Маънавий уйғоқлик — ватанпарварлик нишонаси
Бугун юртимиз бўйлаб ғайрати баланд, матонатли, жасоратли ўғил-қизларимиз иштирокида “Янги Ўзбекистон ёшлари бирлашайлик!”, “Янги ҳаёт учун, янги Ўзбекистон учун!” шиорлари остида маънавий-маърифий фестиваллар бежиз ўтказилмаяпти. Мазкур тадбирлар ёшларимизда ватанпарварлик, эрксеварлик, юртсеварлик туйғуларини, маънавий иммунитетни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади, десак, адашмаймиз.
Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, она Ватанга, халққа хизмат қилиш қандай бўлиши кераклигини Абу Райҳон Беруний, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Мирзо Бобур каби улуғ алломаларимиз, саркардаларимиз, шоир ва мутафаккирларимиз ўз ҳаётлари, фаолиятлари мисолида кўрсатиб берган.
Абдулла Авлоний, Фитрат, Абдулла Қодирий, Чўлпон сингари зиёлиларимиз асарларида тараннум этган эл-юртга муҳаббат, ўз тили ва динига садоқат, мамлакат тақдирига дахлдорлик ҳислари бугунги кунда ҳам долзарб аҳамиятини йўқотгани йўқ. Уларнинг серзаҳмат умр йўли — азоб-уқубатларга қарамай жасорат ва матонат билан бугунги фаровон кунлар учун курашиши, ҳатто жонини ҳам фидо қилиши ҳар биримиз учун ўрнак.
Президентимиз таъкидлаганидек, тарихдан маълумки, Ватан ва халқ тақдирига нисбатан таҳдидлар кучайган вазиятда айнан миллат фидойилари — уйғоқ қалбли зиёлилар, шоир ва адиблар, санъат намояндалари, маънавият ва маърифат соҳаси ходимлари жасорат билан майдонга чиққан.
Бугун ана шу жасоратли шахслар барчамизга ибратдир. Чунки ҳозирги ахборот глобаллашуви даврида мамлакатимизга, бугунги дориламон кунларимизга ахборий таҳдидлар, салбий таъсир кўрсатишга уринишлар кўпайса кўпаймоқдаки, асло озайгани йўқ.
Бундай ғоявий хуружларни, сиёсий “ўйин”ларни халқимиз энг улуғ бойликни — мустақилликни қўлга киритган кунларданоқ бошидан ўтказиб келмоқда. Ўша вақтда “Сиз мустақил бўлиб, нима қила оласиз?”, “Қандай ютуқларга эришасиз?”, “Кимлар билан ўзаро алоқаларни мустаҳкамлайсиз?” деб киноя қилган инсонлар бугун энди ютуқларимизга ҳасад кўзи билан қарамоқда. Тўғри йўлдан чалғитишга, миллатлар ўртасига нифоқ солишга, ёшларда эртанги кунга ишончсизлик руҳини уйғотишга ҳаракат қилмоқда.
Ўзини “тарихчи” деб билган кимсаларнинг мамлакатимизнинг шонли ўтмишини камситишга уринаётганини — бундай ахлоқсизликни, билимсизликни ҳеч қандай сабаб билан оқлаб бўлмайди. Ахир жаҳон тараққиётига сезиларли таъсир кўрсатган биринчи Ренессанс ҳамда иккинчи Ренессансни айнан Ўзбекистон ҳудудида азалдан яшаб келган туркий халқлар рўёбга чиқарганини, бу халқлар не-не улуғ салтанатлар қурганини бутун дунё билади ва ўқиб-ўрганадику!
Биз бундай сохта олимларга асосли жавоблар беришимиз керак. Айни пайтда ёшларимизга ўтмишимизни пухта ўргатишимиз, қалбларида Ватанимизга ҳурмат-эҳтиромни янада кучайтиришимиз лозим. Бунинг учун таълим-тарбия ишларини янги босқичга кўтаришимиз зарур.
Президентимиз ёшларимизнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга урғу бериб, бежизга янги шакл ва мазмундаги Президент мактаблари, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни очмаяпти, уларнинг ўқув дастурларини бошқа мактабларда ҳам жорий этиш зарурлигини таъкидламаяпти. Мақсад — юртимизда кўнгил кўзи очиқ, билими юксак, замонавий фикрлайдиган, ўз касбининг устаси бўлган ёш авлодни тарбиялаш.
Зотан, чинакам Беруний издошлари, Мирзо Улуғбек ворислари, Алишер Навоий давомчилари ўз ютуқлари билан бутун дунёга биз ким, қандай буюк зотларнинг авлодлари эканимизни нафақат сўзда, балки амалий фаолиятида кўрсата олади. Айниқса, буни кўрган айрим ғаламисларнинг кўзи янада каттароқ очилишига шубҳа йўқ.
Янги Ўзбекистонда ёшларга замонавий билимларни ўргатиш билан бир қаторда, қалбларига аждодларимиз қонида бўлган давлат ва сиёсий бошқарув, ҳарбий ватанпарварлик ҳамда ўз юртининг ҳимоячиси бўлишдек эзгу фазилатларни сингдиришга интилмоқдамиз. Уларнинг фикрини, таклиф ва ташаббусларини эшитяпмиз. Ҳатто парламентда ҳам ўз ўрни, овози, имижи бўлиши учун барча имконият ва имтиёзларни яратмоқдамиз. Бунга бугун чет эл экспертлари ҳам ҳавас билан боқмоқда. Бинобарин, биз ёшларимизга ишонамиз. Чунки улар бизнинг давомчимиз!
Навқирон авлод бағрикенглик, ҳамжиҳатлик руҳида тарбияланяпти. Улар дунёга очиқ юз билан қараяпти. Чунки мамлакатимиз ана шундай ички ва ташқи сиёсатга эга. Жаҳон мамлакатлари, барча миллат ва дин вакиллари билан бағрикенглик, дўстлик, халқаро иқтисодий, сиёсий, маданий алоқалар ўрнатиш, бир-бирини ҳурмат қилиш, ўзаро тенглик, ҳамкорлик тамойиллари асосида умргузаронлик қилиш тарафдори бўлиб келмоқда. Буни Президентимизнинг жаҳоннинг энг юксак минбарларида туриб билдираётган фикрлари, илгари сураётган ташаббуслари мисолида ҳам кўряпмиз.
Бугунги геосиёсий жараёнлар биз, ёшлар сиёсатига дахлдор инсонлар, маънавиятчилар зиммасига улкан масъулият юклайди. Юртимизга четдан бўлаётган ҳар қандай иғво, туҳмат илдизларига болта уришда ўрнак кўрсатибгина қолмай, йигит-қизларимизнинг довюрак, мард ва жасур, миллий ғурури баланд, ватанпарвар бўлишига ҳисса қўшишимиз шарт. Ҳазрат Алишер Навоий: “Одам борки, одамларнинг нақшидир, одам борки, ҳайвон ундан яхшидир”, деганидек, биз ёшларимизни миллатидан, ирқидан, динидан, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, Ўзбекистоннинг, дунёнинг нақши бўладиган даражада тарбиялашимиз керак.
Амир Темур таъкидлаганидек, биз ёшларга куч бирликда, адолатда эканини уқтирсак, маърифатнинг беқиёс куч-қудратини аждодларимиз ҳаёти, бебаҳо мероси мисолида кўрсата билсак, шубҳасиз, фарзандларимиз Ватанимизга садоқатли, янги Ўзбекистонни авайлаб асрашга қодир, турли ахборот хуружларига, Президентимиз таъбири билан айтганда, “мамлакатимиздаги ислоҳотлар жараёни ҳеч қачон ортга қайтмайди”, дея жавоб берадиган инсонлар бўлиб улғаяди.
Жамила ШЕРМУҲАММЕДОВА,
Республика Маънавият ва маърифат маркази эксперти,
“Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг