“Грижа” ҳар доим ҳам жарроҳлик амалиётини талаб қилмаслиги мумкин
Маълумки, ҳамюртларимиз орасида оёқ ва бел оғриғидан азият чекувчилар сони талайгина. Текширувлар давомида уларнинг баъзиларига умуртқалараро диск чурраси, халқ тилида айтганда “грижа” ташхиси қўйилади. Илгари бу хасталик кўпроқ катта ёшли одамларда кузатилган бўлса, эндиликда эса 20 – 25 ёшли йигит-қизларда ҳам учрамоқда.
Келинг, сўзимиз аввалида ушбу хасталик ўзи нима экани ҳақида тўхталсак. Умуртқа диск чурраси умуртқалар орасидаги юмшоқ ва эластик дискларнинг ташқи фиброз қавати ёрилиши натижасида ичидаги юмшоқ ядронинг орқа ёки ён томонга оқиб чиқиш ҳолати ҳисобланади. Ушбу касаллик натижасида умуртқа соҳасида кучли оғриқ, ҳаракат чекланиши, мушакларда заифлик, баъзида оёқ ё қўлларда сезгирликнинг пасайиши ҳамда увишиш каби аломатларга сабаб бўлади. Бунда энг асосий симптом — бел оғриғидир. Дард ҳаракат ёки бирор оғир юкни кўтариш натижасида баттар кучаяди. Ҳатто тинч ҳолатда ҳам оғриқ пасаймаслиги мумкин. Бундай пайтда танада кислород ва озуқалар етишмаслиги туфайли қўл-оёқлар музлайди, уюшади, бемор ҳолсизланади. Бош айланиши, ичак ва бовул қилишда бузилишлар, қон босими ўзгариши, қорин бўшлиғидаги ноқулайлик ҳам шу хасталикка хос аломатлардир.
Касаллик хуруж қилганида кўнгил айниши, қайт қилиш, қоринда тўлғоқсимон оғриқ кузатилиши мумкин. Бундай вазиятда бемор оғриқ қолдирувчи дориларни қабул қилиши мутлақо мумкин эмас. Боиси ўзбошимчалик билан даволаниш кейинчалик салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Минг афсуски, ҳозирни кунда кўпчилик беморлар яқинларининг маслаҳатига ишониб, умуртқа поғонасини босиш, уқалаш ва шунга ўхшаш амалиётлар орқали даволанишга ҳаракат қилади. Бу эса шикастланган умуртқани янада зўриқтириб, касалликнинг кучайишига сабаб бўлади. Ваҳоланки, замонавий тиббиётда хасталик муолажасида лазерли ва эндоскопик усуллардан кенг фойдаланилмоқда. Бироқ чурра инсон танасидаги ўсимта ҳисоблангани, қолаверса, вақтида чора кўрилмаса, салбий оқибатларга олиб келиши туфайли уни режали жарроҳлик йўли билан даволаш энг самарали йўлдир.
Энг асосийси, умуртқа чуррасини дори-дармонларсиз ҳам тузатса бўлади. Дейлик, бунинг учун тиббиётда кенг қўлланилаётган сув муолажаларини олиш лозим. Лекин бундай амалиётларни шифокор тавсиясисиз олиш нотўғри бўлади.
Унутмаслик лозимки, дардга даво топишда чурранинг юзага келиш муддати жуда муҳимдир. Уч ойгача бўлгани енгил, уч ойдан олти ойгача бўлгани эса сурункали ҳисобланади. Шунингдек, агар у 9 миллиметрдан кичик бўлса жарроҳлик амалиётисиз ҳам даволаш мумкин.
Умуман олганда, умуртқа диск чуррасининг олдини олиш учун мунтазам жисмоний фаоллик, тўғри ўтириш, оғир юк кўтаришда эҳтиёткорлик ва соғлом турмуш тарзига риоя қилиш ниҳоятда муҳимдир. Даволаш жараёни асосан дори-дармонлар, физиотерапия муолажалари, махсус машқлар ва оғриқни камайтирувчи усулларни ўз ичига олади.
Умуртқа диск чуррасининг профилактикаси ва жарроҳлик амалиётисиз даволаш учун қуйида тавсияларга амал қилиш ўринлидир:
– Қад-қоматни тўғри тутиш. Умуртқани ҳимоя қилиш учун тик ва тўғри ўтиришга ҳаракат қилиш даркор. Узоқ вақт эгилиб ишлаш ёки нотўғри ўтириш диск чуррасига сабаб бўлади.
– Мунтазам жисмоний машқлар бажариш. Мускулларни мустаҳкамловчи енгил спорт турлари, масалан, сузиш, пиёда юриш ёки махсус машқлар умуртқани мустаҳкамлайди ҳамда дисклар соғлом бўлишига ёрдам беради.
– Оғир юк кўтаришда эҳтиёт чораларини кўриш. Оғир юк кўтарганда орқани эмас, балки оёқ мушакларини ишлатиш жоиз. Орқани эгиб, бир томондан оғир юк кўтариш умуртқага катта зарар етказади.
– Ортиқча вазндан сақланиш. Ортиқча вазн умуртқа дискларига ортиқча босим беради, шунинг учун вазнни назорат қилиш ва тўғри овқатланиш муҳимдир.
– Вақти-вақти билан дам олиш ва чўзилиш машқларини бажариш. Узоқ вақт ўтириб ишлаганда ҳар соатда қисқа танаффуслар қилиб, орқани чўзиш ва енгил ҳаракатлар қилиш мақсадга мувофиқдир.
– Стрессни камайтириш. Стресс ҳам мушаклар зўриқишига олиб келиши, оғриқ кучайишига сабаб бўлиши мумкин. Шу боис уни бошқариш жуда муҳимдир.
– Шикастланиш ва жароҳатлардан сақланиш. Спорт ёки кундалик ҳаётда эҳтиёткорликни ошириш, умуртқаларни шикастламаслик учун имкони борича тўғри ҳаракатланиш даркор.
Хулоса қилиб айтганда, ушбу тавсияларга риоя қилиш орқали диск чуррасининг ривожланиши олди олинади ёхуд енгил шаклда қолади. Шу тариқа жарроҳлик амалиётига эҳтиёж анча камаяди.
Эътибор НУРИДДИНОВА,
Ички ишлар вазирлиги марказий госпитали шифокори.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Башакшеҳир” Туркиянинг гранд клуби билан дуранг ўйнади
- Саккизта гол урилган ўйинда “Барселона” ғалаба қозонди
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- Германияда ўқувчилар ҳарбий чақирувга қарши намойишга чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг