш тарзини кўрибоқ бу маскандаги муаммоларни дарҳол ҳис этасиз.

Айниқса, ҳудуддаги кўп қаватли уйларда аҳвол янада оғир. Бу ерда яшовчилар марказлашган иссиқлик тизими, ичимлик суви, табиий газ ҳақида орзу ҳам қилмай қўйишган. Шунчаки оддийгина канализация тармоғи ҳам йўқ. Натижада ҳамма ўз билганича иш кўриб, тўғри келган жойдан ҳожатхона, тандирхона, сув ҳовузлари қуриб олишган. Атроф чиқиндига тўлиб кетган, ҳавода бадбўй ҳид бор.

— Уч хонали уйда икки ўғлим, икки келиним, жами уч оила яшаймиз, — дейди ушбу «дом»ларнинг бирида истиқомат қилаётган Ўрозгул Қиличова. — Ҳақиқатан шароитимиз оғир. Уйимизда таъминот тизимларидан фақат электр токи бор. Овқат пиширишда суюлтирилган газдан фойдаланамиз. «Дом» учун бу хавфли, лекин бошқа чорамиз йўқ. Ҳозир суюлтирилган газни ҳам икки ойда бир марта беришяпти, аслида бир ойга ҳам етмайди. Шу боис асосан ўчоқ ва ўтиндан фойдаланамиз.

Ариқдан сув ичаётган одамлар

Маҳалла аҳлининг асосий қисми ариқ сувини ичади. Лекин у ҳам текин эмас.

— 5-6 чақирим наридан Қарши магистраль канали оқиб ўтади, — дейди аҳоли вакиллари. — Шу каналдан махсус машинада сув олиб келиб, сотишади. Бир машинасини 60-70 минг сўмдан сотиб олиб, ҳовузга сақлаб ичамиз. Бу каналга «Талимаржон ИЭС»нинг чиқинди сувлари, шунингдек, қишлоқ хўжалиги экинларидан чиққан сувлар ҳам ташланади. Тоза эмас. Кўпчилик ички касалликлардан азият чекишади. Тўғри, Қарши шаҳридан тоза сув келтириб сотадиганлар ҳам бор, лекин унинг нархи анча қиммат. Буни ҳамманинг ҳам чўнтаги кўтаравермайди.

Бандлик энг асосий муаммо

Маҳалла аҳлининг маълум қисми ҳудуддаги ижтимоий соҳа ташкилотлари – мактаб, боғча, тиббиёт пунктида ишлашади. Шунингдек, кичик дўкон очиб савдо қилаётган, устачилик, киракашлик билан шуғулланаётганлар бор. Аммо қарийб 8 мингга яқин аҳоли истиқомат қиладиган маҳаллада одамларни иш билан таъминлаши, уларга иш таклиф этиши мумкин бўлган бирорта ҳам ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш субъекти мавжуд эмас экан.

Натижада аҳолининг асосий қисми юртимизнинг турли ҳудудлари ва хорижга бориб ишламоқда. Масалан, маҳалла масъуллари берган маълумотга кўра, айни пайтда маҳалладан 56 киши иш излаб чет элга кетган. Лекин бу «расмий» рақам экани, ҳақиқий рақам бундан анча юқорилигини маҳалла фаолларининг ўзи ҳам инкор этишмади.

Муаммо кўп жойда ишлаш оғир

Биз ҳудуддаги муаммолар юзасидан «Оқ олтин» МФЙ масъуллари билан ҳам учрашиб, фикрлашдик. Аммо саволларимизга жавоб олиш анча мураккаб кечди.

Маҳалла раиси Жаҳонгир Тангриевнинг айтишича, у иш бошлаганига энди бир ой тўлмоқда, шу боис ўзи ҳам кўп маълумотга эга эмас. Аввалги МФЙ раиси эса 6 ой ишлаб, ишни ташлаб кетган. Орада бир муддат бу лавозим вакант турган. Айни пайтда ҳам маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси лавозими вакант. Ижтимоий хизмат кўрсатувчи ходим эса лавозимига биз борган куни тайинлангани, маҳалла раиси ҳали у билан кўришмаганини билдирди.

МФЙ раисининг сўзларидан шуни англадикки, бу ердаги коммунал, бандлик соҳаси билан боғлиқ муаммоларни маҳалланинг кучи билан ҳал этиб бўлмайди. Бунга вилоят, республика даражасида эътибор зарур. Аслида ҳам шундай.

Аҳолининг бу йилдан умидлари катта, лекин...

Президентимизнинг 2024 йил 23 сентябрдаги «Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқиш тўғрисида»ги фармони ҳамда шу санадаги тегишли қарори билан жорий йилда ҳудудларда аҳоли турмуш шарт-шароитини яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилиши белгилаб олинган.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур фармон ва қарорида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 30 ноябрдаги Мажлис баёни билан мамлакатимиздаги 1024 та энг оғир аҳволдаги маҳаллага республика даражасидаги раҳбарлар ва уларнинг ўринбосарлари бириктирилган. Ушбу масъулларга ҳар ойда камида бир маротаба ўзига бириктирилган маҳаллага шахсан бориб, ўрганишлар ўтказиш ҳамда ишларни белгиланган тартибда ташкил этиш вазифаси юклатилган.

Хусусан, энг оғир аҳволдаги маҳаллалар рўйхатидан жой олган «Оқ олтин» маҳалласига Бош вазир ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров бириктирилган.

Бу эса маҳалла аҳлида ҳудуддаги муаммоларнинг ҳаққоний ўрганилиб, ҳал этилиши, маҳаллада ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва сервиснинг ривожланиши, бир сўз билан айтганда, аҳолининг фаровон турмуш тарзи учун шарт-шароитлар яратилишига умид уйғотгани бор гап.

Бироқ айни вақтга қадар маҳаллага «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича республика доирасидаги бирор-бир масъул келгани йўқ. Маҳалла фаоллари эса Дастурда белгиланган вазифалар нималардан иборатлиги ҳақида ҳам маълумотга эга эмас.

Мана шу жиҳатни кўриб, маҳалла аҳлининг Дастурдан кутган умидлари бу сафар ҳам саробга айланмаса бўлди эди, деган фикр келади хаёлга. Ўйлаймизки, бундай бўлмайди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?