Марғилондаги тарихий масжид нега бузилмоқда?

Фото: Ботир Мадиёров / Халқ сўзи
Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Марғилон шаҳридаги “Хўжа Порсо” масжидининг тарихий биноси бузилиб, ўрнига янги иншоот барпо этилаётгани билан боғлиқ танқидий руҳдаги хабарлар тарқалди.
Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, ўрганиш ишлари натижасида 1918 йилда қурилган ушбу масжид биноси хом ғиштдан барпо этилгани, бино деворлари ёрилгани, пойдеворнинг чўкиб кетгани кузатилган. Шунингдек, бино томининг ибодат пайтида қулаб тушиш хавфи пайдо бўлгани сабабли 2019 йилда бинони техник экспертизадан ўтказиш бўйича қурилиш соҳасида назорат органларига масжид маъмурияти томонидан мурожаат йўлланган.
2019 йил ноябрда олиб борилган техник экспертиза давомида биносининг конструктив ва тузилмавий ечимлари меъёрий хавфсизлик талабларига жавоб бермаслиги, хом ғиштдан қурилган бинонинг деворлар конструкциясида ҳамда пойдеворда чўкиш, ёрилишлар мавжудлиги, намлик таъсирида девор нурай бошлагани, “юк кўтарувчи ва тўсиқ конструкциялар” меъёрий ҳужжатлар талабларига умуман мос келмай қолгани аниқланган.
Бинони реставрация ёки реконструкция қилиш имконияти йўқлиги сабабли бузиб қайта қуриш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилган ҳамда масъул идоралар экспертлари хулосаси олинган. Бугунги кунда эски масжид ўрнида 1500 ўринли, барча қулайликка эга замонавий янги масжид биноси қад ростламоқда.
Эски масжид пештоқидаги ёғоч ўймакорлик нақшлари реставраторлар томонидан доимий амалиёт усулида рақамлар билан белгиланиб кўчириб олинган ҳамда сақлаш учун олиб қўйилган. Янги масжид биносининг айвони айни ўлчамларда барпо этилмоқда, унинг пештоқига эски масжиддан кўчириб олинган нақшлар ўрнатилади.
Ботир Мадиёров, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг