Ишли одам — бахтли одам

Фото: Халқ сўзи
Зайнабхон “эҳтиёжманд”, “кам таъминланган” деган сўзларни ёмон кўради. Имкон топилди дегунча ишлаб рўзғори кам-кўстини тўлдиришга интилади. Лекин иш масаласида унинг қўли калталик қилиб турганди. Буни қарангки, аҳолига 20 сотихдан ер берилаётгани қулоғига чалиниб қолдию, юзига нур ёғилди. Бу бу биз учун имконият, имтиёз, рағбатку, деб ўйлади.
Ҳақиқатда Жондор туманидаги “Довуд” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи Зайнаб Ўрмоновага такрорий экин экиш учун 20 сотих ер ажратилди. Унинг ич-ичидан қувонганини сўз билан ифодалаш қийин.
— Эрта тонгда кетмонни елкага олиб, далага йўл оламиз, — дейди Зайнаб опа. — Очиғи, биз бу ерларни энди олтин дала деймиз. Чунки у ўз уйимиздек қадрдон ва ризқ-насиба манбаи. Қовун, тарвуз, пиёз, сабзи етиштиряпмиз. Бир қисмини бозорда сотмоқдамиз. Шу тариқа рўзғор каму кўстини тўлдираяпмиз. Энг муҳими, ишли эканим, пешона терим билан ҳалол ризқ топаётганимдан қувонаман. Ишли одам бахтли одам экан.
Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Аскар Остоновнинг билдиришича, бу йил ҳосилдан бўшаган 17 гектар экин майдони “темир дафтар”, “аёллар дафтари”, “ёшлар дафтари”да турган 60 нафар фуқарога аукцион орқали такрорий экин экиш учун ажратиб берилди. Бу ерда сабзавот маҳсулотлари, дуккакли экинлар етиштирилмоқда. Тайёр маҳсулот пешма-пеш бозорга чиқарилаяпти. Натижада эҳтиёжманд оилаларнинг реал даромадини ва турмуш даражасини ошириш имкони юзага келяпти.
Президентимиз ташаббуси билан аҳолининг эҳтиёжманд қатлами ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган бу хайрли тадбир Олот туманида ҳам ўз мевасини бермоқда. Буни шу туманнинг “Хидрейрли” маҳалласи мисолида ҳам кўриш мумкин.
— Ҳудудимизда яшовчи 20 нафар эҳтиёжманд фуқарога такрорий экин экиш учун аукцион орқали 30 сотихдан ер ажратилди, — дейди маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Элбек Раҳматов. — Ишни “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида ташкил этганмиз. Давлатимиз раҳбарининг тегишли топшириғи билан бу ерлар ҳар бир деҳқонга 30 йил муддатга берилишидан фуқароларимиз бениҳоя хурсанд. Бу томорқачиларнинг кўнгилларини хотиржам тутган ҳолда ерга меҳр бериб ишлашлари учун катта имкониятдир.
Олотдан чамаси 130 километр олисда – Ғиждувон туманидаги “Лабирўт” маҳалласида яшовчи Зуҳра Ражабовадан ҳам худди шу мазмундаги сўзларни эшитдик.
— Ўтган йили ҳосилдан бўшаган ерда такрорий экин экиб, 20 миллион сўм даромад қилгандик, — дейди у. — Ҳалол меҳнат ортидан топилган пулни рўзғоримиз кам-кўстига сарфладик. Қолаверса, ўз кучимизга бўлган ишонч ортди. Ер билан тиллашган асло кам бўлмас экан. Бу йил бир гектар ерда қовун етиштираяпмиз. Насиб қилса, ўтган йилдагига нисбатан икки-уч баравар кўп даромад қиламиз. Меҳнат қилганнинг нони бутун бўлади. Буни биз ўз фаолиятимиз мисолида кўриб турибмиз.
Эътиборлиси, Бухорода такрорий экин экиш билан кифояланиб қолмай, етиштирилган ҳосилни ярим тайёр маҳсулот ҳолида бозорга чиқариш ҳаракатини қилаётган деҳқонлар кўпаймоқда. Пешку туманининг Бобоҳожи қишлоғида яшовчи Бобуржон Раззоқов ана шундай миришкорлардан. У ўзига ажратилган 10 сотих ерда бақлажон, булғор қалампири етиштириб, маҳсулотни банкаларга консервалаган ҳолда бозорга чиқараяпти. Шу тариқа таркиби фойдали микроэлементларга бой маҳсулотни қишин-ёзин сақлаш имкони юзага келаётир. Харидорларга қулайлик яратиляпти. Деҳқон ҳам мўмай даромад кўрмоқда.
Маълумотларга қараганда, вилоятда ҳосилдан бўшаган майдонларнинг 17 минг гектари ижтимоий дафтарлар рўйхатида турган 45,5 минг нафар ишсиз фуқарога улар хоҳиш-истаклари ҳамда имкониятларидан келиб чиққан ҳолда такрорий экин экиш учун ажратиб берилди. Такрорий экин экиб, маҳсулот етиштирган ҳар бир хонадон мавсумда ўртача 7 – 8 миллион сўм даромад қилиши кутилаяпти.
Вилоят бўйича фермер хўжалиги аъзолари ва “темир дафтар”, “аёллар дафтари” ва “ёшлар дафтари”да рўйхатда турган 88075 хонадон томонидан такрорий экин экиш эвазига умумий ҳисобда 563 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқарилиши ҳамда 801 миллиард сўм даромад олиниши мўлжалланмоқда. Яна бир муҳим жиҳат шундаки, такрорий экин экиш жараёни шарофати билан вилоят бўйича 88 минг кишининг бандлиги таъминланади.
— Биргина мана шу нуқтаи назардан қараганда ҳам Президентимизнинг ҳосилдан бўшаган экин майдонларидан оқилона фойдаланиш, уларни эҳтиёжманд оилаларга такрорий экин экиш учун бериш борасидаги ташаббуси жуда катта аҳамиятга эга, — дея мулоҳаза юритади Бухоро туманидаги “Маданият Муҳаммад Исмат” фермер хўжалиги раҳбари, Ўзбекистон Қаҳрамони Муҳаммад Аҳмедов. — Бу бозорларимизни тўкин бўлишига, қиш ва баҳор ойларида озиқ-овқат захираларини яратишда қўл келади.
Қаҳрамон отахон ҳақ. Энди ерга меҳр қўйиб ишлаганнинг косаси оқаради. Деҳқон елкасига офтоб теккани шу эмасми?
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг