Гулистондаги портлаш юзасидан 3 киши қамоққа олинди

10:34 05 Декабрь 2025 Жамият
205 0

Видеодан кадр

Гулистон шаҳридаги ошхонада содир бўлган портлаш юзасидан 3 киши қамоққа олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Жорий йилнинг 2 декабрь куни соат 10:50 ларда Гулистон шаҳри Тараққиёт маҳалласи ҳудудида жойлашган «Bek Family Cafe» МЧЖга қарашли умумий овқатланиш шохобчаси ошхонасида мавжуд бўлган ўчоққа ёнғин хавфсизлиги қоидаларига зид равишда уланган 50 литр ҳажмдаги суюлтирилган пропан газ баллонидан сизиб чиққан углеводород гази ва ҳаво аралашмасининг чақнаши оқибатида портлаш юзага келган.

Оқибатда, жами 29 нафар фуқаролар турли даражадаги куйиш жароҳатлари билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Сирдарё вилояти филиалига ётқизилган. Олган тан жароҳатлари натижасида 3 нафар фуқаро вафот этган.

Беморлардан 5 нафарининг аҳволи қониқарли бўлгани сабабли тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйларига жавоб берилган, қолган беморларга малакали тиббий хизмат кўрсатилмоқда.

ИИВ матбуот хизматининг маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 192¹¹-моддаси 1-қисми, 257-моддаси 2-қисми «а,б» бандлари ва 259-моддаси 2-қисми «а,б» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, «Bek Family Cafe» МЧЖ мансабдор шахсларининг 3 нафари процессуал тартибда қамоққа олинган.

Ҳозирда Ички ишлар вазирининг ўринбосари – ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти бошлиғи Рамазон Ашропов бошчилигида ҳамкор идораларнинг мутахассисларидан ташкил топган тергов гуруҳи томонидан барча зарурий тергов ҳаракатлари амалга оширилмоқда.

«Тергов жараёни назоратга олинган бўлиб, якунига кўра қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади ҳамда жамоатчиликка ахборот берилади», дейилади ИИВ хабарида.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?