Гулистондаги портлашда 3 киши ҳалок бўлгани тасдиқланди

13:09 03 Декабрь 2025 Жамият
70 0

Видеодан кадр

Жорий йилнинг 2 декабрь куни Гулистон шаҳри «Тараққиёт» МФЙ ҳудудида жойлашган овқатланиш шохобчасида газбаллон портлаши оқибатида ёнғин юз бергани ҳақида хабар берилган эди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур ҳодиса оқибатида неча киши ҳалок бўлгани ва жабрланганлар сонини очиқлади.

Маълум қилинишича, вазият ҳақида тез тиббий ёрдам «Call-маркази»га соат 11:13 да хабар келиб тушган. Тез тиббий ёрдам бригадаси зудлик билан соат 11:25 да воқеа жойига етиб бориб, жабрланганларга биринчи тиббий ёрдамни кўрсатган.

Ҳодиса оқибатида 29 нафар фуқаро турли даражадаги куйиш ва тан жароҳатлари олган. Шундан 26 нафари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Сирдарё вилояти филиалига ётқизилган, 3 нафарининг аҳволи қониқарли бўлгани боис амбулатор ёрдам кўрсатилиб, уйига жавоб берилган.

«Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори Даврон Тўлаганов бошчилигидаги комбустиолог, реаниматолог, нейрохирург, қўшма жарроҳлар хирурги, травматолог ва микрохирурглардан иборат малакали мутахассислар шу куннинг ўзида воқеа жойига етиб бориб, беморларга тиббий хизмат кўрсатмоқда», дейилади вазирлик баёнотида.

Унда қайд этилишича, ўта оғир қабул қилинган беморлардан 3 нафари вафот этган. Ҳозирги пайтда шифохонага ётқизилган 1 нафар беморнинг аҳволи ўта оғир бўлиб, у сунъий нафас олиш аппаратида. Реанимациядаги мавжуд беморларнинг 5 нафари стабил оғир, нафаси мустақил, ҳушида.

Шунингдек, қабул қилинган беморлардан икки нафари ҳомиладорлиги сабабли айни пайтда Республика ихтисослаштирилган она ва бола илмий-амалий тиббиёт марказининг Сирдарё вилояти филиалига кўчирилган. Уларнинг аҳволи қониқарли. Қолган 15 нафар беморнинг ҳам аҳволи қониқарли бўлиб, улар тегишли бўлимларда муолажа олмоқда.

«Шифохонада беморлар учун зарур бўлган барча дори-дармонлар мавжуд. Уларга тегишли стандартлар асосида малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳар бир бемор саломатлигини ўз назоратига олган», дейилади ССВ хабарида.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер