Мен бошқа тоққа чиқмайман, токи...

10:21 06 Январь 2020 Жамият
1460 0

“Тесла“ компанияси асосчиларидан бири Илон Маск ёнидан миллион миллион долларларни ишлатиб, дарахт экишга сарфласа, бизда бунинг акси бўляпти. Биз дарахт экиш у ёқда турсин борини асрашдан йироқдамиз. Ҳамда табиатни ифлослантириш билан оворамиз: чанқоғимизни қондирамиз ва баклажкани хоҳлаган жойга ташлаймиз, еганимизни еймиз ва қоғоз, целофанни ерга отамиз, камига автомобилимиздан бошимизни чўзиб, ерга нос тупурамиз, чаласига баклажкада оғзимизни чайиб, чорраҳада ҳаммага томоша бўламиз. Хуллас, биз учун дунё чархпалаги тескари айланаётганга ўхшайди.

Шу кунларда дўстларим билан тоққа сайрга чиқдик. Бу сафардан бир хулосам, у ерга борганимдан бормаганим афзал эди. Афсус...

Азбаройи одам кўплигидан Амирсойга кира олмадик. Чимёндан ўтдик, Бурчмуллани кўрдик. Одамлар чумолилардек гўё. Ёнингиздан катта тезликда лой аралаш қор отиб бензин тутунига сизни қоплаб квадрацикллар ўтиб кетади, чаласига отларнинг тақалари остида қолиб кетаётгандек ҳис қиласиз ўзингизни.

Ҳар ким ўз оиласи, дўстлари, яқинлари билан дам олишга ҳақли. Аммо тоғнинг энг чўққисида, канат кутиш жойида ҳам одамлар қаҳва ичиб, ёнида ахлат қутиси бўлишига қарамасдан қоғоз идишни пастга қараб улоқтиряпти, сотилаётган пистадан олиб, чақиб, пўчоғини ерга ташлаяпти. Ҳамма навбатда турган жойда икки ёки учта одам тамаки чекиб бурнингизнинг тагида тутатади. Тоғ оппоқ қорга буркангани учун ахлат йиғиндиси ҳозир сезилмаётгандир. Аммо эртага баҳор келганда табиат қай аҳволда бўлишини бир ўйлаб кўринг-а?! Қайси давлат фуқаролари ўз Ватанига шундай ёмон нарсаларни раво кўради, қайси миллат вакиллари ўзи яшаётган ҳудудга шундан ҳолатни раво кўрар экан?! Борганимга афсусландим...

Япон халқида Ватанни севиш табиатни севишдан бошланади дейилади. Ҳаттоки японлар дарсларда ярим соат вақтини табиатни асрашга сарфлайди. Тоққа чиққанимдан кейин мен ҳам бир нарсани ўйладим: биз ўсиб келаётган авлодга мактаб давридан бошлаб дарсларда экологик маданиятни, сўзлашиш маданиятини ўргатишимиз керакмикан?! Нафақат, мактабда балки ота-оналар ҳам бу жараёнда фаол бўлиши керак, менимча. Сўзлашиш маданияти деганимга сабаб, канатнинг қайтишини кутаётганимизда одамлар бир-бири билан сўкишиб, бир-бирини ҳақорат қилиб, иззат нафсига тегиб гапираётганининг гувоҳи бўлдик. Тушунаман, одамлар адреналин, ошна-оғайнилари даврасида яхши кайфиятда дам олишга тоққа чиққан. Лекин бу бошқаларнинг кайфиятига салбий таъсир қилиш, спиртли ичимликлар ичиб оғзига келганини гапириш мумкин дегани эмас. Тоққа чиқиш дегани, одам ўз қолипларидан ечилди дегани ҳам эмас. Эшитган эдим, табиат бағрида, ҳожатхонада одам асл ўз башарасини кўрсатар экан. Бундан ташқари, спиртли ичимлик ичди дегани, сўкиш мумкин дегани ҳам эмас. Аёлларнинг, ёш болаларнинг ва бегоналарнинг олдида бу ҳолатни қандай аташга ҳайронсан киши.

Тоғли жойларда аҳолига хизмат кўрсатиш сифати нолга тенг. Кабоб, балиқ, фаст-фуд ва бошқа турли таомларни пишириб одамларга ўзи билганича, тозалик ва санитария қоидаларига зид ҳолатда хизмат кўрсатяпти. Тирикчилик деб оқлашга ҳаракат қилишимиз мумкин. Аммо, хизмат сифатичи?

Кўмирдан чиқаётган тутун, машиналардан тарқалаётган газ исидан ҳаво ифлосланиб кетган. Шаҳардан келган одамлар тоғли ҳудудларга келишидан мақсад, шаҳардан дам олишдир, ёғиб турган қорни томоша қилиб, тоғнинг тоза ҳавосидан баҳраманд бўлишдир. Бундан ташқари бундай ҳавода бир финжон қаҳва ичишни, ўтириб чой ичишни орзу қилади ёки чиройли ва тоза ликопчадан овқат тановул қилгиси келади... Лекин у жойларда бунга имкон борми?! Йўқ! Чунки шароит яратилмаган.

Миттигина Грузия, ёки Арманистон халқи туризм орқали бойиб турган бир пайтда бизнинг тадбиркорлар шундай чиройли манзарали жойларни ривожлантиришга, шароит яратишга ҳаракат қилиб ўз бизнесини синаб кўрса бўлмайдими, ёки бунга қандайдир тўсиқлар борми?! Тошкентдан чиқиб боргунга қадар бирорта сифатли қаҳвахонага кўзингиз тушмайди, қаҳва ихлосмандлари учун кофейнялар мавжуд эмас.

Хўп, майли биз ўз юртимизда ўз нонимизни топиб ермиз, тушунамиз. Аммо Бурчмулла, Чимёнга келаётган туристларчи?! Улар билганича ишлаётган овқатланиш масканига кирганида ёки ҳожатхоналарни кўрганида, ўзини маданиятсизларча тутган одамларга қараганда Ўзбекистон ҳақида қандай тасаввурга эга бўлиши мумкин?

Хуллас, қаерда тўғри келса кабоб қилиш, атроф муҳитни ивирситишни тўхтатишимиз, тоза, кўнгилни яйратадиган, хушҳаво жойга айлантиришимиз ва сайёҳлар учун яхши шароит яратишимиз керак.

Хуллас, дам олгани чиққан камина бундай ҳолатни кўриб тоғ ҳавоси ҳам татимасдан кайфиятим бузилганича Тошкентга қайтдим. Маҳалламизга кираверишда анчадан бери уйилиб қолган ахлатлар, байрамдан чиққан чиқиндилар кўчада уйилиб қолган экан. Ўғлимни ва икки қўшнимни ёнимга олиб, кўчани бошидан охиригача ахлатларни йиғиб чиқдик. Шу билан ўзимга таскин бергандек бўлдим. Гўёки, тоғдаги бари ахлатларни йиғиб чиққандек.

Бизда она табиатни асраш, экотуризмни ривожлантириш ва “плоггинг”ни жорий этиш мана шундан бошланади. Кўчада нос тупуриш, ахлат ташлаш, писта пўчоғини отиш йўқ бўлмас экан, ҳаётимиз ҳам ўзгармайди.

Мен бошқа тоққа чиқмайман, токи...

Шерзод Қудратхўжаев

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер