Китобхонлик — ёрқин келажак кафолатидир

19:28 17 Февраль 2023 Маданият
3013 0

Фото: Халқ сўзи

Бугунги кунда жамиятда китобнинг маънавий ҳамда ахлоқий озуқа, маданият ва тил равнақи учун асосий манба, аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган интеллектуал мерос сифатида мавқейи ҳамда аҳамиятини сақлаш, ҳатто тиклашга эҳтиёж сезиляпти. Аввало, бадиий, маърифий, илмий-оммабоп, тарбиявий, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган адабиётларни чоп этиш, улар билан таълим муассасаларини таъминлаш, миллий ҳамда жаҳон адабиёти намояндаларининг асарларини саралаш, таржима қилиш ишларини пухта ўйланган тизим асосида ташкил этиш борасида ишлар олиб борилмоқда. Қуйидаги мулоҳазалар орқали шуларга тўхталиб ўтишни жоиз топдик.

Замонавий китобхонлик мезонлари

Адабиёт фан сифатида инсоннинг кимлиги ва нималарга қодирлигини ташқи омиллар билан эмас, балки ички туғёнлар орқали муайян категориялар орқали ифодалаш хусусиятига эга. Ҳар бир фан қатори адабиёт ҳам даврлар ўзгариши негизида «пўст ташлаб» боради. Бу «пўст ташлаш» жараёнида одамнинг ўй-хаёллари, кечинмалари, туйғулари, ўзлигини топишга қаратилган уринишлари ҳам сайқалланиб боради. Ижодкорлар ўз ижодий ишларини жамиятга тақдим этар экан, инсонлар ундан эстетик завқ туйишини хоҳлашади. Кимдир у завқни туя олади, кимдир эса йўқ. Ҳис қилолмаслик инсонни чуқур англашга, сўзсиз тушунишга тўсқинлик қилади. Шунинг учун ҳам бугунги кун адабиёти ўз ўқувчиси олдига янги вазифаларни қўйиши керак. Бундай вазифалардан бири эстетик дидни ривожлантиришдир.

Замонавий китобхонликда эстетик идрок ва дид муҳим аҳамиятга эга. Эстетик дидга эга бўлган инсон атроф-муҳитни гўзаллик ва хунуклик, улуғворлик ва тубанлик, фожиавийлик ва кулгилилик каби мезоний тушунчалар орқали кўздан кечиради. Юксак эстетик дидга эга бўлиш одамнинг ўзинигина эмас, атрофидагиларга ижобий таъсир кўрсатади. Бу қобилият табиий-туғмаликка бориб тақалсада, аммо ўзини асосан тарбия, ижтимоий муносабатлар орқали рўёбга чиқаради. Эстетик дид ҳам ақлий, ҳам ахлоқий, ҳам ҳиссий тарбия уйғунлашган умумийликдан иборатдир.

Китоб билан ишлаш менталитет ва эҳтиёждан келиб чиқиб шаклланадиган, китобхоннинг шахсий қарашлари туфайли ривожланадиган жараёндир. Бугунги кунда барча тоифадагилар — ўқувчи, талаба, ишчи, ёшлар, ўрта ёшлилар, кекса авлод ўртасида китоб ўқишни тарғиб қилиш, уларнинг фаол китобхон бўлишига эришишда ижтимоий институтларнинг ролини ошириш, мутолаа соҳасида дастурий-лойиҳавий фаолиятни ривожлантириш, интернет-технологияларидан фаол фойдаланиш ҳамда китобхонлик фаоллигини оширишга йўналтирилган ижтимоий-педагогик механизмларни такомиллаштиришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.

Китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишга доир тарғибот ишларини тизимли ва самарали ташкил этиш мақсадида китобхонлар, кутубхоначи ва тарғиботчилар ўртасида «Ёш китобхон», «Энг китобхон мактаб», «Энг китобхон маҳалла», «Энг китобхон оила», «Энг фаол кутубхоначи» каби кўрик-танловларни юқори савияда ўтказиш йўлга қўйилди.

Бироқ қандайдир манфаат илинжида китоб ўқилиши инсонга панд бермайдими деган савол бизни қийнайди. Ўз ўрнида албатта панд бериши табиий. Чунки, инсон ўз эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда китоблар танласа, қайсидир танлов учун руҳига ноуйғун, кўнглига йироқ китобни ҳам ўқишига тўғри келади. Аммо унутмаслик керакки, ҳар қандай вазиятда ҳам мутолаа инсон тафаккурини шакллантиришда, дунёқарашини кенгайтиришда муҳим роль ўйнайди.

Бугунги кунда китоб мутолааси билан шуғулланиш билан бирга уни тарғиб қилиш ҳам муҳим масалалардан биридир. Китобхонликни турли ёш ва соҳа кишилари ўртасида тарғиб қилишда мутолаага жалб қилинадиган китобларнинг мавзу йўналишларини ҳам аниқлаб олиш муҳимдир. Турли тоифа кишилари шароитидан, вазиятидан, фаолиятидан ва касбидан келиб чиқиб китоб танлайдилар. Танловнинг тўғри қилиниши натижанинг самарадорлигини таъминлашига шубҳа йўқ.

Талаба-ёшлар ҳаётида китобнинг аҳамияти қандай?

Бугунги шиддат билан ўзгараётган замон талабаларнинг маънавий бутун, маърифий етук бўлиб етишиши учун таълим олдига жуда кўп талаблар қўймоқда. Бу талаблар ичида ўз ишига креатив ёндашув алоҳида ўрин тутади.

Талабаларнинг замонавий билим, кўникма ва малакаларни фақатгина ўзлаштирибгина қолмасдан, балки унинг барча компонентларини ҳаётга қўллай олиши муҳим вазифа эканини ҳар бир педагог ва таълим муассасаси тушуниб етсагина ишда самарадорлик бўлади. Барча фанлар қатори адабиёт фани дарсларида ҳам ўқувчиларнинг билим, кўникма ва малакасини шакллантиришда аниқ тавсифли машғулотларни ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга.

Ёш авлодни тарбиялашга қаратилган давлат сиёсати борасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек: «Ёшларимизнинг мустақил фикрлайдиган, юксак интеллектуал ва маънавий салоҳиятга эга бўлиб, дунё миқёсида ўз тенгдошларига ҳеч қайси соҳада бўш келмайдиган инсонлар бўлиб камол топиши, бахтли бўлиши учун давлатимиз ва жамиятимизнинг бор куч ва имкониятларини сафарбар этамиз».

Талаба мутолаасининг асосий манбаси бадиий китоб бўлмоғи зарур. Китоб ва унга бўлган муносабат эса асрлар давомида турфа кўринишларда намоён бўлди. Бу муносабатлар замирида китобга бўлган чексиз меҳрдан тортиб, унинг комиллик мезони даражасини белгиловчи асосий восита эканлигигача бўлган улкан ишонч ётибди.

Ривожланган давлатларда асосий эътибор кутубхона-ахборот тармоқларини ривожлантириш, аҳоли, шу жумладан, ўқувчи-ёшларда китоб ўқишга бўлган қизиқишни орттиришнинг инновацион шакл, метод ва воситаларини ишлаб чиқиш муҳим вазифа сифатида белгиланган.

Китобхонликни оммалаштириш мақсадида кенг аҳоли қатламини китоб мутолаасига жалб қилиш ва уларни китоб билан таъминлаш бўйича оммавий тадбирлар, хайрия акцияларини ташкил этиш, ижтимоий рекламалардан унумли фойдаланиш, ўзбек ҳамда жаҳон адабиётининг, таниқли муаллифларнинг мумтоз ва замонавий бадиий асарларини тарғиб қилиш, ушбу соҳада жамоатчилик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, кўнгиллилар (волонтёрлик) ҳаракатини ривожлантириш, китобхонлик муаммосининг кенг жамоатчилик муҳокамасини, шу жумладан, ижтимоий тармоқлар ҳамда интернет имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда ташкил этиш бўйича аниқ ишлар олиб борилиши кўзда тутилмоқда.

Мутолаа маданияти: кеча ва бугун

Мутолаа маданиятининг бугун турли воситалар орқали оптималлашиб бораётгани қувонарли ҳолатлардан биридир. Босма нашрдан чиққан китоблар ёнига электрон нашрлар қўшилди. Электрон нашрлар интернетнинг кенг имкониятлари сабаб жуда оммалашди. Бундай нашрлар учун махсус дастурларнинг жорий этилиши техника тараққиётининг алоҳида ютуғи бўлиб, компьютер, планшет ва телефон қурилмалари орқали китобларни топиш ва фойдаланишни тезлатиб юборди. Электрон китоблардан Андроид тизими учун мўлжалланган китоблар машҳурдир. Шунингдек, китобларнинг аудио вариантлари ёзила бошлангач, жой ва вақт танламайдиган эркин мутолаани оммалаштирди.

