Хорижий олий таълим муассасаси дипломи қандай ҳолатларда Ўзбекистонда тан олинмайди?

17:44 09 Сентябр 2021 Жамият
2174 0

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси матбуот котиби Шавкат ХЎЖАҚУЛОВ олий таълим муассасаларига ўқишга кира олмаган абитуриент ёшлар ва уларнинг ота-оналаридан келиб тушган бир қанча долзарб саволларга жавоб берди.

— Ҳозирги кунда юртимизда қайси нодавлат олий таълим ташкилотлари абитуриентлардан ҳужжатлар қабул қилмоқда? Улар томонидан бериладиган диплом давлат олийгоҳлари дипломи билан бир хил кучга эгами?

— Таълим соҳасига қаратилаётган юксак эътибор натижасида бугун мамлакатимизда фаолият олиб бораётган нодавлат олий таълим ташкилотлари сони 29 тага етди.

Мамлакатимиздаги нодавлат олий таълим ташкилотларининг расмий веб-саҳифалари ўрганилганда, ҳозирда Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти, Маъмун номидаги Жаҳон тиллари институти, TMC институти ҳамда TEAM университети, Тошкент шаҳридаги Британия менежмент университети, Тошкент халқаро таълим университети каби олий таълим ташкилотларида қабул жараёнлари давом этаётганлиги маълум бўлди.

Ушбу муассасаларга олий таълим хизматлари кўрсатиш учун Таълим инспекцияси томонидан белгиланган тартибда лицензиялар расмийлаштирилган. Улар томонидан берилган диплом мамлакатимиздаги бошқа олийгоҳларники билан бир қаторда тан олинади.

Шундай экан талаба бўлиш истагида бўлган ёшлар ва уларнинг ота-оналари ҳеч иккиланмай юртимиздаги нодавлат олий таълим ташкилотлари хизматларидан фойдаланишлари мумкин.

— Хорижий давлатдаги олий таълим муассасасида ўқиш истагида бўлган ёшлар келажакда ўзлари танлаган олий таълим муассасасининг дипломи Ўзбекистонда тан олиниши учун нималарга эътибор қаратиши лозим?

— Аввало, ташкилотнинг олий таълим муассасаси сифатида фаолият юритишига рухсат берувчи ҳужжати, яъни лицензияси мавжудлигига ишонч ҳосил қилиш керак. Кейинги энг муҳим талаб – таълим муассасаси томонидан бериладиган диплом ўзи жойлашган мамлакат ҳудудида тан олиниши билан боғлиқ. Бунинг учун эса олий таълим муассасаси ва унинг таълим дастурлари ваколатли органлар томонидан аккредитациядан ўтказилган бўлиши зарур.

Бундан ташқари, талабгор танлаган олий таълим муассасасининг ўқитиш шакли ва таълим дастурлари Ўзбекистон қонунчилигига мос келишини ўрганиши зарур. “Таълим тўғрисида”ги қонунга кўра, Ўзбекистон ҳудудида расман тан олинадиган бакалавриат босқичи камида 3 йил, сиртқи таълим камида 4 йил, магистратура эса камида 1 йил муддат этиб белгиланган.

Агар хорижий таълим тўғрисидаги ҳужжат берилган давлатда унинг эгасига Ўзбекистондагига қараганда таълим олиш ва (ёки) касбий фаолият билан шуғулланиш учун кам ҳуқуқлар берилган ва олий маълумот Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилмаган таълим шаклида олинган бўлса, бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари қўшиб ўқитиладиган таълим дастурлари бўйича таълим олганда умумий ўқиш даври уч йилдан кам бўлса, бундай ҳолларда хорижий олий таълим муассасаси дипломи мамлакатимизда тан олинмайди.

— Олий таълим муассасасига ўқишга кира олмаган ёшлар учун юртимиздаги коллеж ва техникумлар ҳақида маълумот берсангиз.

— 2021/2022 ўқув йилида 176 та коллежда 170 дан ортиқ касб бўйича, 197 та техникумда 140 га яқин мутахассислик бўйича кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Коллежлар ва техникумларга 2021/2022-ўқув йили учун 10 сентябрга қадар ўқишга қабул қилиш учун онлайн рўйхатдан ўтиш мумкин.

Ушбу таълим муассасалари битирувчилари келгусида эгаллаган касб ва мутахассислари бўйича ишлашлари, эҳтиёждан келиб чиқиб, кейинчалик олий таълим муассасаларига ҳужжат топширишлари мумкин.

Эътиборлиси, Президентимизнинг 2019 йил 6 сентябрдаги тегишли фармонига мувофиқ, техникум битирувчилари ўз соҳасига мос бакалавриат таълим йўналишлари бўйича кириш имтиҳонларисиз якка тартибдаги суҳбат орқали олий таълим муассасаларида 2-босқичдан ўқишини давом эттириш ҳуқуқига эга бўлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?