Камбағалликни қисқартиришда халқ вакилаларининг ўрни муҳим

12:17 18 Декабрь 2024 Жамият
101 0

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2024 йил 18 ноябр куни ўтказилган сайловдан кейинги биринчи мажлисида нутқ сўзлади. Давлат раҳбари депутатларни бундай шарафли мақомга сазовор бўлганликлари билан қутлар экан, уларга ўз вазифаларини бажаришда фаол бўлишларини таъкидлади.

Давлат раҳбари нутқида, аввало жамиятдаги муҳим масалалар ечимига алоҳида эътибор қаратилиши кераклигини эътироф этиб, бажарилиши зарур бўлган долзарб масалалар ва стратегик вазифалар бўйича ўз тавсияларини берди. Хусусан, депутатларни мамлакатда камбағалликни қисқартириш масаласида ўз округларида энг фаол иштирокчи ва тарғиботчи бўлишга чақирди.

Камбағалликни қисқартиришда депутатларнинг ўрни жуда муҳим бўлиб, уларнинг фаолияти мамлакатда ижтимоий-иқтисодий тенгликни таъминлаш учун катта аҳамиятга эга. Бу чақириқ, айни пайтда, мамлакатимизда ижтимоий адолатни таъминлаш ва аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги устувор вазифалардан бири сифатида аҳамиятлидир.

Камбағалликни қисқартириш масаласи фақатгина иқтисодий ёки молиявий муаммо эмас, балки жамиятимиздаги ҳар бир фуқаронинг қадрини улуғлаш, уларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш билан боғлиқ муҳим ижтимоий вазифадир. Бу вазифа депутатларнинг фаолиятида ҳам алоҳида ўрин эгаллаши лозим. Улар нафақат қонун чиқарувчи, балки ўз округларида камбағалликни қисқартириш бўйича амалий ишларни ҳам ташкил этувчи шахслар бўлишлари лозим.

Таъкидланганидек, яқинда тасдиқланган “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий барқарорликка эришиш йўлида муҳим аҳамият касб этади. Бу дастурнинг муваффақиятида депутатларнинг фаол иштироки ҳал қилувчи омил ҳисобланади. Улар ўз округларида ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этишда фаол иштирок этиши, шунингдек, аҳоли ўртасида дастурнинг аҳамиятини тушунтиришда етакчи тарғиботчилар бўлиши зарур.

Айтиш лозимки, 2020 йилдан бошлаб камбағаллик билан курашиш мамлакат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланди. Шу йилда “Кўп ўлчовли камбағаллик индекси” стандартлари ва халқаро тажриба ўрганилиб, бу борада Ўзбекистон методи ишлаб чиқилди ҳамда камбағаллик даражасини аниқлашнинг Минимал истеъмол харажатларини ҳисоблаш усули жорий этилди.

Мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар натижасида меҳнатга лаёқатли аҳоли ўртасида ишсизлик даражаси 2020 йилдаги 10,5%дан 2024 йил бошига келиб 6,8%га тушди. Камбағаллик даражаси 2021 йилдаги 17%дан 2024 йил бошига келиб 11%га тушганлигини алоҳида эътироф этиш лозим. Бундан ташқари шу даврда 3,5 миллион одам даромадли бўлди.

Камбағалликка қарши курашиш масаласи узоқ муддатли ва тизимли ёндашувни талаб этади. Президент таъкидлаганидек, ҳар бир депутат ўз округида камбағалликни қисқартириш йўналишида амалий ишларни олиб бориши учун маҳаллий аҳоли билан яқиндан ҳамкорлик қилишлари керак. Бу борада, айни пайтда, ҳар бир оила билан индивидуал ёндашув, уларнинг эҳтиёжларини ўрганиш ва уларга зарур ёрдам кўрсатиш муҳим аҳамият касб этади. Жойларда тадбиркорликни ривожлантириш учун давлат томонидан кўрсатилаётган имтиёз ва субсидиялардан самарали фойдаланиш, янги иш ўринлари яратиш депутатларнинг амалий фаолиятида устувор йўналишлардан бири бўлиши керак.

Таъкидлаш лозимки, бугунги кунга келиб, “20 минг тадбиркор — 500 минг малакали мутахассис” дастури асосида камбағал аҳолини ишга қабул қилган тадбиркорларга солиқ, божхона имтиёзлари берилди. Бунинг натижасида, 460 минг камбағал аҳоли касбга ўқитилиб, бандлиги таъминланди. Бундан ташқари камбағалликни қисқартиришда Хитой тажрибаси ўрганилиб амалиётга жорий этилди, икки эҳтиёж – озиқ-овқат ва кийим-кечак билан таъминлаш, уч кафолат – сифатли ўрта таълим, тиббий хизматлар ва бошпана билан таъминлаш йўлга қўйилди.

Депутатларнинг маҳаллий аҳоли билан бевосита мулоқот қилиши, уларнинг муаммоларини ўрганиб, уларга ечим топиш учун масъулиятни зиммасига олиши, шунингдек, давлат ва маҳаллий бошқарув органлари ўртасида кўприк вазифасини ўташи лозим. Президент Мирзиёев таъкидлаганидек, камбағаллик даражасига тушиб қолган одамларнинг онгини ўзгартириш, уларда эртанги кунга ишонч ва келажакка интилишни қўллаб-қувватлайдиган сиёсий куч, албатта, аввало, депутатлар бўлиши зарур.

Депутатларнинг аҳоли билан бевосита мулоқоти, уларнинг муаммоларини эшитиш ва ечим топишга қаратилган фаолияти камбағалликни қисқартиришда катта роль ўйнайди. Президент таъкидлаганидек, ҳар бир депутат ўз округидаги фуқаролар билан яқин алоқада бўлиб, уларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш учун бор куч-ғайратини сарфлаши зарур. Бунинг учун улар маҳаллий даражадаги муаммоларни ҳал қилишда фаоллик кўрсатиб, халқ ишончини оқлашлари лозим.

Камбағалликни қисқартириш бўйича давлат сиёсати самарадорлигини ошириш учун депутатлар ўз округларидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар билан яқиндан ишлашлари, уларнинг муаммоларини ўрганиб, уларга амалий ёрдам кўрсатишлари керак. Шунингдек, камбағалликни камайтиришга қаратилган турли давлат дастурлари ва ташаббусларининг амалга оширилишида депутатларнинг фаол иштироки муҳим аҳамият касб этади. Бу ўринда соҳадаги мавжуд муаммоларни адолатли ҳал этишнинг янги ва ўзига хос тизими яратилиб, “темир дафтар”, “аёллар дафтари”, “ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларнинг “маҳаллабай” ва “хонадонбай” ишлаш усуллари жорий этилгани бугун ижтимоий масалаларни самарали ҳал этишга хизмат қилаётганлиги таъкидлаш лозим.

Депутатлар, шунингдек, ўз округларида аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринлари яратишга қаратилган дастурларни амалга оширишда фаоллик кўрсатишлари лозим. Бу борада маҳаллий ҳокимликлар, тадбиркорлар ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ишлаш, аҳолига бизнес юритиш учун имтиёзли кредитлар ва субсидиялар ажратишни ташкил этиш ҳам муҳимдир. Улар ўз округларида камбағалликни қисқартириш бўйича амалий қадамлар қўйиб, аҳолининг ҳаёт сифатини яхшилашга кўмаклашишлари лозим. Бу борада депутатлар ўз билим ва тажрибаларини, давлат томонидан яратилган имкониятларни тўлақонли амалга оширишлари зарур.

Шундай қилиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил 18 ноябрдаги нутқида депутатларга катта масъулият юклади. Камбағалликни қисқартириш, аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш ва ижтимоий адолатни таъминлаш борасида депутатлар ўз округларида энг фаол иштирокчи ва тарғиботчи бўлишлари лозим. Бу эса, ўз навбатида, халқимиз турмуш даражасини янада яхшилашга, мамлакатимиздаги ижтимоий барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.

И.М. Хакимова,

“Тараққиёт стратегияси” маркази бош мутахассиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?