Камбағаллик ер юзидаги барча давлатга хос ҳолат. Аммо...
Темур ЭШБОЕВ/“Халқ сўзи”. Кейинги йилларда “камбағал” сўзи муомаламизда тез-тез учрайдиган бўлиб қолди. Собиқ шўро мафкураси ундан олис ўтмишга нисбатан қўллашгагина изн берган бўлса, яқин-яқинларда эса “кам таъминланган” ибораси унинг ўрнини босарди. Албатта, бу билан мавжуд муаммо ўз-ўзидан ечилиб қолган эмас.
Расман 2020 йил мамлакатимиз раҳбарининг Парламентга мурожаатида камбағалликни қисқартириш долзарб вазифа сифатида эътироф этилиб, ўшанда уларнинг сони Республикамиз бўйича 7 миллион атрофида эканлиги, бу мамлакат умумий аҳолисининг 23 фоизга яқинини ташкил этиши таъкидланган эди.
Тан олиш жоиз, камбағаллик ер юзидаги барча давлатга хос ҳолат бўлиб, турли давр ва қайсидир жамиятда кўпроқ, бошқасида эса камроқ юзага чиқиши мумкин.
— Бизнинг мамлакатимиз мисолида тўхталадиган бўлсак, камбағаллик аҳолининг маълум бир қатлами ўзлари хоҳласада бу ҳолатдан чиқиб кета олмаслиги билан тавсифланади, — дейди иқтисод фанлари доктори Муҳиддин Калонов. — Ушбу қатламнинг вужудга келиши аксарият ҳолларда айрим касбдаги кишилар меҳнат маҳсулининг янгидан пайдо бўлган иқтисодиёт таркиби ва истеъмол даражасига керак бўлмай қолганлиги, яъни эскидан қолган иқтисодиёт таркибининг янгиси билан алмашиб, иқтисодий фаоллик вужудга келгунча аҳолининг айрим қатлами камбағаллашиб қолиши билан изоҳлаш мумкин. Шунингдек, ушбу ижтимоий муаммо бир қатор объектив ва субъектив сабабларнинг оқибати. Улар ўткинчи, яъни пандемия каби жараёнлар билан ҳамда сурункали жамиятнинг маълум қатлами боқимандалик кайфиятида қолиши билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Бир сўз билан айтганда мамлакатимизда ушбу ижтимоий-иқтисодий муаммо тан олиниб, уни бартараф этишнинг аниқ чора-тадбирлари белгиланди. Хусусан, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида республикамизда камбағаллик даражасини кескин қисқартиришнинг Хитой тажрибаси асосида янги ёндашувлар, инновацион ва “яшил” технологиялар ҳамда бошқарувнинг замонавий усулларини қўллаган ҳолда камбағалликдан чиқариш усуллари амалиётга жорий этилмоқда. Ўтган йиллар давомида ижтимоий ҳимоя олувчи оилалар сони 4,5 каррага оширилиб, 446 мингдан 2,2 миллионга етди. Маҳаллаларда камбағалликни қисқартириш, тадбиркорлик лойиҳаларига 35 триллион сўмлик паст фоизлик кредит, 7 триллион сўм субсидия берилди. Шунингдек, 260 минг гектар ер 800 минг фуқарога деҳқончилик учун ажратилиб, улар даромад манбаига эга бўлдилар. Мазкур тадбирлар натижасида 2023 йили камбағаллик даражаси мамлакатимизда 11 фоизга тушди.
Мазкур призма асосида Навоий вилоятида амалга оширилган ишлар миқёсига тўхталадиган бўлсак, жорий йилнинг январь — август ойларида ҳоким ёрдамчилари томонидан 246 мингта хонадонлар хатловдан ўтказилиб, хонадонлар 3 тоифага ажратилди.
— Унга кўра биринчи тоифа — кам таъминланган, эҳтиёжманд ва даромади паст хонадонлар 20,4 мингта (8,3 фоиз)ни, иккинчи тоифа — хонадон аъзоларининг жон бошига тўғри келадиган ўртача ойлик даромадлари миқдори минимал истеъмол харажатларининг бир бараваридан уч бараваригача, яъни 498-1500 минг сўмгача бўлган хонадонлар 124,4 мингта (50,6 фоиз)ни, учинчи тоифа — яшаш шароити яхши, ўзига тўқ хонадон аъзоларининг жон бошига тўғри келадиган ўртача ойлик даромадлари миқдори минимал истеъмол харажатларининг 3 бараваридан яъни 1500 минг сўмдан ортиқ бўлган хонадонлар 101,0 мингта (41,1 фоиз) ташкил этади, — дейди Навоий вилояти камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси бошлиғи Лутфулла Хайруллаев. — Ўтган давр мобайнида аҳолини доимий даромад манбаи билан таъминлаш мақсадида 101,6 минг нафар фуқаронинг бандлигини таъминланди. Жумладан, 48,1 минг нафар киши доимий ишга жойлаштирилиб, 42,9 минг нафари ўзини ўзи банд қилганлар сифатида расмийлаштирилди. Шунингдек, 4,8 минг нафар киши кичик тадбиркорлик субъектлари ҳамда якка тартибдаги тадбиркорликка, 1,7 минг нафар ҳунармандчиликка, ва 2,4 минг нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинди, 3,4 минг нафарининг ижара асосида ер ажратиш ҳисобига бандлигини таъминланди.
Албатта, “ҳолва деган билан оғиз чучимайди”. Камбағалликни қисқартиришда аҳолининг фаоллиги ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу боис маҳаллаларда тадбиркорлик муҳитини яхшилаш мақсадида қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва кичик ишлаб чиқариш соҳасида жами 4632 та (ҳар бир маҳаллага ўртача 1,5 та) “маҳаллабай” лойиҳалар шакллантирилиб, шундан 333,4 млрд.сўмлик 4626 та лойиҳа ишга туширилиши натижасида жами 8 377 та иш ўринлари яратилди. Навбаҳор туманининг “Ёш куч” маҳалласидаги Робия Тилавова хонадони яқин-яқинларгача камбағал оилалар тоифасига киритилиб, унда 14 жон истиқомат қилар эди. 33 миллион сўмлик имтиёзли кредит асосида хонадон томорқасида иссиқхона ташкил этилиб, оиланинг тўрт нафар аъзоси бандлиги таъминланди.
— Қўлдан берганига қуш тўймас, деганларидек, ижтимоий ёрдам билан рўзғор тебратиш оғир, — дейди Робия Тилавова. — Мана иссиқхонамизга эга бўлиб, шу йилнинг ўзида помидор, кўкат ва сабзавотни эрта баҳорда бозорга олиб чиқиб, даромадга эга бўлдик. Насиб этса, бананларимиз ҳосилга кирса даромадимиз ошади. Очиғи, ҳоким ёрдамчиси кўмаклашмаса, буни амалга оширолмасдик.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоиз, жорий йил вилоят бўйича оилавий тадбиркорлик дастури доирасида 256,4 млрд сўм миқдорда имтиёзли кредит ажратилиши режалаштирилган бўлиб, амалда шу кунга қадар ҳоким ёрдамчилари тавсияномалари асосида 9,3 мингта лойиҳага жами 215,0 млрд. сўм имтиёзли кредит ажратилди. Шунингдек, 2024 йилда ишсиз фуқароларга 10 402 млн.сўмлик субсидиялар ажратилиши режалаштирилган. Табиийки, буларнинг ўзигина жамиятда камбағалликни қисқартириш учун етарли эмас. Боиси ҳар қандай ислоҳотларда аҳолининг фаоллиги етакчи омил бўлиб, “камбағаллик айб эмас”, деган таскин муомалада қолар экан, тадбирлардан кўзланган мақсадга эришиш мушкуллигича қолаверади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг