IELTS Indicator B2 сертификати: Бу масалада талабаликка даъвогар ёшларимизнинг эътирозлари бекорга эмас — А.Қодиров

15:15 15 Август 2020 Жамият
1583 0

Давлат қабул комиссиясининг IELTS Indicator B2 сертификатига эга абитуриентларга истисно тариқасида чет тили фанидан максимал балл берилиши белгиланди.

Бу тизимни эътироф этиш вақтинчалик эканлиги ва ёшларимизни олий таълим муассасаларига қамровини кўпайтириш мақсадида қилинганлигини тушунамиз, лекин танланаётганлар ичида энг яхшиларини танлаб олиш жараёнини адолатли бўлишига халақит беради деб ҳисоблаймиз.

Бу масалада талабаликка даъвогар ёшларимизнинг эътирозлари бекорга эмас. Амалиёт тест жараёнида тўғри жавоб топиш учун ёрдамчиларни жалб қилишга барча имкониятлар мавжудлигини кўрсатмоқда. Шундай экан ушбу сертификат билан максимум балл оладиган абитуриент инглиз тилини яхши ўрганган, лекин бир ёки иккита хато қилган абитуриентнинг ўрнини олиши адолатли қарор бўлмайди.

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси олий таълим муассасаларига «кириш осон, ўқиш қийин» бўлган тизим тарафдори. Лекин кириш доимо билимлироқларга осон бўлиши керак.

Давлат қабул комиссияси ушбу қарорини ўзгартириши мамлакатимизда аҳоли томонидан ижобий қабул қилинаётган олийгоҳларга қабул тизимидаги шаффофлашиш жараёнига ишончни сақлаб қолишга хизмат қилади.

Алишер ҚОДИРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикери ўринбосари,
Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси

фракцияси раҳбари

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?