Мавжуд камчиликларни бартараф этиш устидан қатъий парламент назорати ўрнатилиши белгиланди

14:48 21 Октябр 2021 Жамият
504 0

2021 йил 21 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисда коронавирус пандемиясидан кейин туризмни тиклаш ва ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши ҳолати юзасидан илгари юборилган парламент сўровига Вазирлар Маҳкамасининг жавоби кўриб чиқилди.

Мажлис давомида ҳукуматнинг парламент сўровига жавоби батафсил муҳокама этилди. Жумладан, сенаторлар Ўзбекистонда туризм соҳасини тиклаш, хорижий туристларнинг маҳаллий туристлар билан алмаштирилишини таъминлаш мақсадида солиқ имтиёзлари ва преференциялар тақдим этиш, шунингдек, туризм соҳаси учун субсидиялар, ссудалар, грантлар шаклидаги молиявий ёрдам кўрсатишни назарда тутувчи қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганини алоҳида таъкидладилар.

Қайд этилганидек, 23 та туристик ташкилотга 289,2 млн сўм, барпо этилаётган уч юлдузли 3 та меҳмонхонага 1,2 млрд сўм субсидия, шунингдек 37 та туроператорга 370,0 млн сўм ва 11 нафар таржимон-гидларга 55,0 млн сўм миқдорида грантлар ажратилган. Бундан ташқари, 50 та туроператорга 1,6 млрд сўм ва 191 та жойлаштириш воситаларига 14,5 млрд сўм миқдорида фоизсиз ссудалар ажратилди.

Шунингдек, мамлакатдаги бир қатор аэропортларда “очиқ осмон” режимини ўрнатиш, фуқаролари Ўзбекистонга визасиз ташриф буюриши мумкин бўлган мамлакатлар рўйхатини кенгайтириш чоралари кўрилди. Туристлар учун “Uzbekistan/Safe travel GUARFNTEED” санитария-эпидемиология хавфсизлиги тизими жорий этилди, илк бор “Fast Track” хизмати йўлга қўйилди.

Ўзбекистон шаҳарлари ўртасида янги авиа ва темир йўл рейсларини йўлга қўйиш чоралари кўрилди. Айрим умумхалқ байрамларини нишонлаш даврида камида уч кунлик дам олиш кунлари беришни назарда тутувчи тартиб жорий этилди.

Шу билан бирга, бўлиб ўтган муҳокамалар доирасида сенаторлар амалга оширилган ишлар билан бир қаторда айрим камчиликлар ҳам борлигини, уларнинг бартараф этилиши эса мамлакатда туризмни тиклаш ва ривожлантиришга ёрдам беришини таъкидладилар.

Хусусан, энг яхши халқаро тажриба асосида “Uzbekistan/ Safe travel GUARFNTEED” санитария-гигиена хавфсизлиги тизимини янада такомиллаштириш талаб этилади.

Туризм соҳасида транспорт логистикасини ривожлантириш ва энг аввало, қўшни мамлакатлардан сайёҳлар оқимини кўпайтириш, ҳудудларда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ер ажратишни соддалаштириш, туристик хизматлар сифатини ошириш, янги, истиқболли бозорларни топиш мақсадида маркетинг тадқиқотларини ташкил этиш тизимини такомиллаштириш юзасидан аниқ чора-тадбирлар кўриш зарур.

Бундан ташқари, хорижий сайёҳлар учун авиачипталар нархини камайтириш масаласи ҳам долзарблигича қолмоқда, бундай чипталар муқобил йўналишларга нисбатан ўртача 30-50 фоизга қиммат туради.

Фаол муҳокама якунида Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди. Мавжуд камчиликларни бартараф этиш устидан қатъий парламент назорати ўрнатилиши белгиланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?