Глобал иқлим ўзгариши олдини олиш учун қандай чоралар кўриш керак?

Иқлим ўзгариши — XXI асрнинг асосий муаммоларидан бири. Инсониятнинг тараққиётга эришиш йўлида табиатга нисбатан хўжасизларча муносабатда бўлиши атроф-муҳитдаги мувозанатнинг издан чиқишига сабаб бўлмоқда. Иқлим исиши натижасида қор қоплами қисқармоқда, буғланиш кучаймоқда. Қурғоқчиликнинг тез-тез такрорланиши ва жадаллигининг кучайиши қишлоқ хўжалик ишлаб чиқариши барқарорлигини бузиши ва озиқ-овқат хавфсизлигига зарар етказиши мумкин.
Бугун жаҳон ҳамжамияти иқлим ўзгаришини инсоният олдида турган энг жиддий муаммолардан бири деб тан олмоқда. БМТ Иқлим ўзгариши тўғрисидаги доиравий конвенцияси уни ҳал этишнинг иккита асосий йўналиши белгилади: атмосферага иссиқхона газлари чиқарилишини камайтириш ҳамда кузатилаётган ва кутилаётган иқлим ўзгаришларига мослашиш. Ўз вақтида чоралар қабул қилмаслик ва атмосферада иссиқхона газлари миқдорини бундан кейин ҳам кўпайиши ҳолатида мамлакатлар иқлим ўзгариши борасидаги ҳаракатлар учун катта маблағларни мобилизация қилишларига тўғри келади.
Иқлим ўзгариши билан боғлиқ ўсиб бораётган глобал таҳдидларга комплекс жавоб қайтариш мақсадида 2015 йил 12 декабрда Париж Битими қабул қилинган. Ушбу ҳужжат 2016 йил 4 ноябрда кучга кирган. Битимнинг мақсади БМТ Иқлим ўзгаришлари бўйича доиравий Конвенцияни амалга оширилишини фаоллаштириш, глобал ўртача ҳароратнинг индустриаллаштиришгача (1750 й.) бўлган даражага нисбатан 2 С га сақлаб туриш ҳамда ҳароратнинг Цельсий бўйича 1,5 даражагача ўсишини чеклашга ҳаракат қилишдан иборат. Бу 2050 йилга келиб иссиқхона газлари глобал ажратмаларини 40-70 фоизга камайтиришни ва 2100 йилга келиб унинг 0 ёки манфий кўрсаткичга етказишни талаб этади.
Таъкидлаш жоиз, 2017 йил 19 апрель куни БМТнинг Нью-Йоркдаги Бош қароргоҳида Ўзбекистон Париж Битимини имзолади. Мазкур битим 2018 йил 3 октябрь куни ратификация қилинди. 2030 йилгача узоқ муддатли истиқболда Ўзбекистон Республикаси иқлим ўзгаришига қарши кураш чора ва ҳаракатларни кучайтиришни – 2030 йилга келиб иссиқхона газлари солиштирма ташланмаларини 2010 йилдаги даражага нисбатан (ялпи ички маҳсулотга) ялпи ички маҳсулот бирлигига 10 фоизга қисқартиришни мўлжалламоқда.
Келгуси 20-30 йил ичида иқлим ўзгариши инсониятга бешта асосий хавотирни алоҳида урғулайди.
Булар сирасига Арктика денгизидаги музликлар ва маржон рифлари каби уникал тизимларга бўлган таҳдидлар киради. Ҳароратнинг 2 градусга кўтарилиши билан таҳдид «ўта юқори» бўлиши мумкин. Денгизлар ва дарёларга бўлган таъсири. Унга кўра, уммон суви таркибидаги кислота ошади ва ундаги маржон ва жонзотларга хавф солади.
Ҳарорат ошиши билан қуруқликдаги ҳайвонлар, ўсимликлар ва бошқа жонзотлар баландликлар ва қутблар сари ҳаракат қила бошлайдилар. Инсонларга таъсир ҳақида гап кетар экан, озиқ-овқат тақчиллиги энг катта хавотир уйғотади. Маккажўхори, гуруч ва буғдой 2050 йилга бориб 25 фоизга камайиши башорат қилинади.
2050 йилга бориб аҳоли сони 9 миллиардга етиши ва шаҳарлар кенгайиб бориши кутилар экан, озиқ-овқат етишмовчилиги янада ёмонлашади. Тропик ҳудудлар ва Антарктиканинг баъзи қисмларида балиқчилар ўлжаси 50 фоизга камайиши мумкин.
