Иқтисодиёт ва молия вазири БМТ Бош ассамблеясида нутқ сўзлади

12:08 21 Июль 2023 Сиёсат
834 0

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазири Шерзод Кудбиев АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгашининг (ECOSOC) юқори даражадаги сиёсий форуми доирасида “Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) Саммити сари жадаллик” мавзусидаги умумий мунозараларда нутқ сўзлади.

Нутқда Ўзбекистонда БРМ соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда мамлакат олдида турган долзарб чақирувларга тўхталиб ўтилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти бошчилигида 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатни ривожланишнинг кейинги босқичига олиб чиққани таъкидланди. Стратегиянинг “Инсон қадри” тамойили БРМнинг “Ҳеч кимни ортда қолдирмаймиз” шиори билан ҳамоҳанглигига алоҳида эътибор қаратилди.

“Сўнгги 6 йил давомида Ўзбекистон иқтисодиётининг реал ўсиши даражаси 1,4 баробарни ташкил этди. Бу даврда мактабгача таълим қамрови 3 баробар, олий таълим қамрови эса 4 баробар ошди. 200 мингдан ортиқ янги кичик ва ўрта корхоналар ўз бизнесини бошлади. 2020 йилда Ўзбекистонда биринчи бор камбағалликни қисқартириш давлат сиёсати кун тартибининг муҳим қисми деб эълон қилинди”, — деди Ш.Кудбиев.

Нутқ давомида янги қабул қилинган Конституцияга “Ўзбекистон — ижтимоий давлат” тушунчасининг киритилгани муҳим қадам бўлгани алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Бундан ташқари, “яшил ўсиш”, сувдан оқилона фойдаланиш каби йўналишларда аниқ ҳаракатларни амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди.

Маълумот учун, мунозараларда БМТга аъзо мамлакатлар делегациялари раҳбарларига Бош ассамблея минбарида 4 дақиқалик чиқиш имконияти тақдим этилди. Ўзбекистон делегацияси 17 июль куни сўзга чиққан 36 давлат вакилларидан бири бўлди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?