Интенсив усулда парваришланаётган ўрик гуллади, ток новдалари барг чиқарди
Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Олтиариқ тумани миришкорлари деҳқончиликда илм-фан ютуқлари, инновация ғояларидан фойдаланиб, интенсив усулда маҳсулот етиштириш борасида ҳам қувонарли ютуқларга эришмоқда.
Ушбу туманнинг «Қўрғонча» маҳалласида истиқомат қилувчи Абдулҳамид Раимбердиевлар оиласида ташкил этилган 6 сотихли иссиқхонада интенсив усулда 130 туп ўрик парваришланаётир. Бу йил мевага кириши кутилаётган ўрик кўчати хориждан келтирилган ва унинг ҳосили тўлиқ экспорт қилишга мўлжалланган.

Боғбоннинг қайд этишича, иссиқхонадаги ўрик кўчатлари бир ой олдин плёнка билан ўралди ва март ойининг дастлабки ҳафтасида оппоқ бўлиб гуллади. Узоғи уч йилда мевага кирадиган ушбу ўрик нави унчалик баланд ўсмайди, лекин жуда ҳам серҳосил бўлади. Маҳаллий навларга қараганда 20-30 кун эрта пишиши ҳисобига жаҳон бозорига қимматроқ нархда сотиш имкони бор.
Шу маҳаллада яшовчи Воҳиджон Қодировлар оиласи тасарруфидаги иссиқхоналарда «Ризамат» навли узум аллақачон барг чиқарди. Унинг ҳосили ҳам оддий шароитда етиштирилган бошқа навли узумларга қараганда ўртача бир ой олдин пишади. Қўшимча даромад манбаига эга бўлишда бу жуда муҳим. Қолаверса, миришкор оиланинг узум тагига эккан бодринги аллақачон пишиб, маҳаллий бозорларга етказиб берилмоқда, шу билан бирга, қўшни давлатларга экспорт қилиняпти. Ўз навбатида, Фарғона водийси бозорларида узум барги ҳам харидоргир. Ўртача олти сотихли иссиқхонада ош ковартаги учун сотиладиган узум баргидан 5-6 миллион сўм қўшимча даромад олинади.

— Бугунги кунда 724 та хонадоннинг 400 дан ортиғида шу каби замонавий иссиқхоналар ташкил этилган бўлиб, эртанги мева-сабзавотлар етиштириш бўйича катта ҳаётий тажриба шаклланган, — дейди «Қўрғонча» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Холматжон Мўминов. — Айни пайтда иссиқхоналарда пишиб улгурган бодринг-помидор, аччиқ қалампир, турли кўкатлар харидорларга пешма-пеш етказиб берилмоқда.
Бу йил маҳалладаги яна 50 га яқин хонадон томорқасида замонавий мезонлар асосида ихчам, аммо катта даромад олиш имконини берувчи иссиқхоналар барпо этиш мақсадида амалий саъй-ҳаракатларга киришилган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «Адабиёт ва ҳаёт»: Султонбой Деҳқоновнинг шахсий фотокўргазмаси очилди (+фоторепортаж)
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
- Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш бўйича 16 кунлик кампания бошланди
- “Матонатли Марям” фильми кенг жамоатчиликка тақдим этилди
- FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг