Ҳукумат ҳисоботи: Давлат дастурининг ярим йилликдаги ижроси кўриб чиқилди
«Ҳукуматни шакллантириш тартиби демократлаштирилиши ва унинг масъулияти кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, Бош вазир Ҳукумат аъзолари билан биргаликда ҳар чоракда Қонунчилик палатасига тегишли йилга мўлжалланган Давлат дастури бажарилишининг бориши тўғрисида ҳисобот тақдим этиб келмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатасида қарор топган мазкур янги институт парламентнинг муҳим қарорлар қабул қилиш ва қонунлар ижросини назорат этиш фаолиятини кучайтиришга хизмат қилмоқда.
2020 йил 22 июль куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Вазирлар Маҳкамаси тақдим этган «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2020 йил биринчи ярим йилликда бажарилишининг бориши тўғрисида”гиҳисоботи муҳокама қилинди.
Халқ вакиллари таъкидлаганларидек, истиқболда бажарилиши назарда тутилган ва Давлат дастурида ўз аксини топган вазифалар, режалар йил бошида – ҳаётимиз осуда ва барқарор кечаётган паллада тасдиқланган эди. Коронавирус пандемияси бутун дунёда ижтимоий-иқтисодий ўсиш суръатларига таъсир кўрсатиб, ишлаб чиқариш жараёнларини сусайтирди, қатор режаларга ўзгартишлар киритишга мажбур қилди. Мамлакатимизда бундай шароитда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ва бошқа глобал хавф-хатарлар даврида иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, тадбиркорлик субъектларини самарали қўллаб-қувватлаш, мамлакат аҳолисининг даромадлари кескин пасайиб кетишининг олдини олишга қаратилган қатор фармон ва қарорлар қабул қилиниши, ўз навбатида, пандемия оқибатларини юмшатиш ҳамда иқтисодиёт тармоқларидаги ўсиш суръатлари кескин пасайиб кетмаслигида муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Пандемия асоратларини юмшатишга қаратилган мазкур ҳужжатларнинг жойларда ижро этилишига кўмаклашиш мақсадида депутатлар бир неча маротаба, хусусан 15-25 июнь кунлари мамлакатимиз ҳудудларида бўлиб, халқ билан мулоқот қилиш асносида тадбиркорларга берилган имтиёзлардан қай даражада фойдаланилаётгани, пандемия даврида аҳолини ижтимоий муҳофазалаш, камбағалликни қисқартириш ва бандликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларни ўргандилар. Мазкур йўналишда маҳаллий бошқарув органлари ва секторлар иштирокида олиб борилган чуқур таҳлилларда жойларда Давлат дастури доирасида кенг қамровли ишлар амалга оширилаётганига гувоҳ бўлдилар.
Ҳукумат томонидан парламентга тақдим этилган ҳисоботда келтирилишича, мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича амалга оширилган самарали чора-тадбирлар ҳисобига жорий йилнинг I ярим йиллигида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 100,2 фоизни, унинг таркибида саноат – 98,1 фоизни, хизматлар – 99,3 фоизни, қишлоқ хўжалиги – 102,8 фоизни ташкил қилган.
Ҳисобот даврида инвестиция муҳитини янада яхшилаш, хорижий инвесторлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича амалга оширилган ишлар натижасида мамлакатимиз турли тармоқларига киритилган 3,86 млрд. АҚШ доллари миқдоридаги хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилди ҳамда жами экспорт ҳажми республика бўйича 6 млрд. 285 млн. АҚШ долларини ташкил этди.
Умуман, 2020 йил I ярим йиллигида жами 284 та банддан иборат Давлат дастурининг 118 та банди ижросини таъминлаш белгиланган. Мазкур топшириқлардан 64 та банд тўлиқ бажарилган ва 15 та банднинг муддати объектив сабабларга биноан белгиланган тартибда узайтирилган, 36 та банднинг ижроси юзасидан тегишли ҳужжат лойиҳалари кўриб чиқилмоқда, 3 та банднинг ижросини таъминлаш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ҳукумат томонидан тақдим этилган ҳисобот, унда келтирилган ҳар бир рақам ва таҳлиллар депутатлар томонидан атрофлича кўриб чиқилди. Айниқса, сиёсий партиялар фракцияларининг йиғилишларида Давлат дастурида белгиланган муҳим ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий вазифалар, чора-тадбирларнинг ижроси ҳолати халқ вакилларининг жонли, қизғин муҳокамаларига сабаб бўлди.
Парламент аъзолари амалга оширилган ижобий ишлар билан бир қаторда, пандемия шароитида юзага келган объектив сабаблар туфайли Давлат дастури айрим бандларининг бажарилиши кечикаётгани, баъзи вазифалар ижроси ҳозирда таъминланмаганини қайд этдилар.
Давлат дастурида белгиланган телекоммуникация соҳаси, давлат хизматларини кўрсатиш, иқтисодиётнинг реал сектори тармоқлари, соғлиқни сақлаш, давлат кадастри ва бошқа соҳаларда рақамли технологияларни кенг жорий этишни назарда тутувчи «Рақамли Ўзбекистон – 2030» дастури ҳамда 2020 йил учун аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини ташкил этиш давлат дастурини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш кечикаётганини таъкидладилар.
Давлат дастурининг жорий йил биринчи ярим йиллигидаги ижросига оид ҳисобот юзасидан ҳар бир сиёсий партия фракцияси ўз нуқтаи назарини, фикр-мулоҳаза ва таклифларини баён қилди. Ҳукуматга Давлат дастури ижросини тўла таъминлаш бўйича таклифларини илгари сурди.
Хусусан, ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари Давлат дастуридаги мамлакатни инновацион ривожлантириш, «рақамли иқтисодиёт»ни шакллантириш ҳамда Ўзбекистоннинг бизнес юритиш ва инвестициялар учун жозибадор бўлган давлатлар қаторига киришида муҳим аҳамиятга бўлган бандларнинг ижроси бўйича қилинган ишларни эътироф этдилар.
«Миллий тикланиш» ДП фракцияси вакиллари олий таълим соҳасида ўз ечимини кутиб турган масалаларни зудлик билан ҳал этиш, дастурда кўзда тутилган, таълим-тарбиянинг асосий бўғини ҳисобланган мактабларнинг қурилиш-монтаж ишларини таҳлил қилган ҳолда, бу борадаги ҳаракатларни жонлантириш лозимлигини қайд этдилар.
Ўзбекистон «Адолат» СДП фракцияси аъзоларининг фикрича, бугунги мураккаб шароитда коронавирус тарқалишига қарши курашиш, аҳоли саломатлиги ва санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш, шошилинч тиббий ёрдам хизмати ва колл-марказлари ишини тубдан қайта кўриб чиқиш ва самарали ташкил этиш, коронавирус инфекциясини юқтирган беморлар билан ишлаётган тиббиёт ходимларини сўзсиз қўллаб-қувватлаш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар кўриш зарурлигини қайд этиб ўтдилар.
Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари пандемияга қарши курашиш ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга ажратилган маблағлардан самарали фойдаланиш, «Давлат молиявий назорати тўғрисида»ги қонунни ҳамда «яширин иқтисодиёт»га қарши курашиш дастурини кенг муҳокамалар асосида тезроқ тасдиқлаш зарурлигига эътиборни қаратдилар.
Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси томонидан мажлисда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик ҳолатни яхшилашга эътиборни кучайтириш, Орол фожиаси оқибатларини бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларни кучайтириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича техник жиҳатдан тартибга солишга оид норматив ҳужжатларни янгилаш муҳимлиги қайд этилди.
Палатадаги барча фракция раҳбарларининг ҳисобот юзасидан билдирган фикр-мулоҳазалари эшитилгач, қизғин, амалий ва танқидий руҳда кечган савол-жавоблардан сўнг депутатлар Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини маъқулладилар ҳамда Ҳукуматнинг тегишли фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар акс этган қарор қабул қилдилар.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг