У Давлат мадҳиясини биринчилар қаторида куйлаган
1992 йил 10 декабрь. Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг навбатдаги XI сессияси бўлиб ўтмоқда. Сессия кун тартибига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳиясини қабул қилиш лозим.
Шунга мувофиқ равишда депутат Пиримқул Қодиров Давлат мадҳияси учун ўтказилган ижодий танлов якунлари тўғрисида ҳисобот берди ва энг яхши деб топилган уч намуна ҳақида сўзлади. Шундан сўнг дастлаб шоирлар Абдулла Орипов ва Мирпўлат Мирзо мадҳия матнларини сессия иштирокчиларига ўқиб эшиттирдилар. Сўнгра навбатга кўра, Абдулла Орипов сўзи ва Бахтиёр Алиев мусиқаси, Мирпўлат Мирзо сўзи ва Рустам Абдуллаев мусиқаси ҳамда Абдулла Орипов сўзи ва Мутал Бурҳонов мусиқаси билан куйланувчи ижролар депутатлар томонидан тингланди.
Шундан кейинги музокараларда Абдулла Орипов шеъри ва Мутал Бурҳонов мусиқаси асосида яратилган Давлат мадҳиясини қабул қилиш борасида аниқ бир тўхтамга келинди. Танловда иштирок этган муқобил мадҳия вариантлари муаллифларини ҳам муносиб тақдирлаш тўғрисида келишиб олинди.
Олий Кенгашнинг 1992 йил 10 декабрда қабул қилган “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш ҳақида”ги қарорида ушбу Қонун билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси 1992 йил 10 декабрдан қонунчиликда кўзда тутилган барча жойда ижро этилиши белгилаб қўйилди ва залда мадҳия ижро этилди.
Олий Кенгаш сессиясида тасдиқланган Давлат мадҳиясининг биринчи ва намунавий ижроси Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси қошидаги хор жамоаси томонидан куйланган эди. Унда Тошкент вилоятида яшаб, фаолият юритиб келаётган эстрада хонандаси Абдулла Туробов ҳам бор эди.
Орадан ўттиз уч йил ўтган бўлишига қарамай, хонанданинг ҳаяжонлари ҳамон у билан бирга.
– Давлатимиз мадҳиясини илк бор ижро этган Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси қошидаги Ўзбекистонда хизмат кўрсатган хор жамоаси таркибида мустақил мамлакат рамзи бўлган улуғвор таронани куйлаганимдан фахрланиб юраман, – дейди Абдулла Туробов ғурур билан.
Тошкентдаги ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг мусиқали драма театри актёри факультетини эндигина тугатган истеъдодли йигит 1973 йилда мазкур хор жамоасига ишга қабул қилинганди. Бунгача эса ўртачирчиқлик ёш истеъдод институтга қабул қилиш имтиҳонларида Ўзбекистон халқ артисти Суръат Пўлатовнинг синовларидан муваффақиятли ўтиб, унинг олқишини олган, кейинчалик эса Ўзбекистон халқ артисти, машҳур актёр Раззоқ Ҳамроевдан соҳа сирларини ўрганган ҳолда катта санъат даргоҳига дадил қадамлар билан кириб келганди.
Дарвоқе, солист ва эстрада хонандаси бўлиб етишган хушовоз хонандага катта санъатнинг қутлуғ йўллари дебочасида унга ўзбек эстрадаси дарғаси, ўзбек миллий эстрада қўшиқчилигига асос солган ва уни дунёга таратган Ботир Зокировнинг “оқ йўл” тилаганлигини ҳам алоҳида мамнуният ва ифтихор билан қайд этиш жоиз.
– Ҳаётимда кўплаб ҳаяжонли лаҳзаларга гувоҳман, бироқ Давлат мадҳиясининг биринчилар қаторида ижро этишни камдан-кам ижрочиларга насиб этган жуда улуғ бахт, деб ҳисоблайман, – дейди Абдулла Туробов. – Дуода гап катта. Бу бахтга муяссар этган Ботир Зокировнинг дуоси эмасмикан, деб ўйлаб ҳам қоламан. Дарҳақиқат, халқимиз “Дуо билан эл кўкарар”, деб бежиз айтмаган-ку.
Улуғ санъаткор билан учрашганида Абдулла Туробов Ўрта Чирчиқ туманидаги 3-умумий ўрта таълим мактабининг юқори синфларида таҳсил олар, шу билан бирга Ўрта Чирчиқ тумани Маданият уйининг фаол иштирокчиларидан бирига айланганди. У машҳур хонанданинг турли тиллардаги, айниқса, ҳиндча қўшиқларини севиб куйларди.
Худди Ботир Зокиров каби Абдулла Туробов ҳам нафақат ўзбекча, балки ҳиндча, афғонча, туркча қўшиқларни ҳам маромига етказиб куйлайдиган эстрада хонандасидир. У юртимизда ўтказилган “Шарқ тароналари”, “Анор” каби нуфузли мусиқа фестивалларининг иштирокчиси ва совриндорига айланди. Замонавий ўзбек эстрадасининг вакили сифатида хорижий давлатлар саҳналарида жўшиб куйлади.
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси қошидаги хор жамоаси Давлат мадҳиясини биринчи намунавий шаклини ижро этгани, шунингдек, Эстонияда бўлиб ўтган санъат фестивалида ўзбек миллий санъати жозибасини моҳирона намоён этганлиги учун хонандалар гуруҳига “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист” фахрий унвони берилгани, шундан сўнг бу жамоа шунчаки хор жамоаси эмас, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган хор жамоасига айланганини ҳам Абдулла Туробов ҳаяжон билан эслайди. Бироқ бу жамоа ижросида Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг биринчи тарихий ижроси куйлангани ва ундаги сурурни ҳеч қандай ўлчов бирлиги билан ўлчаб бўлмайди.
Отабек ИСРОИЛОВ
(«Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саккизта гол урилган ўйинда “Барселона” ғалаба қозонди
- “Башакшеҳир” Туркиянинг гранд клуби билан дуранг ўйнади
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- “Матонатли Марям” фильми кенг жамоатчиликка тақдим этилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг