Маҳаллий Кенгашлар депутатлари учун семинар ташкил этилди

17:52 11 Декабрь 2024 Сиёсат
300 0

Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»

Янгиланган Конституцияга асосан ҳокимларнинг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига раислик қилиши амалиёти босқичма-босқич бекор қилинмоқда. Ушбу норма жорий йилдан бошлаб вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига, 2026 йилдан эса туман шаҳар Кенгашларига татбиқ этилиши белгиланган.

Жорий йилда вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг биринчи ташкилий сессияларида депутатлар орасида илк маротаба Кенгаш раислари сайлаб олинди.

Олий Мажлис Сенатида халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари раислари ҳамда котибият мудирлари учун маҳаллий Кенгашлар фаолиятининг ривожланиши, маҳаллий ижро этувчи ва вакиллик ҳокимиятининг бўлиниши принципи бўйича конституциявий нормаларнинг жорий этилиши ҳамда соҳага оид ислоҳотлар юзасидан 2 кунлик семинар ўз ишини бошлади.

Тадбирда Олий Мажлис Сенати Раиси Т.Нарбаева, Сенат аъзолари, мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари ва халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари раислари ҳамда котибият мудирлари иштирок этди.

Олий Мажлис Сенати Раиси Т.Нарбаева ўз нутқида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев бошчилигида мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар сингари маҳаллий Кенгашларнинг жамият ҳаётидаги ўрнини оширишга, депутатларнинг маҳаллий ижро органлари билан самарали мулоқотини йўлга қўйишга, уларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда аҳоли манфаатларини ҳимоя қилишдаги ролини кучайтиришга қаратилган тизимли ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлади.

Шу билан бирга, жорий йилнинг ноябрь ойида бўлиб ўтган Олий Мажлис палаталарининг мажлисларида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан белгилаб берилган устувор вазифаларга ва бу борада вакиллик органларининг ролига тўхталиб ўтди.

Маҳаллий Кенгашлар ва депутатлар фаолиятини самарали ташкил этиш, сайловчилар билан ишлаш, аҳоли муаммоларини ўрганиш ва ҳал этишда “маҳалла еттилиги” ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

Шунингдек, семинарда маҳаллий бюджетларни шакллантириш ва уларнинг бажарилишини назорат қилиш, қонунлар ижросини таъминлаш ҳамда ҳудудий дастурлар бажарилишини назорат қилиш, ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг ҳисобот ва ахборотларини эшитишнинг таъсирчан механизмларини татбиқ этиш масалаларига урғу берилди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолияти «Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким» тамойили асосида ташкил этилмоқда. Ушбу ёндашув маҳаллий Кенгашларнинг фаоллигини оширишга, ҳудуддаги муаммоларни ҳал этишда ташаббускорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Семинарда Сенат қўмиталари, Сенат девонининг таркибий бўлинмалари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари маҳаллий Кенгашлар ва улар органларининг фаолияти самарадорлигини ошириш, қарорлар қабул қилишда очиқлик ва шаффофликни, қонунийликни таъминлаш, шунингдек, кенг жамоатчиликнинг фикрини инобатга олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?