Китобда 6 ойда хотин-қизларга нисбатан 125 та тазйиқ ва зўравонлик ҳолати юз берди

17:09 21 Июнь 2021 Жамият
684 0

Бу ҳақда Республика Маънавият ва маърифат маркази Китоб тумани бўлинмаси, ички ишлар, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари ҳамда «Миллий тикланиш» демократик партияси туман Кенгаши ҳамкорлигида Боғбон ва Ҳожи маҳалла фуқаролар йиғинларида «Биз хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ва тазйиққа қаршимиз!» мавзусида давра суҳбатида айтиб ўтилди.

— Сўнгги уч йилда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясига қаратилган 24 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат, шу жумладан, 2 та қонун, Президентнинг 6 та қарор ва фармони, Вазирлар Маҳкамасининг 16 та қарори қабул қилинди, — дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази Китоб тумани бўлинмаси раҳбари Гуландон Сатторова. – Шунга қарамасдан жорий йилнинг ўтган даврида Китобда хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик қилиш ҳолати 125 тани ташкил этгани жуда ачинарли ҳолдир. Хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолати Али Қушчи, Санам, Чаримгар ва Бирлик маҳалла фуқаролар йиғинида айниқса кўпроқ учраётгани маҳалла раислари, фаоллари ва кайвони отахону онахонларни кўпроқ ташвишга солиши лозим.

Оилалардаги келишмовчиликларни иқтисодий масалалар билан боғлаш ҳам унчалик тўғри бўлмайди. Тўғри, туманда ишсизлар кўп, аммо бугун ҳудудда кичик бизнесни ривожлантиришга катта эътибор қаратиляпти. Чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, иссиқхона хўжалиги тармоқларида фаолият юритиш учун кенг имкониятлар яратилмоқда.

Давра суҳбатида оилалар билан ишлашда жамоатчилик кенгашлари фаолиятини кучайтириш, ишсиз ва ҳунарсиз фуқаролар бандлигини таъминлаш орқали эр-хотин муносабатларни изга солиш бўйича таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

Фахриддин Бозоров,
«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?