Келин-куёвга никоҳ гувоҳномасини шаҳар ҳокими топширади

15:56 10 Апрель 2025 Жамият
181 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Янги оила қураётган ёшларнинг оила ва никоҳ муносабатларидаги масъулиятини янада ошириш мақсадида Қўқон шаҳрида ўзига хос эзгу ташаббус илгари сурилди.

Гап шундаки, эндиликда оила қураётган йигит-қизларга никоҳ гувоҳномасини кенг жамоатчилик иштирокида ташкил этиладиган тантанали тадбирда шаҳар ҳокими топширади. Шу мақсадда ўтказилган илк учрашувда Қўқон шаҳар ҳокими Маруфжон Усмонов бўлажак келин-куёвлар билан оиланинг ижтимоий-ҳуқуқий асослари, эр-хотиннинг мажбуриятлари ҳамда бу борадаги миллий қадриятларимиз хусусида самимий суҳбатлашди.

Тантанали маросимда иштирок этиб, оилавий ҳаётга қадам қўяётган бу ёшларнинг барчаси «Оила» маркази ташкил қилган қисқа муддатли «Ёш келин-куёвлар» ўқув курсида ўқиди. Тадбирда Қўқон шаҳар оила ва хотин-қизлар бўлими томонидан маҳаллаларда амалга оширилаётган ишлар ҳам алоҳида эътироф этилиб, мисол учун, 2024 йили ажримлар сони бир йил олдингига қараганда сезиларли даражада камайгани таъкидланди. Шу билан бирга, ўтган йилнинг ўзида 35 та шаърий никоҳ асосида яшаб келаётган оилаларнинг никоҳи қонуний расмийлаштирилди ҳамда 35 та ажрим ёқасига келиб қолган оилалар яраштирилди.

Юзма-юз мулоқот давомида Қўқон шаҳар ҳокими оила қураётган ёшларни самимий муборакбод этиб, уларга никоҳ гувоҳномаларини топширди. Ўз навбатида, шаҳардаги Амирий кутубхонаси жамоаси томонидан келин-куёвларга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг «Бахтиёр оила» китоби туҳфа этилди.

— Бу ҳаётимиздаги унутилмас қувончли кун бўлиб қолади, — дейди янги оила қураётган Ойбек Ҳабибуллаев ва Гулчеҳра Орипова. — Боиси ота-оналаримиз, нуронийлар ва шаҳар фаоллари иштирокида бундай ёрлиқни олиш катта хурсандчилик, шу билан бирга, улкан масъулият ҳам юклайди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?