Ҳоким қабулига келган рус, қозоқ, қирғиз қариялар таржимон билан келиши керакми? ХДП вакили давлат тили ҳақидаги шов-шувларга муносабат билдирди

20:02 29 Апрель 2021 Жамият
4697 0

Халқ демократик партияси давлат тилининг мавқейини оширишга хизмат қиладиган қонун лойиҳасининг битта моддадан ташқари, бошқа барча моддасини қўллаб-қувватлади, деб ёзмоқда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати ЎзХДП фракцияси аъзоси Мақсуда Ворисова.

Унинг таъкидлашича, аввал қонун лойиҳасини яхшилаб ўрганиб, таҳлил қилиб кўриш керак эди.

«Баъзи шуҳратпарастларнинг арзон обрў илинжида тўғри фикрни тескари талқин қилишлари оқибатида бир неча кундан бери ижтимоий тармоқлар қовоқари инига айланди. Масаланинг моҳиятига тушунар-тушунмас фикр билдираётганларнинг ҳақоратлари нишонига айландик.

Масала нимада эди?..

Мамлакатимизда давлат тилининг нуфузини ошириш, муассаса ва ташкилотларда иш юритишни тўлиқ давлат тилида олиб боришни талаб қилувчи меъёрлар «Давлат тили тўғрисида»ги қонунга қўшимча ва ўзгартириш сифатида киритилмоқда. Бу таклиф қонунчилик палатасидаги барча депутатлар томонидан маъқулланди. Кўп ҳолларда бўлганидек «Миллий тикланиш» партияси фракцияси вакиллари эътиборни ўзларига қаратиш мақсадида қонунга таклифлар киритишга ҳаракат қилдилар.

Яъни, ўзбек оилаларининг фарзандлари фақат ўзбек мактабларида ўқиши керак, деган таклифлари ишчи гуруҳ томонидан қатъий рад этилди. Кейинги таклиф давлат ташкилотларига фуқароларнинг мурожаатлари фақат давлат тилида бўлиши кераклиги ҳақида эди. Халқ демократик партияси фракцияси Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган, ишчи гуруҳ ва қўмита томонидан маъқулланган таҳрир, яъни мурожаат давлат тилида ва бошқа тилларда берилиши мумкин, деган таклифга овоз берди.

Нима учун?..

Давлат ташкилотларига келаётган мурожаатларнинг асосий қисми аҳолининг эҳтиёжманд қатлами – бизнинг партия электорати томонидан билдирилади. Ёрдам сўраб ҳокимликларга, пенсия бўлимларига, шифохоналарга, электр, газ, сув таъминоти корхоналарига асосан катта ёшдагилар, ногиронлиги борлар мурожаат қиладилар.

«Миллий тикланиш» партияси фракцияси таклифига кўра ана шу муҳтожларни ёзган мурожаатларини қабул қилмай таржима қилдириб келишни талаб қилиш инсофданми?.. Улар ҳам тенг ҳуқуқли фуқаролар эмасми?.. Аризачи ёлғиз қария, ногирон, меҳрибонлик уйидан чиққан етим бола бўлсачи?.. Ахир давлат ташкилотларига мурожаат қилувчиларнинг асосий қисми уларку!

«Миллий тикланиш» партияси фракцияси вакиллари иддао қилганидек, араб ёки хитой сармоядорлари, албатта, ўз таржимонлари билан келиши кундек равшан.

Ҳокимнинг қабулига келган қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ, рус қариялар ўзлари билан таржимон олиб келишлари ҳақидаги талаб қайси қонунга ёки инсонийликка тўғри келади?..

Мутасадди раҳбар ўзи хизмат қилаётган аҳоли мурожаатини тушуниш учун ҳаракат қилиши зарур эмасми?.. «Мен ўзбек тилидан бошқасини тушунмайман ва тушунишни истамайман», дейиш раҳбарликка даъво қилувчилар учун қанчалар тўғри?..

Шу ватан фарзанди сифатида биз она тилимиз – ўзбек тилининг шаъни, обрўси, мавқейи баланд бўлишини истаймиз. Ўзининг сайловолди дастурида ана шу вазифани асосий масала қилиб кўтарган партия, унинг ечими сифатида баъзи фуқароларнинг Конституция билан кафолатланган ҳуқуқларини чеклашни кўраётган бўлса, биз қаттиқ афсусдамиз.

Агар ҳақиқий миллатпарвар бўлсангиз, кўчалардаги турли туман тилларда тушунарсиз ёзилган реклама ва лавҳаларга, мактаб дарсликларидаги ғиж-ғиж хатоларга, оммавий ахборот воситаларидан тинмай ёғилаётган ўзбек тилига мутлақо номуносиб бўлган жумлаларга эътибор қаратинг-ки, биз сизга ҳамкор бўлайлик. Ёшларимиз барча замонавий билим ва маълумотларни олаётган интернетда ўзбек тилидаги сегмент қанчалар мукаммал?.. Ўзбек тили қачон фан, илм, техника тилига айланади? Бунинг учун қайғуриш вақти эмасми?..

Наҳотки, бечора, мискин, қария ва ногиронларни сарсон қилиш билан ўзбек тилининг мавқейи юксалади?

«Миллий тикланиш» партияси фракцияси таклифи қабул қилинди ҳам дейлик. Хўш, жамиятда бу қонун қайси муаммони ҳал қилади?.. Бизнингча, у фақат зиддиятларга, муаммоларга сабаб бўлади. Таклиф муҳокамасидаёқ тараф-тараф ажралишга гувоҳ бўлиб турибмиз.

Халқ демократик партияси ўзининг тамойилларига содиқ ҳолда, аҳолимизнинг энг ёрдамга муҳтож қатлами манфаатлари ҳимояси, жамиятда тотувлик, тенглик тамойиллари, бир сўз билан айтганда, чин инсоний, исломий сифатлар учун курашаверади. Бизни «хоин», деганлар ана шу сифатларга хиёнат қилаётганларини ўйлаб кўрсалар бўлар эди.

Биз ҳеч кимни ҳақорат қилмаймиз, бунга бизнинг тарбиямиз йўл қўймайди.

Оллоҳ кўргувчи, билгувчидир, ўзи ҳеч қачон ҳақни ноҳақ қилмайди», дейди депутат.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?