Маданиятларимиз узвий, қадриятларимиз ҳамоҳанг

12:48 15 Ноябрь 2024 Жамият
265 0

Миришкор туманининг Жейнов маҳалласи нафақат туман ёки вилоят, балки мамлакатимиз миқёсидаги энг номдор маҳаллалардан бири саналади. Бу масканда мамлакатимиздаги араб диаспораси вакилларининг энг катта гуруҳи яшайди. Улар орасидан кўплаб давлат ва жамоат арбоблари, машҳур олимлар, ижодкорлар етишиб чиққан. Ўзбекистон Қаҳрамони Муродилла Саидов ҳам маҳалламизнинг фахри ҳисобланади.

Маҳалламизда 1991 йилда Араб миллий маданий маркази ташкил этилган бўлиб, бу марказ миллатимизнинг ўзига хос қадриятлари, анъана ва урф-одатларини кенг тарғиб этиш борасида самарали фаолият олиб бормоқда.

Марказ қошида “Навобахш” халқ этнографик ансамбли ҳам фаолият юритади. Ўзим ҳам бир неча йилдан буён ушбу ансамблнинг бадиий раҳбари сифатида фаолият олиб боряпман.

Айни вақтда жамоамиз репертуарида ўзбек ва араб халқлари фольклоридаги кўплаб қўшиқ ва рақслар, халқ миллий ўйинлари жамланган. Ўзига хос либослар коллекцияси мавжуд. Вилоят ва республика миқёсидаги деярли барча йирик байрам ва фестивалларда иштирок этиб келмоқдамиз.

Шунингдек, Жейновдаги маданият маркази қошида ўзбекистонлик арабларнинг анъаналари ва урф-одатлари тўғрисида ҳикоя қилувчи этнографик музей фаолияти ҳам йўлга қўйилган. Бу ерга келган киши бизнинг урф-одатларимиз, ҳунармандчилик намуналари ҳақида жуда кўп маълумотларга эга бўлиши мумкин.

Албатта, ўзбек ва араб халқларининг маданияти, анъаналари, турмуш тарзи бир-бирига жуда ўхшаш. Биз эса икки миллат вакилларининг ана шу тарихий маданиятини ўрганиш, тўплаш ва тараннум этиш, қолаверса, келажак авлодларга етказиб бериш йўлида меҳнат қилаётганимиздан фахрланамиз.

Ҳамро ШАРОПОВ,

“Навобахш“ халқ этнографик ансамбли бадиий раҳбари.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер