Меҳнат миграцияси: ишонч ва хавфсизлик – бош мезон

16:40 09 Апрель 2025 Жамият
146 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Бугунги кунда меҳнат миграцияси энг ривожланган давлатларда ҳам мавжуд ва глобаллашув даврида ушбу жараён янада кенгайиб бораётгани айни ҳақиқатдир. Шу боис тартибли, хавфсиз ва кафолатли миграцияни йўлга қўйиш муҳим аҳамиятга эга.

Мамлакатимизда бу борадаги муносабат тубдан ўзгариб, меҳнат муҳожирларининг муаммо ва эҳтиёжларини ўрганиш ҳамда ижобий ҳал қилиш бўйича мутлақо янги тизим яратилди. Кейинги беш йилда миграция соҳасида Ўзбекистон Республикасининг 2 та қонуни, давлатимиз раҳбарининг 3 та фармон ва 9 та қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2 та қарори қабул қилингани фикримизнинг ёрқин далилидир.

— Айни жараёнда «Хорижга иш – маҳалладан» тамойили бўйича энг қуйи бўғинга тушиб, «маҳалла еттилиги» билан ҳамкорлик кўлами тобора яхшиланиб бормоқда, — дейди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги Фарғона филиали бошлиғи Баҳромжон Ҳайдаров. —Натижада ҳар бир маҳаллада хориждаги юқори даромадли, хавфсиз ва кафолатланган иш ўринлари бўйича маълумотлар базаси шакллантирилди.

Бунинг самараси сифатида биргина ўтган йилнинг ўзида чет элда ишлаш истагида мурожаат қилганларнинг 15,5 минг нафардан зиёди манзилли ва ташкиллаштирилган тартибда Россия, Корея Республикаси, Германия, Буюк Британияга ишга юборилди. 2024 йил давомида вилоятдаги мономарказлар, касб-ҳунарга ўқитиш марказлари ҳамда нодавлат таълим муассасаларида қарийб 7 минг нафар фуқаролар замонавий касб ва хорижий тилларга ўқитилди.

Ўз навбатида, чет элда ишлаётган ҳамюртларимизнинг ижтимоий ва иқтисодий ҳуқуқларини таъминлаш чоралари кучайтирилиб, меҳнат муҳожирлари билан доимий ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди. Хорижда қийин вазиятга тушиб қолган ватандошларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тизими шаклланди.

Бугунги кунда «Бир иш берувчи – бир ҳудуд» тамойили ҳам амалиётга кенг жорий этилиб, шаҳар-туманларда иш берувчилар билан ҳамкорликда турли танловлар ўтказиш орқали мутахассисларни саралаб олиш, қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу каби изчил саъй-ҳаракатлар туфайли жорий йилда Фарғона вилоятидан 21 минг нафар ҳамюртларни дунёнинг ривожланган давлатларига ташкиллаштирилган тартибда ишга юбориш мақсад қилинган.

Яқинда Фарғона шаҳрида Жанубий Кореянинг Улсан шаҳрига малакали мутахассислар тайёрлаш маркази ўз фаолиятини бошлади. Ҳамкорлик меморандумига кўра, мамлакатнинг «иқтисодий пойтахти» — Улсанда ишлаш истагида бўлган номзодлар малакали мутахассисларни тайёрлаш марказида 3 ойлик касб ва тил ўрганиш курсларидан ўтади.

Шу тариқа марказни тамомлаган ёшларга Улсан шаҳар ҳокимлиги тўғридан-тўғри ишчи виза беришни йўлга қўяди ва «Hyundai» кемасозлик компаниясига ишга жойлаштиради. Бу тизим Жанубий Кореяга ишчи кучи етказиб берувчи жаҳондаги 17 та давлат орасида биринчи маротаба фақатгина Ўзбекистон учун қўлланаётгани эътиборга молик.

— Истиқболли лойиҳа доирасида ЭПС-топик тестларидан юқори натижаларни қўлга киритган 421 нафар номзод «Hyundai» кемасозлик заводига мутахассис етказиб беришни мақсад қилган ушбу марказда ўқиш истагини билдирди, —дейди Баҳромжон Ҳайдаров. — Уларнинг 202 нафари саралашдан муваффақиятли ўтиб, биринчи босқич ўқувларида 105 нафари иштирок этмоқда.

Отабек Эрматов эзгу ташаббус доирасида кўп йиллик орзусини амалга ошириш имконига эга бўлган фарғоналик ёшлардан бири бўлиб, у ҳозирги кунда Фарғона шаҳридаги касбий кўникмалар марказида ташкил этилган ўқув марказида таҳсил олмоқда. У ўқув жараёни якунлангандан сўнг Жанубий Кореянинг «Hyundai» компаниясида ишлаш ниятида. Шу мақсадда астойдил ўқиб-ўрганмоқда.

Айтиш жоиз, айни пайтда Фарғона вилоятида 526 та хорижий тилларни ўқитишга мўлжалланган ўқув марказлари фаолияти йўлга қўйилган, ихтисослашган марказларда 60 минг нафар ёшлар чет тилини ўрганяпти. Шу йилнинг биринчи чорагида 3,5 минг нафар фуқаролар хорижий тиллар ҳамда касб-ҳунар ўргатиш курсларига жалб этилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?