Онлайн мутолаа қилиш имконияти туфайли китобнинг онлайн савдоси ҳам ривожланиб боряпти. Бу борада жаҳон миқёсида савдони ташкил этувчи «Амазон», «ЛитРес», «Лабиринт», «Озон» каби интернет дўконлари кунига минглаб китобларни ўқувчига етказиб бермоқда. Ўзбекистонда ҳам бу соҳа анча янги ва ёш тармоқ бўлиб, бу борада ҳозирча «Асахий боокс» интернет дўкони етакчи роль ўйнамоқда.

Мутолаа учун вақтни тақсимлаш ва кун тартибини аниқ белгилаб олиш муҳим омилдир. Shango.ru сайти “NOP World” халқаро рейтинг агентлиги маълумотларига таяниб, қуйидагиларни ёзади: дунёда одамлар ҳафтасига 16,6 соат вақтини телевизор кўришга сарфласа, 8,9 соатни компьютер қаршисида ўтказади, 6,5 соатни эса мутолаага ажратади. 2016 йилда ҳафтасига энг кўп китоб ўқийдиган мамлакатлар рўйхатида Ҳиндистон — 10,7, Таиланд — 9,4, Хитой — 8, Филиппин — 7,6, Чехия — 7,4, Россия — 7,1, Швеция — 6,9, Франция — 6,9 ва Венгрия — 6,8 соат билан юқори ўринларни эгаллади.

Куни ва ёки ҳафтасининг бир қисмини китоб мутолааси учун алоҳида регламент асосида ажрата билишнинг ўзиёқ китобхонликнинг нақадар аҳамиятли машғулот тури эканини исботлайди.

Мутолаа маданияти кишининг манбани тўлақонли тушуниши, ундан эстетик завқ олиши, муаллиф фикри ва ғоясини англаши ҳамда уни баҳолай олиши каби хусусиятларга эга бўлишини таъминлайди. Китобни танлаш, уни ўқиш, авайлаб сақлаш, шахсий кутубхона ташкил этиш, ўқилган китобларни бошқаларга тавсия эта олиш ҳам мутолаа маданиятига киради. Керакли китоб учун вақтни унумли сарфлаш учун, атрофдагиларга унинг муҳим маданият белгиси, маърифий тарбия воситаси сифатида тавсия қила олиш учун ҳам кишида бадиий-эстетик дид даражаси юқори бўлиши зарур.

Унутмаслик керакки, бадиий китобни ҳозирги глобаллашган замонда шунчаки ўқишга тавсия қилиш билан ўқитиб, китобхон дидини ошириб бўлмайди. Замонавий метод ва усуллар устида ишлаш ва шу орқали ўқувчиларни нимани қачон ва қай тартибда ўқишга кўниктириш масалаларини ҳам қайта кўриб чиқадиган пайт келди.

Ривожланган давлатларда китобга қизиқтиришнинг бир қанча ноодатий лойиҳалар ўйлаб топилган ва ҳаётга жорий этилган. «Букросинг», «Флешмоб», «Сторисек», «Кўк чамадон», «Сеҳрли рюкзак», «Хавфсиз бурчак» каби лойиҳалар шулар жумласидандир. Улар соҳа фаолиятига фақат янгилик киритиши ҳамда фойдаланувчиларни ўзига жалб қилиши билан самарали ҳисобланади.

Бадиий китобсиз илму маърифатга тўла эришишни, ҳақиқий тўкис жамият қуришни тасаввур қилиб бўлмайди. Демак, ҳамма нарса инсоннинг билимига, маънавий камолотига бориб тақалар экан, китобхонлик анъаналарини давом эттириш, айниқса, ёшлар ўртасида мутолаа маданиятини шакллантириш ва ривожлантириш ўта зарур вазифалиги ўз-ўзидан аён.

Баҳодир ХОЛИҚОВ,

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича 1 проректори, филология фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?