Бир бурда нон қадри
Фото: "Халқ сўзи"
Истам ИБРОҲИМОВ/“Халқ сўзи”. Пешку туманидаги Талисобун қишлоғида яшаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Назар Шеров яқинда юракни зир титратадиган воқеалардан бирини айтиб берди.
— Шаҳар, қишлоқларни душмандан озод қилаётганимизда ертўлаларда жон сақлаган, кўзлари ич-ичига ботиб кетган, чўпдай озғин болажонларга дуч келар эдик, — дейди 98 ёшда бўлишига қарамай хотираси ҳали-ҳануз тиниқ отахон. — Улар бизни кўра солиб олдимизга югуришар, бир бурда нон илинжида “Дядя, дай хлеб” дея жажжи қўлларини чўзишарди.
Тошкент шаҳридаги кўп қаватли уйлар яқинидаги чиқинди йиғиш майдончаларидан бирининг олдидан ўтаётиб беихтиёр Назар отанинг шу сўзлари ёдимизга тушди. Гап шундаки, майдонча четида чамаси бир қоп нон уюлиб ётар, улар орасида бус-бутун қолипли нон (буханка)ларни ҳам кўриш мумкин эди.
— Афсуски, айрим одамлар ноннинг қадру қимматини унутиб қўйишмоқда, — дейди чиқинди йиғиш майдончасида ишлаётган аёл. — Моғорлаган, ушатилгану шу кўйи ейилмаган нонларни ташлаб кетишади. Кўриб турганингиздек, уларни офтобда қуритамиз. Кейин қопга соламиз. Қорамол ёки қўй боқадиганларга берамиз. Бир ҳафтада олти қоп нон бўлади. Нариги чиқиндихонада бундан ҳам кўп тўпланади.
Нариги чиқинди йиғиш майдончасида меҳнат қилаётган ишчи ҳам бу фикрни тасдиқлади.
— Айтгани ҳам истиҳола қиласан, киши, айримлар нон бўлакларини чангютгичдан чиққан чиқиндига ва яна алланимабалоларга аралаштириб ташлаб кетишади, — дейди у. — Уларни тозалаб, бирма-бир саралаймиз. Эссиз, шу нонлар қанчадан қанча камбағал оилаларнинг рўзғор ташвишини енгиллаштириши мумкин эди. Уй бекалари, айниқса, ёшларимиз ноннинг қадрига етишлари керак.
Маълумотларга қараганда, Тошкент шаҳрида биргина “Яшнобод махсустранс” корхонасига қарашли 93 та чиқинди йиғиш майдончаси бор. Уларнинг ҳар бирида ҳафтасига ўртача уч-тўрт қопдан нон бўлаклари тўпланганида ҳам бу азиз неъматнинг қанчадан-қанчаси исроф бўлаётганини тасаввур этиш қийин эмас.
— Яқинда Тошкент шаҳрида қолипли ноннинг нархи хийла қимматлади, — дейди пиру бадавлат отахонлардан бири Шодиқул Тўхтаев. — Табиийки, буни турлича талқин қилиш ҳоллари кузатилди. Буғдой етиштиришдан тортиб, уни нон ҳолига келтиришгача бўлган жараён жуда катта меҳнат, куч-ғайрат, маблағни талаб қилади. Шундай экан, ноннинг қадрига етайлик.
Қайси бир таомни олиб кўрманг, дастурхонда нон бўлмаса у кишига татимайди. Дунёда нон ўрнини боса оладиган неъматнинг ўзи йўқ. Жаҳоннинг қай бир гўшасида одамларнинг тўйиб овқатланмаётгани, гўдакларнинг оч-наҳор, бир бурда нонга зор юрганини-ку айтмай қўя қолайлик.
Мақоламиз бошида тилга олганимиз Назар отага келсак, у салкам 79 йил ўтибди ҳамки, номинг ўчгур уруш йилларида бегуноҳ гўдакларнинг нон сўраб қилган илтижоларини унутолмайди. Мабодо, нон увоғи ерда ётганига кўзи тушса, невара-эвараларига дакки беради. Келинларига нонни увол қилмаслик кераклигини уқтиради. Шундай фаровон кунларга етказганига шукрона айтади. Кошкийди, отахон бераётган бу ҳаётий сабоқ нуронийлару мураббийлар томонидан ҳар бир оила даврасида, боғча-ю мактабларда йўлга қўйилса, шунда ёшларимиз нон, тинч ва фаровон ҳаёт қадрини янада чуқурроқ англаб етишармиди...
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг