Касбидан эъзоз топган каштадўзлар

17:22 19 Март 2025 Жамият
174 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Қўлда кашта тикиш анъанаси ўзбек хонадонларида азалдан бўлган. Ҳар бир оила бекаси зарурият эмас, маънавий завқ олиш учун кашта тиккан. Кашта тикишни билмаган аёл уқувсиз ҳисобланган. Шундан каштадўзлик ҳозиргача опа-сингилларимизнинг севимли машғулотидир. Самарқандлик Шоира Ғаниева моҳир каштадўзлар сулоласининг ишини давом эттириб келаётган ҳунармандлардан. У болалигидан каштадўзликка қизиқади. Ипак матоларга табиий бўёқлар ёрдамида гул босиш билан шуғулланади. Унинг ижодий ишлари ЮНEСКО томонидан «Бутунжаҳон сифат белгиси» сертификати билан тақдирланган. «Шуҳрат» медали соҳибаси ҳамдир.

— Кашта тикишни бувим ва онамдан ўрганганман. Кейинчалик бу ҳунар севимли касбимга айланди, — дейди Ш.Ғаниева. — Танловларда юқори натижаларни қўлга киритиб, семинарлар доирасида маҳорат дарслари ўтяпман. Дунёнинг барча қитъасида шогирдларим бор. Ўн йил давомида сулоламиз ва ўзимнинг ишларимни китоб ҳолига келтирдим. Бу тўплам бўлажак ҳунармандлар учун қўлланма вазифасини ўтайди.

Шоира опанинг атрофидаги барча хотин-қизлар кашта тикишни билади. Қизлари еттинчи, набиралари саккизинчи авлод бўлиб, онасининг маҳоратини бошқаларга ҳам ўргатиб келмоқда. Ургутлик каштадўз Қурбоной Турдиева ҳам мамлакатимиз бўйлаб ўтказилган ҳунармандлар кўргазмаларида Шоира Ғаниеванинг ижодий ишларидан завқланиб ўз ишини йўлга қўйган. Унинг маҳсулотлари нафақат мамлакатимиз, балки хорижий давлатларда ҳам эътироф этилмоқда.

— 2014 йилда республика «Ҳунарманд» уюшмасига аъзо бўлдим, — дейди моҳир каштадўз Қурбоной Турдиева. — Бу маҳсулотларимни миллий ва халқаро бозорларга чиқариш учун имконият яратди. Ҳозир юзлаб шогирдларим бор. Уларга халқаро миқёсда тан олинган ҳунармандчилик ишларини ўргатиб келмоқдаман.

Нуробод туманининг Иттифоқ маҳалласидан яшаб келаётган Сожида Йўлдошева ҳам уста ҳунармандларнинг ишидан илҳомланди. Унинг тикувчилиги оддий кўйлак ё кўрпа-тўшак тикишдан фарқ қилади. Маҳсулотларига талаб юқори. Нафақат мамлакатимиз, балки қўшни республикалар, Россия, ҳатто Америкадан ҳам у тиккан маҳсулотларни сўраб келишмоқда.

— 2022 йилда 5 миллион кредит олиб, якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятимни йўлга қўйгандим, — дейди Сожида Йўлдошева. — Тикувчиликка қўшимча қуроқ тарзда ёстиқлар тикишни бошладим. Кейин бешик ёпинчиқлари, чимилдиқ, дастурхон, умуман, хонадонларга керакли бўлган турли маҳсулотларни тикишни йўлга қўйдик. Ижтимоий тармоқларда «Сожида қуроқлари» номи билан канал очдим. Турли вилоятлардан қуроқ кўрпача ва бошқа буюмларга буюртма тушди. Буюртмаларни почта орқали тарқатдик. Ҳозир маҳалламиздан яна қўшимча жой ахтаряпмиз. Чунки буюртма кўп, аммо тикувчилар кам.

Ҳунарманд тадбиркор ушбу усулдаги қуроқ буюмларни тикишни онлайн ўргатишни ҳам йўлга қўйган. Самарқанднинг фахри ҳисобланган қўли гул ҳунарманд аёлларнинг сафи кенгаяверсин. Уларнинг иши миллий қадриятларимиз, анъаналаримиз давомийлигини мустаҳкамлайди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер