Миллий кадрлар захираси: стратегик ёндашув, натижа ва устувор вазифалар
Иллюстратив фото
Кадрлар захирасини шакллантириш ҳар бир давлатнинг стратегик ривожланиш жараёнида муҳим аҳамиятга эга. Шу боис юртимизда ҳам сўнгги йилларда инсон капиталига эътиборни ошириш ҳамда миллий кадрлар салоҳиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.
Мазкур ҳужжат асосида мамлакатимизда ягона кадрлар сиёсатини юритиш мақсадида давлат фуқаролик хизмати масалалари бўйича ваколатли давлат органи — Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди.
Юқори салоҳият, билим ва кўникмаларга эга кадрларни юзага чиқариш, уларни тенглик, рақобатлилик, ихтиёрийлик, шаффофлик, холислик ва очиқлик тамойиллари асосида Миллий кадрлар захирасига киритиш масаласи Агентликнинг асосий вазифаси сифатида белгиланди. “Миллий кадрлар захираси” деганда давлат фуқаролик хизматида раҳбарлик лавозимларини муносиб кадрлар билан тўлдириш учун шакллантириладиган малакали мутахассисларга оид маълумотлар базасини тушуниш лозим. Бугунги кунда ушбу йўналишда Агентлик томонидан илғор хорижий тажриба ва миллий амалиёт уйғунлиги асосида қатор ишлар бошлаб юборилди.
Кадрлар захирасини шакллантириш нафақат давлат идоралари ва компаниялар учун муваффақиятли бошқарувнинг асосий омилларидан бири, балки жамиятни барқарор ривожлантириш, инновацион ва рақобатбардош иқтисодиёт яратишнинг заминидир. Халқаро тажриба шуни кўрсатадики, кадрлар салоҳиятини самарали шакллантирган давлатлар ижтимоий-иқтисодий ривожланишда етакчи ўринларни эгаллайди.
Миллий кадрлар захираси давлат секторида раҳбар кадрлар таркибини барқарор таъминлаш ва унинг сифатини яхшилаш, давлат хизматчисининг касбий билимини ошириш ҳамда хизматда лавозими бўйича кўтариш мақсадида шакллантирилади. Миллий кадрлар захираси тенглик, рақобатлилик, ихтиёрийлик, шаффофлик, холислик ва очиқлик тамойиллари асосида шакллантирилади ва юритилади.
Миллий кадрлар захирасини шакллантириш ва юритиш Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан давлат бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий ижроия ҳокимияти билан биргаликда амалга оширилади.
Бугунги кунда ушбу йўналишда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан илғор хорижий тажриба ва миллий амалиёт уйғунлиги асосида қатор ишлар амалга оширилди.
Хусусан, Буюк Британия, Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия, Жанубий Корея, Япония каби давлатларнинг тажрибасидан келиб чиқиб, “Давлат фуқаролик хизмати ягона электрон ахборот-таҳлил тизими” дастурий-аппарат комплекси ишлаб чиқилиб, кадрларни саралаб олишнинг замонавий усуллари амалиётга татбиқ этилмоқда.
Юқорида қайд қилинган электрон тизим орқали Миллий кадрлар захираси юритилади ва бошқарилади. Захирага олинган шахс ҳақида тўлиқ маълумотлар, унинг досьесидан тортиб баҳолаш натижаларигача ушбу электрон тизимдан ўрин олган.
Номзодларнинг билими, психологик хусусияти ва раҳбарлик кўникмасини аниқлаш мақсадида уларнинг салоҳияти ўрганилади. Номзоднинг салоҳиятини баҳолаш тест синовлари, психометрик тестлар, “360 даража” ўрганиш ва ассессмент усулларини ўз ичига олади.
Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан Давлат бошқаруви академияси ва юртимизнинг етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда захирага олинган шахслар учун махсус ўқувлар ташкил этилади. Ўқишлар вебинар (маъруза), амалий машғулот ва семинар-тренинг шаклида ташкил этилади. Иштирокчилар ҳудуддаги раҳбарларга бириктирилади ва дублёрлик асосида стажировка ўтайди. Ҳозирда Агентлик томонидан ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда, инсон ресурсларини ўрганиш асосида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари учун кадрлар захираси шакллантирилмоқда.
Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг 206 та туман ва шаҳарлар ҳокимлари лавозимларига жами 2 мингдан зиёд номзодлар ўрганилди ҳамда 1 167 нафар номзод Миллий кадрлар захираси учун сараланиб олинди.
Саралаб олинган номзодларнинг сифат таркибида 109 нафар туман (шаҳар) ҳокимлари ва вилоят ҳокими ўринбосарлари, 251 нафар туман (шаҳар) ҳокимлари ўринбосарлари, 134 нафар маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари, 297 нафар иқтисодий, 88 нафар қурилиш ва энергетика, 81 нафар қишлоқ ва сув хўжалиги, 92 нафар ижтимоий ва 115 нафар бошқа соҳа вакилларини кўриш мумкин. Мобил захирага киритилган номзодларнинг барчаси биринчи галда Давлат бошқаруви академиясида ўқитилди.
Жорий йилнинг ўтган даврида Миллий кадрлар захирасидан вилоят ҳокими ўринбосари ва туман(шаҳар) ҳокими лавозимига 50 дан зиёд нафар номзод тайинланди. Шунингдек, маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ва хотин-қизлар фаоллари орасида натижа кўрсатган минг нафар номзод Салоҳиятли кадрлар захирасига саралаб олинди. Ҳозиргача уларнинг 197 нафари Давлат бошқаруви академиясида малака ошириш курсида иштирок этди.
Вазирликлар ва идораларнинг 149 та раҳбарлик лавозимларига 606 нафар кадрлар захираси шакллантирилди. Шу билан бирга, давлат органи ва ташкилотларида гендер тенглигини таъминлаш мақсадида жами 622 нафар аёл номзод кадрлар захирасига саралаб олинган бўлиб, шундан 42 нафари вазирлик ва идоралар, 73 нафари маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлик лавозимларига, 240 нафари Истиқболли кадрлар захирасига, 108 нафари Салоҳиятли кадрлар захирасига, 144 нафари “Раҳбар аёллар мактаби” битирувчиларини ташкил этади. “Раҳбар аёллар мактаби” дастурининг 1 ва 2-мавсумларида иштирок этган хотин-қизлардан 24 нафари юқори лавозимларга тайинланган.
Агентлик томонидан янгича лойиҳалар йўлга қуйилган бўлиб улардан бири сифатида Ханнс Зайдель жамғармаси ва Бавария Давлат бошқаруви мактаби билан ҳамкорликда туман (шаҳар)лар раҳбарлик лавозимларига захира яратиш мақсадида “Ҳокимликка тайёрлаш мактаби” концепцияси асосида Давлат бошқарув академияси билан қўшма таълим дастури ишлаб чиқилди ва дастур иштирокчилари сифатида бугунги кунда туман (шаҳар) ҳокимлари лавозимга захирага олинган кадрлар орасидан уларнинг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларига (KPI) мувофиқ 56 нафар номзод танлаб олинди.
Номзодлар таркибига вазирлик ва идораларда, вилоят, туман, шаҳар ҳокимликлари ҳамда хусусий секторда самарали фаолият юритаётган шахслар, ҳудуддаги ташкилот ва корхоналар раҳбарлари, ушбу ҳудудда туғилган ҳамда вазирлик ва идораларнинг марказий аппаратида ишлаётган ходимлар, хорижий давлатларда фаолият кўрсатаётган иқтидорли шахслар киритилмоқда. Номзодлар орасидан энг муносибларини танлаб олиш раҳбарлик кўникмаси, соҳага оид билими, маънавияти ҳамда психологик ҳолатини аниқлайдиган махсус имтиҳон ва баҳолаш натижаларига кўра захирага киритилади.
Давлат фуқаролик хизматчиларининг билимларини аниқлайдиган ҳамда уларнинг психологик портретини яратиш учун хизмат қиладиган “Давлат хизматчиларини синовдан ўтказиш модули” (test.argos.uz) электрон ахборот тизими жорий қилинди. Давлат хизматчиси тести орқали 100 баллик тизим асосида номзодларнинг сиёсий ва ҳуқуқий, иқтисодий, маънавият, ахборот-коммуникация технологияларига оид билимлари баҳоланади. Таъкидлаш жоизки, бугунги кунга қадар ушбу тизим орқали 14 та вазирлик ва идораларнинг 30 минг нафардан зиёд ҳамда ҳокимликларнинг 5,5 минг нафарга яқин ходимлари тест топширди.
Бундан ташқари номзодларнинг касбий билими, бошқарув кўникмалари (лидерлик, тизимли фикрлаш, натижага йўналганлик, мослашувчанлик, коммуникативлик)ни баҳолаш мақсадида у билан суҳбат ўтказилади (ассессмент). Суҳбат махсус тайёргарликдан ўтган Агентлик ходимлари ва малакали ташқи экспертлар (ассессорлар) иштирокида ташкил этилади. Суҳбат уч босқичда амалга оширилади: кейслар ечиш, ақлий ҳужум ва интервью.
Юқорида қайд қилинган баҳолаш тизими адолат, шаффофлик ва холислик тамойилларини таъминлашга хизмат қилиб, маълум бир раҳбарлик лавозимига энг муносиб ва қобилиятлиларни излаб топиш имконини яратади.
Ўйлаймизки, юқорида қайд этилган чоралар давлат фуқаролик хизматида инсон ресурсларини том маънода ўз касбининг ҳақиқий иқтидорлари билан бойитишга хизмат қилади ва яқин келажакда ўзининг самарасини бера бошлайди.
Камол ТАГАЕВ,
Музаффар ЛАТИБОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги бош инспекторлари.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг