Россияда тадбиркорларимиз учун савдо мажмуаси фаолиятини бошлади

14:46 03 Март 2025 Жамият
132 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Ҳозирги пайтда Фарғона вилоятининг қишлоқ хўжалиги ва саноат маҳсулотлари дунёдаги 50 дан зиёд мамлакатларга экспорт қилинмоқда. Айнан мева-сабзавотлар экспорти борасида Фарғона вилояти республикамизда етакчи ҳудудлар сирасига киради. Хусусан, мазкур йўналишда Россия, МДҲ давлатлари салмоқли улушга эга бўлиб, кейинги йилларда ҳамкорлик кўлами ва миқёсини янада кенгайтириб бориш устувор вазифа сифатида белгиланган.

Фарғона вилоятида келгуси беш йилда экспорт кўрсаткичлари ҳажмини 3 баробарга ошириш ҳамда 14,5 миллиард долларга етказиш режалаштирилаётгани бу борадаги ишлар бардавом эканидан далолатдир.

Эзгу ташаббуслар доирасида шу кунларда Россиянинг Новосибирск шаҳрида «Азия-Сибир» савдо мажмуаси тантанали равишда фойдаланишга топширилди. Бу мамлакатимиз, шу билан бирга ҳудудлар экспорт салоҳиятини янада ошириш ва кенгайтиришга хизмат қилади.

Янги бозорнинг умумий майдони салкам 130 минг кв.метрга тенг бўлиб, бу мажмуада 30 та музлатгич, мева-сабзавотларни вақтинча сақлаш омборлари, раф-контейнерлар, меҳмонхона ҳамда овқатланиш шохобчаси мавжуд. Шу тариқа ўтган йилнинг май ойида мамлакатимиз делегациясининг ушбу юртга ташрифи чоғи майдони бундан бир неча баробар кичик, қаровсиз аҳволда бўлган улгуржи-чакана савдо маркази фаолияти ўрганилиб, экспортёрларимизга муносиб шароитлар яратиш мақсадида кенг кўламли қурилиш-бунёдкорлик ишлари олиб борилди.

— Замонавий мезонлар асосида барпо этилган улгуржи савдо мажмуаси тадбиркорларимизга қулай ва хавфсиз ишлаш, ишончли ва узоқ муддатга мўлжалланган ҳамкорлар топиш имконини беради, — дейди Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги Фарғона вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари Элдор Турсунқулов. — Ишонамизки, янги бозор янги харидорлар билан манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш, маҳсулотни ташиш, сифатли сақлаш ҳамда доимий равишда Россиянинг бренд савдо тармоқларини керакли маҳсулотлар билан таъминлашда қўл келади.

Шу кунларда Фарғона вилояти делегациясининг Россияга амалий ташрифи давом этмоқда.

Айтиш жоиз, «Азия-Сибир» савдо мажмуасининг очилиш маросимида Фарғона вилояти делегацияси ҳам иштирок этиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти бўйича истиқболли келишувларга эришилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер