Меҳнат таътили кунлари узайтирилиши мумкин

22:17 24 Декабрь 2021 Жамият
2347 0

Бугун Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг экспертлар гуруҳи Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Меҳнат кодексини кўриб чиқди.

Унда сенаторлар, экспертлар, мутахассислар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Муҳокамаларда 1995 йилда қабул қилинган амалдаги Меҳнат кодекси таҳрири замонавий воқеликка мос келмаслиги ва фуқароларни меҳнат фаолиятига жалб қилишнинг янги, турли хил шаклларининг фаол ривожланишини ҳисобга олмаслиги, шунингдек, иш берувчилар, хусусан, қўшимча ишчиларни меҳнатга жалб қилишнинг содда шаклларини танлашга имкон берадиган мослашувчан иш режимларидан кенг фойдаланиш учун етарли шарт-шароитларни яратмаслиги таъкидланди.

Сенаторлар томонидан янги таҳрирдаги Меҳнат кодексини ишлаб чиқишда хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар жумладан, Германия, Швеция, Норвегия, Буюк Британия, Латвия, Эстония, Япония, Корея Республикаси ҳамда МДҲ давлатлари тажрибаси чуқур ўрганилгани қайд этилди.

Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг махсус қисми меҳнат ҳуқуқининг айрим институтларига бағишланган ва бандлик, индивидуал меҳнат муносабатлари, ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, айрим тоифадаги ходимлар меҳнатини тартибга солиш хусусиятлари, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, меҳнат низоларини кўриб чиқиш каби янги нормаларни ўз ичига олган.

Шунингдек ҳужжат билан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ходимларига аввалги тартибдагидек 24 календар куни эмас балки йигирма етти календарь кун йиллик узайтирилган таътил берилиши белгиланмоқда.

Йиғилишда қўмита экспертлари тегишли давлат ва нодавлат ташкилотлари, ижтимоий тармоқлар ҳамда фуқаролардан келиб тушган таклифлар кенг муҳокама қилинди. Хусусан, якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ва улар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг асосий принциплари, меҳнат муносабатларидаги камситиш омиллари, хизмат текшируви ҳамда жамоавий меҳнат низолари юзасидан берилган таклифларни таҳлил этди.

Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг қабул қилиниши ходимлар ва иш берувчилар манфаатлари мувозанатини таъминлаш, уларнинг ижтимоий ҳамкорликка жалб қилиниши ортиши, меҳнат фаолиятига жалб қилишнинг янги шаклларини фаол ривожлантириш, Меҳнат кодекси қоидаларини халқаро ҳуқуқ нормалари, жумладан Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган халқаро шартномаларга мослаштиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Ишчи гуруҳ йиғилиши якуни бўйича қўмита хулосасига тааллуқли таклиф ва тавсиялар берилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?