ИИО ахборот тизимлари сунъий интеллект асосида ягона платформага бирлаштирилади

11:10 06 Май 2025 Ҳужжатлар
243 0

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Ички ишлар органлари тизимини рақамли трансформация қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди.

Қарорга мувофиқ, Ички ишлар органлари тизимини рақамли трансформация қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тасдиқланди. Унга кўра, 2025–2027 йилларда ички ишлар соҳасини рақамлаштириш йўналишлари белгилаб берилди. Бу орқали жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини янада ошириш кўзда тутилган.

Асосий вазифалардан бири — ички ишлар органларининг барча ахборот инфратузилмасини сунъий интеллект технологиялари асосида ягона тизимга бирлаштиришдир. Бу орқали жиноятларни аниқлаш ва таҳлил қилишда инсон омилини камайтириш, қарорлар қабул қилишда автоматлаштирилган алгоритмлардан фойдаланиш мумкин бўлади.

Шу билан бирга, рақамли технологияларни жорий этиш бўйича масъул бўлинмаларнинг фаолияти ягона бошқарув тизими ва механизми асосида мувофиқлаштирилади. Мазкур бўлинмалар таркибида «рақамли жамоа» шакллантирилиб, уларнинг барча ҳаракати ягона стратегия доирасида олиб борилади.

Қарорга асосан, жиноятлар ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар статистикаси инсон омилисиз, яъни автоматлаштирилган рақамли усулларда юритилади. Бу эса маълумотларнинг аниқлиги ва тезкорлигига хизмат қилади. Шунингдек, Рақамли технологиялар ва ҳуқуқий статистика департаменти ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилади.

Синов тариқасида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги ички ишлар бош бошқармалари тузилмаларида янги лавозим — бош бошқарма бошлиғи ўринбосари — Рақамли технологиялар ва ҳуқуқий статистика хизмати бошлиғи жорий этилади. Ушбу тажриба орқали рақамли ислоҳотларнинг амалиётдаги самарадорлиги баҳоланади ва кейинчалик бошқа ҳудудларга татбиқ этилиши мумкин.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?