Хивада «Беш ташаббус» доирасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

15:51 15 Май 2021 Жамият
1680 0

Ҳасан ПАЙДОЕВ - “Халқ сўзи”

Мамлакатимизда ёшларни жисмонан соғлом, маънан етук қилиб тарбиялаш учун барча шароитлар яратиб бериляпти. Бугун спорт билан шуғулланаман, мусиқага ошуфта бўламан, ахборот технологияларини мукаммал эгаллайман, рассомчилик жону дилим деган навқирон авлод вакиллари борки, уларнинг орзуларини амалга ошириш асосий мақсадга айланган. Бунинг учун нимаики керак бўлса, қандай моддий-техника база ёки инфратузилма талаб қилинса, тақдим этилмоқда.

Хўш, бу борадаги ишлар амалга оширишда секторлар, хусусан, 2-сектор томонидан қандай ишлар олиб бориляпти?

Мухбиримиз шулар хусусида батафсил маълумот олиш мақсадида Хива шахар прокурори адлия кичик маслахатчиси Mирза Вапаев  билан суҳбатлашди.

— 2-секторга бириктирилган ҳудудларда “маҳаллабай”, “хонадонбай” ва “фуқаробай” ишлар тизими яратилган. Асосий эътиборни ҳудуддаги ишсиз аёллар ва ёшларни иш билан банд қилиш, ижтимоий муаммоларни ҳал этиш ва умуман халқ фаровонлигини таъминлашга қаратмоқдамиз.

Ёш авлодни баркамол вояга етишлари учун тизимли ишлар олиб борилмоқда. Аввало, шаҳарда халқ таълими бўлимига қарашли 21 та таълим муассасаси мавжуд эканлигини айтиб ўтсак. Улардан 19 таси умумтаълим мактаби, 1 таси айрим фанлар чуқур ўргатиладиган давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби, 1 таси ихтисослаштирилган мактаб интернатидир.

Прокурор сектори ва бошқа ҳамкор ташкилотлар ҳамкорлигида мактабларнинг барчаси давлатимиз раҳбари илгари сурган 5 та ташаббус билан қамраб олинган бўлиб, уларда ёшлар маънавиятини юксалтириш устувор вазифа этиб белгилаб олинган.

Айни пайтда шу тамойил асосида ўғил-қизлар билан ишлаш самарали ташкил этиб келиняпти. Хусусан, уларнинг маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари, китоб ўқишга қизиқишини ошириш бўйича қатор маданий тадбирлар ташкил этилмоқда. Улардан бири яқинда шаҳардаги 10-мактабда “Беш ташаббус — беш имконият” шиори остида ўтказилди.

Прокурор сектори соврини учун бўлиб ўтган танловда барча сектор раҳбарлари ва уларга бириктирилган таълим муассасалари қамраб олинди. Хусусан, ёшларни мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини ошириш, истеъдодини юзага чиқаришга қаратилган биринчи ташаббус доирасида мактаб жамоалари томонидан яратилган натюрморт ҳамда ранг тасвир йўналишидаги ишлар, мусиқа тўгараги аъзолари томонидан айтилган куй-қўшиқлар барчанинг олқишини олди.

Аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари, интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этишга қаратилган учинчи ташаббус бўйича ҳам амалга оширилган ишлар кўпчиликда қизиқиш уйғотди. Тадбирга келганлар ўқувчилар томонидан ясалган робототехника воситалари — ҳайдаладиган машина, гапирувчи робот каби қурилмаларни кўриб ҳайратларини яшира олмадилар.

Маълумки, бешинчи ташаббус хотин-қизларни иш билан таъминлаш масалаларини назарда тутади. Тадбирда “Ораста қизлар” ва “Қизларжон” клуби аъзолари томонидан тикилган, тўқилган эркаклар ва аёллар кийимлари, сим ёрдамида тўқиш, каштачилик санъати намуналари кўргазмага қўйилди. Улар иштирокчиларнинг юқори баҳоларига сазовор бўлди. Умуман олганда, ҳар бир мактаб жамоаси танловда 50-60 тадан кўргазмалари билан қатнашди.

Бу каби форумлар эса ижодкор, иқтидорли, қобилиятли ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларни излаб топиб, қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этади, албатта. Бинобарин, ушбу танловда ҳам 4 та сектор таркибига кирувчи мактаблар кесимида 1 тадан мактаб ғолиб деб топилди.

Ғолибликни қўлга киритган таълим муассасалари вакиллари сектор раҳбарлари томонидан диплом ва принтерлар, рубоб, дутор, доира каби чолғу асбоблари билан тақдирланди. Совриндор бўлган бошқа мактабларга ҳам ташаккурномалар ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

Рағбатнинг қаноти бор, деганларидек, бундай хайрли ишлар ёш авлодни жамиятда муносиб ўрин эгаллашлари, ўзларига бўлган ишончларини мустаҳкамлашларида муҳим роль ўйнамоқда.

Аҳолини иш билан таъминлаш, уларнинг қизиқишларини ўрганиш ҳам диққат-эътиборимизда.

Жумладан, 2-сектор ҳудудига кирувчи Қиёт маҳалласи, Янги ҳаёт кўчасида яшовчи, “ёшлар дафтари”га киритилган фуқаро Динара Жуманиязова тикувчиликка қизиқарди. Унинг бу қизиқишини инобатга олиб, унга прокуратура ёрдами билан 30 млн. сўм пул маблағлари эвазига 6 та тикув машинаси олиб берилди. Ҳозирги кунда ушбу фуқаро ўзини-ўзи банд қилиш билан бирга ўзи қатори 4 нафар ишсиз тенгдошини ҳам иш билан таъминлаб, фаолиятини йўлга қўйишида амалий ёрдам берилиши таъминланди.

Бундан ташқари, Қиёт маҳалласи, Буюк йўл кўчасида яшовчи “ёшлар дафтари”га кирган фуқаро Иззатбек Шамуратовга 30 млн. сўм кредит олиб берилди. Бунинг натижасида у темир дарвоза ишлаб чиқаришни йўлга қўйди ва 7 та иш ўрни яратиб, ишсиз ёшларни иш билан таъминлаб келяпти.

Умуман, Хива шаҳар прокурори, яъни 2-сектор ташаббуси билан маҳаллаларда уйма-уй юриш орқали уларни ҳал этиш каби эзгу саъй-ҳаракатлар узлуксиз равишда давом эттирилмоқда. Бундай интилишлар эса жамиятда ёшларнинг ўрнини ошириш, уларни янги ғоялар сари рағбатлантиришга хизмат қилмоқда.

 

“Халқ сўзи”

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?