“Grand Swiss 2025” халқаро турнири ғолиблари тақдирланди

16:30 16 Сентябр 2025 Жамият
63 0

Самарқандда шахмат бўйича умумий мукофот жамғармаси 855 минг АҚШ доллари бўлган нуфузли мусобақа якунига етди. Мазкур турнирда 39 та мамлакатдан жаҳон рейтингида юқори кўрсаткичга эга бўлган 172 нафар гроссмейстер иштирок этди.

Тантанали ёпилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев, Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) президенти Аркадий Дворкович ҳамда Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев сўзга чиқиб, мусобақа дунёнинг энг яхши шахматчилари учун муҳим майдонга айланиб, салмоқли совринларни қўлга киритиш ва 2026 йилги даъвогарлар турнирига йўлланма олиш имкониятини берганини эътироф этган ҳолда барча ғолиб ва совриндорларни табриклади.

Шундан сўнг турнир ғолиблари ва барча совриндорлар тақдирланди.

Дунё рейтингининг ТОП-100 талигига кирган кучли шахматчилар орасидан тўрт нафар талабгор — эркаклардан нидерландиялик Аниш Гири ва германиялик Маттҳиас Блуебаум, аёллар орасида эса ҳиндистонлик Рамешбабу Ваишали ва ФИДЕ байроғи остида иштирок этган Катерйна Лагно юқори ўринларни эгаллади ва жаҳон шахмат тожига бўладиган “Талабгорлар турнири”га саралаб олинди.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ

«Халқ сўзи».                                                                                                            

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?