«Leapmotor» сотувига айрим шартлар асосида рухсат берилди

10:36 15 Апрель 2025 Жамият
110 0

Ўзбекистонда Хитойнинг «Leapmotor» автомобиллари савдосига шартлар асосида рухсат берилди. Бу ҳақда Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси матбуот хизмати хабар қилди.

Жорий йилнинг 10 март куни Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази давлат муассасаси (UzTest) лабораториясида ушбу автомобилнинг «C16» модели синовдан ўтказилгани, текширув натижалари автомобиль БМТ томонидан белгиланган халқаро хавфсизлик талабларига жавоб бермаслигини кўрсатгани маълум қилинган эди.

Таъкидланишича, ушбу транспорт воситасида ҳосил бўладиган электромагнит шовқин даражаси рухсат этилган чегарадан 16 баробар ошиб кетгани хавфсизлик талабларининг бузилиши ҳисобланади.

Ушбу номувофиқлик автомобилдаги электроника ва бошқа қурилмаларнинг ишлашига таъсир қилиши ва айрим ҳолларда тизимнинг ишдан чиқишига олиб келиши мумкин.

Кейинроқ Хитой автомобиль ишлаб чиқарувчиси бўлган «Leapmotor» Ўзбекистонда автомобилларининг сертификатланиши тўхтатилгани юзасидан изоҳ берди.

Хабарда тестга юборилган автомобиль ишлаб чиқарувчи томонидан тақдим этилмагани ва бу жуда муҳим омил эканини қайд этган.

«Автомобилни тестга юборишдаги ҳолатлар ва тестлар қандай шароитда ўтказилгани бизга номаълум. Шу сабабли, биз тест натижаларига норозилик билдирамиз. Шаффоф ва объектив синовлар орқали «Leapmotor» маҳсулотларининг ҳақиқий ҳолати баҳоланишига умид қиламиз» дейилади изоҳда.

Компания мазкур масала бўйича Ўзбекистон томони билан ҳамкорликда ишлаётганини ва тестларни такрорий ўтказиш режалаштирилаётганини билдирди.

Шундан сўнг, «UzTest» Ўзбекистонда «Leapmotor» брендига тегишли енгил автомобиллар импортига қўйилган чеклов қайта кўриб чиқилишини маълум қилди.

Гу Живен бошчилигидаги делегация 2025 йилнинг 7 апрель куни «UzTest»га ташриф буюрган ҳамда юқоридаги масала юзасидан муҳокама ўтказган.

Шундан сўнг компания томонидан «Leapmotor» товар белгили «C16» русумли 2 та автотранспорт воситаси Ўзбекистонга импорт қилиниб, кеча, 14 апрель куни Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекциясининг Пискент туманида жойлашган «Электромагнит мослашувчанлик синов лабораторияси»да БМТнинг 10-сон қоидаларида белгиланган тартибда қайта синовдан ўтказилган.

Tакрорий синовлар якунида компаниянинг «C16» русумли автотранспорт воситаси БМТнинг 10-сон қоида талабларига мувофиқ деб топилган. Шу боис «Leapmotor» компаниясига қуйидаги шартлар асосида мазкур товар белгили автотранспорт воситаларини республикада муомалага чиқарилишига рухсат берилган:

  • «Leapmotor» товар белгили автотранспорт воситасининг номувофиқлиги аниқланганда уларни бартараф қилувчи ҳамда истеъмолчига етказилган зарарни қопловчи ишлаб чиқарувчининг расмий вакили — Ўзбекистонда резидент ҳисобланган юридик шахсни белгилаш;
  • Республикага импорт қилинаётган «Leapmotor» товар белгили барча автотранспорт воситаларининг турини маъқуллаш учун зарур бўлган тегишли ҳужжатларни тақдим қилиш;
  • «Leapmotor» товар белгили автотранспорт воситалари ишлаб чиқарилаётган корхоналарда ишлаб чиқариш жараёнлари ва шартларини ўрганиш ва баҳолаш.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?