Мактаб ўқувчиси бошқарувидаги машина ЙПХ ходимини уриб юборди. Инспектор олган тан жароҳатлари сабаб ҳаётдан кўз юмган

15:30 20 Январь 2025 Жамият
187 0

19 январь, якшанба куни тунги соат 1:45 да Навоий шаҳар И.Каримов кўчасида йўл-патруль хизмати инспектори машина уриб кетиши оқибатида вафот этди.

Маълумотларга кўра, 2008 йилда туғилган С.М. (умумий ўрта мактабнинг 10-синф ўқувчиси) отасига тегишли бўлган «Kia Sonet» машинасини тунги вақтда давлат рақамисиз, йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмай бошқариб юрган чоғида И.Каримов кўчасида хизмат олиб бораётган Навоий вилояти ИИБ ЙҲХБ йўл-патруль хизмати инспектори Жасуржон Муҳаммадов уни тўхтатмоқчи бўлган. Ҳайдовчи ходимнинг ишорасига бўйсунмай, уни машинада уриб юбориб, воқеа жойидан қочиб кетган.

Олган оғир тан жароҳатлари натижасида инспектор Ж.Муҳаммадов ҳодиса жойида ҳаётдан кўз юмди. 32 ёшли ходим 2017 йилдан буён ички ишлар органлари тизимида хизмат қилиб келаётганди.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266 (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) ва 117 (Хавф остида қолдириш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?