Ғофуржон Мирзаев Сирдарё вилояти ҳокими лавозимига қайта тасдиқланди

16:48 13 Январь 2020 Сиёсат
10782 0

Бугун, 13 январь куни олтинчи чақириқ Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг биринчи сессияси бўлиб ўтди.

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Президентининг вакили, Президент Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Қаҳрамон Қуронбоев иштирок этди.

Сессияда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 98 – моддаси, шунингдек, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонуннинг 2 – моддасига биноан вилоят ҳокимлигига номзод мамлакат Президенти томонидан халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳларининг ҳар бири билан маслаҳатлашувлар ўтказилганидан сўнг ушбу Кенгашга тасдиқлаш учун тақдим этилади.

Сессия ишида иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Президенти вакили Қ. Қуронбоев депутатларга давлатимиз раҳбари томонидан вилоят ҳокимлигига Ғафуржон Мирзаев номзоди тавсия этилганини, номзод бўйича партия гуруҳлари ҳар бири билан маслаҳатлашувлар ўтказилганини маълум қилди.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашига киритилган тақдимномага мувофиқ, депутатлар Гафуржон Ғаниевич Мирзаев бир овоздан вилоят ҳокимлигига тасдиқладилар.

Сессияда “Сирдарё вилоятини 2020 йил ижтимоий- иқтисодий ривожлантириш параметрлари ва йўл харитасини тасдиқлаш тўғрисида”ги  масала ҳам кўриб чиқилди. Бу хусусда вилоят ҳокимининг тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий масалалар бўйича биринчи ўринбосари Анвар Каримовнинг ахбороти эшитилди.

Вилоятда 2020 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмини 12195,5 миллиард сўмга етказиш кўзда тутилганлиги барча туман ва шаҳарларда белгиланган лойиҳаларни тўлиқ амалга ошириш, вилоят экспорт салоҳиятини 195 миллион долларга етказишни тақозо этади. Бу улуғвор вазифалар шубҳасиз ҳар бир ҳоким, ҳар бир раҳбар, ҳар бир депутатни катта фидойилик, жасорат кўрсатишга ундайди.

Депутатлар Сирдарё вилоятини 2020 йил ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш параметрлари ва йўл харитаси қарор лойиҳасини тасдиқладилар.

Аҳмадали Шерназаров, “Халқ сўзи“

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер