Маҳаллаларда спорт инфратузилмасини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди

17:52 24 Апрель 2025 Сиёсат
314 0

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

2025 йил 24 апрель куни Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди. Унда Наманган ва Тошкент вилоятларида маҳаллаларда спорт инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда спорт майдончаларидан самарали фойдаланиш ҳолати муҳокама қилинди.

Мажлисда сенаторлар, вазирлик ва идоралар масъуллари, экспертлар, маҳаллий кенгаш депутатлари, спорт ташкилотлари раҳбарлари ва Ёшлар парламенти аъзолари иштирок этди. Кун тартибидаги масала юзасидан Спорт вазирлиги мутасаддисининг ахбороти эшитилди.

Қайд этилганидек, Спорт вазирлиги маблағлари ҳисобидан 2024 йилда Наманган вилоятида 22 та, Тошкент вилоятида эса 42 та янги спорт майдончаси қурилиб фойдаланишга топширилган. Шунингдек, Наманганда 10 366 та оммавий спорт тадбири ўтказилиб, 1 млн 90 минг киши қамраб олинган. Тошкент вилоятида эса 7 451 та тадбир ташкил этилган ва уларда 1 млндан зиёд фуқаро иштирок этган.

Наманган тажрибаси сифатида ҳар бир туман ва шаҳарда 5 тадан — жами 70 та Аёллар спорт саломатлик марказлари ташкил этилган. Уларга 2 634 аёл жалб қилинган.

Маҳаллаларда спорт инфратузилмасини аҳоли истаклари асосида ташкил этиш учун «ташаббус.спорт.уз» платформаси ишга туширилган бўлиб, овоз бериш орқали объектлар жойлашуви аниқланмоқда.

Шу билан бирга, ўрганишлар жараёнида қатор муаммолар ҳам аниқланган. Жумладан, Наманган вилоятида 83 та, Тошкент вилоятида 359 та маҳаллада спорт майдончалари мавжуд эмас. Мавжуд майдончаларнинг кўпчилиги эскирган ва улардан самарали фойдаланиш имконияти чекланган.

Президентнинг 2023 йил 28 июлдаги ПҚ-245-сонли қарорида ҳар бир спорт майдончаси учун штат бирлиги ажратиш белгиланган бўлсада, бу ишлар амалда тўлиқ таъминланмаган. Бу эса айрим майдончаларнинг қаровсиз қолиши, тозалик ва хавфсизликка етарлича эътибор берилмаслигига олиб келмоқда.

Ёшлар етакчилари ва профилактика инспекторларининг ҳамкорлиги, спорт майдончаларидан мақсадли фойдаланишни таъминлашда етарлича йўлга қўйилмаган. Шунингдек, умумтаълим мактабларидаги спорт заллари етишмаслиги ҳам қайд этилган — Наманганда 114 та, Тошкентда эса 174 та мактабда спорт зали мавжуд эмас.

Мактабларда тўгараклар фаолияти йўлга қўйилмагани, жадваллар тасдиқланмагани, журналлар юритилмагани каби камчиликлар ҳам алоҳида таъкидланган. Шунингдек, спорт майдончаларининг имконияти чекланган шахслар учун мос эмаслиги ва параспорт турларига шарт-шароит йўқлиги ҳам долзарб муаммолардан бири сифатида кўрсатилган.

Мажлис якунида ушбу муаммоларни бартараф этиш ва белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича қўмита қарори қабул қилинди.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?