Иқлим ўзгариши муаммоси натижасида содир бўлиши мумкин бўлган оқибатлар қаторида қуйидагиларни кўрсатиш мумкин:
— cув ресурслари тақчиллигининг кучайиши;
— ўртача ҳароратнинг ошиши;
— ёғингарчиликларнинг нотекис тақсимланиши – ёғингарчиликларсиз қурғоқчилик узоқ давом этиши ва бир мартада кўп миқдорда ёғингарчиликлар бўлиши;
— қишлоқ хўжалигида етиштириш учун мақбул экинлар таркиби бутунлай ўзгариши;
— ҳарорат режими кучайиши натижасида аҳоли саломатлиги билан боғлиқ муаммолар кўпайиши;
— ўсимликлар ва ҳайвонларнинг аксарият турлари яшайдиган ареаллар қайта тақсимланиши, экологик жараёнлар, бериладиган маҳсулотлар ва бажариладиган функциялар тубдан ўзгариши;
— саҳролашиш жараёнларининг кучайиши, яшаш ва хўжалик юритиш мумкин бўлган ерлар камайиши;
— иқтисодиёт секторлари таъсирининг тўлиқ қайта тақсимланиши ва бошқалар.
Жорий йил февраль ойининг иккинчи ўн кунлигидаги ҳаво ҳарорати +27-+30 С гача кескин ошиб кетиши ва март ойида ҳаво ҳарорати -10 С гача кескин совуб кетиши ҳолатлари кузатилиши ҳам юртимизда глобал иқлим ўзгариши ўз таъсирини кўрсатаётганидан далолатдир. Иқлим ўзгаришларининг олдини олиш ва унга мослашиш учун қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш талаб этилади:
— Аввало, экологик маданият оиладан бошланиши лозим;
— Ишлаб чиқариш корхоналарида экологик тоза технологияларни жорий этиш орқали атмосферага ташланаётган иссиқхона газлари миқдорини камайтириш зарур;
— Экологик тоза транспорт воситаларини кўпайтириш, шу жумладан кенг жамоатчилик учун қулай бўлган велойўлакчалар ташкил этиш керак;
— Кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш. Кўп йиллик дарахтларнинг экилиши ҳудуддаги микроиқлимни юмшатишга сабаб бўлади. Шунингдек, шаҳар ҳудудлари ва автомобиль йўллари четида яшил ҳудудларни кенгайтириш даркор;
— Сув ресурсларидан оқилона фойдаланишда тежамкор технологиялардан унумли фойдаланиш лозим;
— Яшил иқтисодиётни ривожлантириш, яъни чиқиндисиз технологиялар. энергиятежамкор, ресурстежамкор технологиялардан фойдаланишни жорий этиш ёки бошқачароқ қилиб айтганда мамлакатда яшил иқтисодиётни жорий этиш зарур.
Қайта тикланувчи қуёш ва шамол энергия манбаларидан фойдаланиш. орқали иқлим ўзгаришлари оқибатларини маълум бир даражада камайтириш мумкин.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда атроф муҳитни муҳофаза қилиш, аҳоли саломатлигини сақлаш, экологик хавфсизликни таъминлаш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Президентимиз томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида жаҳон ҳамжамиятини, шу жумладан минтақа мамлакатларини экологик масалаларда, жумладан Орол денгизнинг қуриши билан боғлиқ оқибатларни бартараф этишда халқаро миқёсдаги саъй-ҳаракатларни фаол бирлаштириш зарурлигини таъкидлаб ўтди. Бугунги кунда мазкур масалаларда амалий ишларни барчамиз гувоҳи бўлиб турибмиз. Биргина мисол сифатида БМТ шафелиги остида Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшерикли Траст фондининг ташкил этилиши ёки мустақилликнинг 27 йили давомида Оролнинг қуриган тубида 400 минг гектарда ўрмонзор ташкил этилган бўлса, сўнгги икки йилда қарийб 1200 минг гектарга саксовул ва чўл ўсимликлари уруғлари сепилганлиги ва кўчатлари экилганлигини келтириш мумкин. Олиб борилган ислоҳотларни жаҳон ҳамжамияти қўллаб-қувватламоқда.
Давлатимиз раҳбарининг «2019-2030 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасининг «яшил» иқтисодиётга ўтиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик ҳолатни яхшилашга эътиборни кучайтириш масалалари белгиланганлиги иқлим ўзгаришларининг олдини олиш ва унга мослашиш учун хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, глобал иқлим ўзгариши оқибатида юзага келадиган экологик муаммоларни барча давлатлар ва инсоният бирлашсагина натижага эришади. Шуни унутмаслигимиз лозим, биз келажак авлод учун мусаффо осмон, гўзал табиат ва унинг бебаҳо неъматларини бекаму кўст етказиш бурчимиздир.
Равшанбек БEГМАТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Кадастр паспортларини бериш муддатлари ўзгартирилди
- Президент Маккада бўлиб турган муфтий шайх Нуриддин Холиқназар билан телефонлашди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- «Ғалаба боғи»да мудофаа инновацион технологиялари фестивали ўтказилди—Фоторепортаж
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг