Кўнгил яқин бўлса, олис манзиллар ҳам бирлашади

12:17 09 Сентябр 2024 Жамият
223 0

Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Андижон вилояти билан Қорақалпоғистон Республикасининг оралиқ масофаси 1400 км.ни ташкил этади. Бу олис йўл, албатта! Бироқ, кўнгил яқин, мақсад бир бўлса манзиллар ҳам бирлашаркан.

Хабарингиз бор, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикаси туманлари мамлакатимиз вилоятларига бириктириб берилган эди. Натижада, Андижон вилояти томонидан Кегейли туманида 40,5 млрд сўмлик 3 та лойиҳа амалга оширилди. Бунинг натижасида 620 та янги иш ўрни яратилди.

— Ҳудудимизда Андижон вилояти ҳокимлиги томонидан олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар турмушимизни тубдан ўзгартириб юборди, — дейди «Эшонқалъа» овул фуқаролар йиғинида яшовчи Сапаргул Утербергенова. — Туманимиздаги энг катта муаммолардан бири ишсизлик масаласи эди. Шу боис аксарият аҳоли Қозоғистон Республикасида ишлаб келишга мажбур бўлаётганди. Андижонлик тадбиркорлар томонидан янги иш ўринларининг барпо этилиши юртимизда, ўз уйимизда меҳнат қилиш имконини берди. Менинг ўзим 50 сотихли майдонда ташкил этилган сабзавот етиштирувчи иссиқхонада ишлай бошладим. Помидор, бодринг, булғор қалампири етиштириш орқали рўзғоримга нафим тегаётганидан хурсандман. Тез орада овулимизда доимий даромад манбаига эга бўлувчи хотин-қизлар сафи янада кенгаяди. Сабаби, фаолиятимизни кенгайтириш мақсадида қўшимча тўрт гектар ер майдони ажратилди. Ҳозирда қурилиш ишлари олиб бориляпти.

Ҳудудни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш мақсадида янги истиқболли лойиҳаларга киришилгани қувонарли, албатта.

— Андижон вилояти мебелсозлик йўналишида катта тажрибага эга, — дейди тадбиркор Наврўз Солиев. — Бугунги кунда юздан ортиқ ишлаб чиқариш корхоналарида тайёрланган маҳсулотлар қўшни давлатларга экспорт қилинмоқда. Тўпланган бой тажрибаларни Кегейли туманида ҳам оммалаштириш мақсадида «Андижон мебеллари» корхонасига асос солмоқдамиз. Дастлаб 20 та янги иш ўрни яратилади. Лойиҳа тўлиқ фойдаланишга топширилгач, 50 нафар кегейлилик аҳоли доимий даромад манбаига эга бўлади. Бунинг учун жами 10 млрд. сўмлик лойиҳа ишларига киришганмиз.

Тумандаги мавжуд шароитдан келиб чиққан ҳолда барпо этилаётган «Кегейли барака наслли паррандалари» кластерининг лойиҳа қиймати 80 млрд. сўмни ташкил этади. 21 гектар ер майдонида бунёдкорлик ишлари давом этаётган ушбу объект ишга туширилгач, бир йилда 100 минг бош парранда парваришлаш имконияти яратилади. Дастлаб 50 нафар ишчиларни жалб этиш кўзда тутилган.

— Андижон вилояти ҳокимлиги томонидан туманимизда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, моддий қўллаб-қувватлаш ишлари ҳам олиб борилмоқда, — дейди «Нурли бўстон» МФЙ раиси Арухан Қозоқбоева. — Мисол учун, бизнинг маҳаллада истиқомат қилувчи 38 та кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларга амалий кўмак кўрсатилмоқда. Жумладан, уйларни таъмирлаш, беморларнинг саломатлигини тиклаш билан бир қаторда уй шароитида даромад топиш усуллари ҳам ўргатиляпти.

— Мен яшаб турган уйнинг том қисми таъмирталаб эди, — дейди Амангул Опаева. — Ёғингарчилик кунлари чакка ўтарди. Андижон вилояти ҳокимлиги вакиллари хонадонимда бўлиб, турмуш шароитим билан танишгач, уйимнинг том қисмини янгилаб беришди. Оиламга кўрсатилган бу ёрдамдан ниҳоятда хурсандман!

Олиб борилаётган бу каби хайрли ишлар минглаб оилаларнинг қувончига сабаб бўлмоқда. Зеро, 920 та хонадоннинг том қисмини таъмирлаш, 4 та уйни янгидан қуриб бериш ишларига киришилган бўлиб, ҳозирга қадар 300 та уйда таъмирлаш ишлари якунига етказилди.

Давлатимиз Мустақиллигининг 33 йиллик байрами Кегейли тумани аҳолиси учун ҳар йилгидан ўзгача кайфиятда нишонланди. Сабаби, Андижон вилоятидан йўлга чиққан карвон 290 тонна озиқ-овқат, кийим-кечак ва уй-рўзғор буюмларидан иборат совғани ҳамюртларимизга улашди. Шунингдек, 1200 нафар ўғил-қизларга мактаб формалари тарқатилди.

— Набирамнинг қувончини кўриб, хурсанд бўлдим, — дейди меҳнат фахрийси Бекобод Қазақпаев. — Унга янги мактаб формалари ўқув қуроллари билан совға қилинди. Ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларга кўрсатилаётган бу каби эътибордан мамнунмиз!

Шу кунгача Андижон вилояти томонидан Кегейли туманида ҳудудлар инфратузилмаси ва аҳоли турмуш шароитини яхшилаш мақсадида 28,1 млрд. сўмлик ҳомийлик маблағлари сарфланди. Шундан 9,3 млрд. сўми ижтимоий соҳа объектларига йўналтирилди. Бу табиийки, 74 минг 891 нафар замондошларимиз истиқомат қилаётган манзилнинг иқтисодий-ижтимоий жиҳатдан янада юксалишига хизмат қилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?