Меъёрни унутганни ноннинг уволи тутади
Фото: "Халқ сўзи"
Юртимиз бозорларининг қай бирига тушманг нон расталаридаги тўкинчиликни кўриб кўнгилда шукроналик ҳиссини туясиз. Обинон, амири, ширмой, патир, лочира, жиззали, пиёзли, седанали нон... Санаб адоғига етолмайсиз. Ота-боболаримиз бундай фаровон кунларни орзу қилиб, армон билан ўтиб кетишгани ҳам бор гап.
“Халқ сўзи” газетасининг расмий сайти ҳамда 19 апрель сонида эълон қилинган “Бир бурда нон қадри” сарлавҳали мақолани ўқиб, беихтиёр шу фикр хаёлимдан кечди. Афсуски, нонни ҳуда-беҳуда исроф этиш, бу бебаҳо неъматга беписанд муносабатда бўлиш ҳоллари пойтахтдан олис ҳудудларда ҳам учраб турибди.
Яқинда икки ёшнинг никоҳ тўйида иштирок этдим. Дастурхон жуда тўкин. Мева-чева дейсизми, сомса, патиру пишириқлар дейсизми, ҳамма-ҳаммаси муҳайё этилган. Қази-қарталар, қайнатилган, қовурилган гўштлар, хилма-хил салатларни-ку айтмай қўя қолай. Тўй соҳиби мулозаматни канда қилмайди. Ҳар қанча ҳожати йўқ, десак ҳам, нонни ушатиб кетади. Азбаройи егулик кўплигидан нон бўлакларига қўл ҳам тегмади. Қўшни столларга разм солсам уларда ҳам худди шу аҳвол. “Эссиз, қанчадан-қанча ноз-неъмат қолиб кетди-я”, деб қолди ҳамроҳларимдан бири. У “Бу нонларни нима қилишади энди?” деганди иккинчи бир шеригимиздан “Нима қилишарди, бутунларини дўконга топширишади, бўлаклари молга ем бўлади-да” деган жавобни эшитди.
Бу ҳолатни кўриб, йил бўйи машаққат чеккан ғаллакорнинг, тунни тонгга улаб нон ёпган новвой меҳнатига ачиниб кетасан киши.
— Қимматли вақтни беҳуда кетказиш ҳам исрофгарчиликдир, — дейди Бухоро шаҳридаги маҳаллалардан бири отинойиси Шоира Жўраева. — Айримлар жўмракни керак-нокерак очиб, сувни исроф этади. Куппа-кундузи чироқ ёниқ турса парвосига келмайди. Тириклик манбаи нонни исроф қилиш, унинг қадрига етмаслик эса ўта аянчли ҳолатдир. Тўй тараддудини кўрган одам нонни расамади билан ишлатиш, унинг ушоғини ҳам нобуд қилмаслик ҳақида ўйлаши керак, ахир.
Динимизда ҳам ҳар ишда меъёрни унутиб, ҳаддан ошиш, исрофгарчилик каби иллатлар қаттиқ қораланган.Чунки меъёрни унутган уволга қолади. Жумладан, Аъроф сураси 31-оятида шундай дейилган: “...шунингдек, еб-ичингиз, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмагай”.
Аллоҳнинг суюкли бандаси бўлишни истасак исрофгарчиликдан тийилайлик. Мақолада таъкидлангани каби қадриятларимизга амал қилиб, ёшларга ибрат кўрсатайлик. Шундагина фарзандларимиз не-не машаққат билан етиштириладиган ноз-неъматларнинг, бир бурда ноннинг қадрини чуқур англаб етадилар.
Зуҳра ҚУРБОНОВА, журналист.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг