Мактабларда юқори синф ўқувчиларига иккинчи хорижий тил ўргатилади

11:09 05 Февраль 2024 Ҳужжатлар
177 0

“Умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини хорижий тил ва замонавий касбларга ўқитиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–53-сон, 02.02.2024 й.) қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2024/2025 ўқув йилидан босқичма-босқич тажриба-синов тариқасида:

— мактабларнинг 10–11-синфларида таянч ўқув режаси асосида ўқитиш билан бир қаторда “Фанларни чуқурлаштириб ўқитиш” ҳамда “Бизнес ва касб-ҳунарга ўқитиш” йўналишлари бўйича ҳам таълим дастурлари жорий қилинади;

— “Фанларни чуқурлаштириб ўқитиш” йўналиши доирасида – ўқув жараёнини ташкил этишда асосий эътибор аниқ, табиий ёки хорижий тил фанларига қаратилади;

— “Бизнес ва касб-ҳунарга ўқитиш” йўналиши доирасида эса – ўқувчилар ишчи ёки рақамли технологияларга оид касбларга ўқитилади.

2024/2025 ўқув йилидан босқичма-босқич мактабларда хорижий тилларни ўқитишнинг қуйидаги тартиби жорий этилади:

— 5–9-синфларда ўқувчиларда базавий билим ва нутқий кўникмалар шакллантирилади;

— 10–11-синфларда асосий эътибор ўқувчиларнинг академик ёзув ва сўзлашиш кўникмаларини ривожлантиришга қаратилади;

— “Фанларни чуқурлаштириб ўқитиш” йўналиши доирасида хорижий тил фанини танлаган ўқувчилар 10–11-синфларда иккинчи хорижий тилга ўқитилади.

2024/2025 ўқув йилидан хорижий тиллар йўналишлари бўйича педагогларни тайёрлайдиган давлат ОТМ талабаларининг мактабларда педагогик амалиёти йўлга қўйилади.

“Бизнес ва касб-ҳунарга ўқитиш” йўналиши доирасида мактабларда устахоналар ташкил этилиб, ойлик иш ҳақи олий маълумотли умумтаълим мактаби ўқитувчисига тенглаштирилган “Касбий таълим устаси” лавозими жорий қилинади.

Қарорга кўра, мактабларнинг бўш биноларини “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастури иштирокчиларига амалий мономарказни ташкил қилиш ва кейинчалик ўқувчиларни касб-ҳунарга ўқитиш учун тўғридан-тўғри шартнома асосида текин фойдаланишга беришга рухсат этилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?