Малдивлик олим деҳқончилик билан танишди

17:26 11 Июль 2024 Жамият
246 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Қишлоқ хўжалиги бўйича илмий изланишлар олиб бораётган малдивлик олим Али Наим Фарғона вилоятининг Олтиариқ тумани ва Қувасой шаҳрида бўлиб, томорқа эгаларининг деҳқончилик тажрибалари билан танишди. Фарғона давлат университети профессор-ўқитувчилари, талабалари ҳамроҳлигида ўтказилган юзма-юз мулоқотда узум, қулупнай етиштириш, иссиқхоналарда гидропоника усулида деҳқончилик қилиш борасидаги илғор тажрибалар алмашилди.

Айтиш жоиз, Али Наим Малдив ороллари давлатининг Колхуфуши оролчасида жойлашган «Meemu Atoll» мактаби директори. Малдив оролларидаги Республика ислом университетининг бакалавр ва магистратура босқичи, кейин аспирантурасини тамомлаган.

— Ижтимоий тармоқлар орқали маълумотларни жамлаб, Ўзбекистонда деҳқончилик соҳасида гидропоника тизимидан фойдаланиш афзалликларини ўрганиш мақсадида келдим, — дейди Али Наим. — Фарғона миришкорларининг деҳқончилик маданиятига қойил қолдим. Олтиариқ туманида узумчилик соҳаси ютуқлари, Қувасойда гидропоника усулида ташкил этилган иссиқхоналарда йилнинг тўрт фаслида даромад олинаётганига ҳавас қилдим. Мактабимизда қишлоқ хўжалиги, хусусан, гидропоник усулидан фойдаланиш бўйича касбий таълим дастури ишга туширилган. Ҳозирда 200 нафардан зиёд иштирокчилар гидропоника деҳқончилиги сир-синоатини ўрганмоқда.

Колхуфуши оролчасида қарийб 1500 нафар аҳоли истиқомат қилади. Оролча аҳолисининг асосий даромади қишлоқ хўжалиги экинлари, балиқчилик ҳамда туризм ҳисобланади. Замонавий мезонлар асосида эндиликда тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Фарғона давлат университети ўқитувчи-талабаларининг айнан, қишлоқ хўжалиги йўналишида олиб бораётган саъй-ҳаракатлари, илмий-амалий тажрибалари катта таассурот қолдирди. Учрашувлар мобайнида бу борада ҳамкорлик қилиш ва биргаликда истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича келишиб олинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер